“Тошкент йўлбарси” нега оёқларидан айрилган эди? Боксчи Руфат Рисқиев — яқинлари ва замондошлари хотирасида
Газета марҳум, афсонавий боксчи Руфат Рисқиевнинг ўғли Қудратхўжа Рисқиев ва ҳамкасблари — Муҳаммадқодир Абдуллаев, Валижон Шамшиевдан ўз хотиралари билан бўлишишни сўради. Уларга кўра, боксчи китобхон ва ҳазилкаш инсон бўлган. ъҲукумат дадамни унутган пайтларда ҳам халқ унутмадиъ, — дейди фарзанди.

“Тошкент йўлбарси” нега оёқларидан айрилган эди? Боксчи Руфат Рисқиев — яқинлари ва замондошлари хотирасида
15-август куни ўзбек боксининг машҳур вакилларидан бири, 1974-йилги жаҳон чемпиони Руфат Рисқиев 76 ёшида ҳаётдан кўз юмди. “Тошкент йўлбарси” номи билан танилган спортчи 1976-йилда Монреалда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида кумуш медални қўлга киритган. У, шунингдек, Австрия, Болгария, Венгрия, Полша, Чехословакия ва Югославияда ўтказилган халқаро турнирларда ғолиб чиққан, Кубадаги очиқ чемпионатда эса 1973 ва 1974-йилларда икки карра чемпион бўлган. Рисқиев спорт фаолияти давомида 189 та жанг ўтказиб, уларнинг 174 тасида ғалаба қозонган.
Газета мухбири Миролим Исажонов марҳумнинг яқинларидан у ҳақдаги хотираларини сўради.
**Қудратхўжа Рисқиев, Руфат Рисқиевнинг ўғли**
Оилада уч фарзанднинг тўнғичиман: укам ва синглим бор. Ақлимни таниган пайтларимданоқ дадамни “жаҳон чемпиони” деб аташларини эшитиб улғайганман. Ўшанда беш-олти ёшларда бўлсам керак. Лекин болаликда чемпион деган мақомнинг қадрини тўлиқ англамайсан экан. Вояга етганимдан кейин эса бунга эришиш учун қанча меҳнат, машаққат ва ирода кераклигини тушундим. Айниқса, спорт ичида юрган одам буни бошқача ҳис қилади.
Уйимизда дадамнинг Олимпиадада қўлга киритган кумуш медали, жаҳон чемпионатидаги олтин медали ва кубоклари турарди. Кубадаги мусобақадан олиб келган катта тилла қўлқоплари ҳам бор эди. Унга кўплаб боксчилар имзо қўйишган. Болалигимизда медалларни бўйнимизга осиб, кубокларни олиб ўйнардик. Кейин дадам бу мукофотларни кенг жамоатчилик ҳам кўриши керак, деган фикр билан уларни Олимпия қўмитаси музейига топширган.
Дадам билан кўчага чиқсам, одамлар уни таниб, суҳбатлашишга интиларди. “Руфат ака, нима хизмат?”, деб ҳурмат кўрсатишар, кимдир маслаҳат сўрар, бошқалар эса шунчаки суҳбатлашишни истарди. Бундай манзараларни кўриб, фарзанд сифатида фахрланардим. Отангнинг одамлар орасида ҳурмати борлигини ҳис қилишнинг ўзи бошқача туйғу.
Дадам бизга доим ҳалолликни уқтирарди. “Ҳеч қачон ёлғон гапирмагин, ҳалол ва тўғри бўлгин”, дерди. У киши қаттиққўл, фарзандларига қўл кўтарадиган ота эмасди. Бирор нотўғри иш қилсак, тушунтириб, “Қудрат, болам, бунақа эмас-да”, деб қўярди. Жаҳллари қаттиқ чиққан пайтда эса столга уриб, “Бошқа қайтарилмасин”, дерди. Шунинг ўзи бизга етарли эди.
Отамнинг яна бир хусусияти — китобга меҳри баландлиги эди. Ўзининг айтишича, болалигида уйдаги китобларни ўқиш учун ака-опалари билан талашаркан. Янги китоб келса, аввал катта фарзанд ўқиб, кейин навбатдагисига берар, дадам эса улардан кейин мутолаа қиларкан. Шу тариқа жуда кўп асарларни ўқиган. Мен дадамчалик китоб ўқимаганман, деб бемалол айта оламан. Асосан рус тилидаги китоблар, жаҳон адабиёти намуналари ва журналларни мутолаа қиларди. Кўзлари хиралашганидан кейин ҳам кроссворд ечишни яхши кўрарди. Олдиларига келадиган одамлардан янги кроссворд олиб келишни сўрарди. Бошқалар писта чақиб ўтирса, дадам кроссворд ечарди.
У киши кўпроқ ижобий кайфиятда юришни ёқтирарди. Телевизорда яхши воқеалар, комедиялар ва кўнгилочар кўрсатувларни кўришни маъқулларди. Уруш, қотиллик ва бошқа салбий воқеаларга бағишланган кўрсатувларни хуш кўрмасди. Сиёсий мавзулардаги дастурлар ҳақида ҳам “Қўй, бошқа нарсани кўрайлик, яхши нарсалардан гаплашайлик”, дерди. Ҳаётдаги оғирликлардан кўра, яхши гаплар ва хурсандчиликка кўпроқ эътибор беришга ҳаракат қиларди.
Дадам дунёнинг кўплаб давлатларида бўлган. Шунга қарамай, баъзан харитага қараб, ҳали бормаган жойлари борлигини айтарди. Аммо умри давомидаги энг катта армонларидан бири Олимпиада чемпиони бўлолмагани эди.
Бу ҳақда гапирганида, собиқ Совет Иттифоқи даврида ўзбек спортчиси сифатида Олимпиадага бориш учун курашишга тўғри келганини айтарди. Ўзбек бўлгани сабабли номзодини қўллаб-қувватлашмаган. Бу фикрларни хафа бўлиб гапирган пайтлари кўп бўлган. Дадам ўз вазн тоифасидаги рақибларидан бирини дастлаб очколар бўйича мағлуб этган. Бироқ мусобақага ким бориши масаласида уларнинг номзоди маъқулланмаган. Тренерлар ва ўзбек спорт раҳбарлари аралашганидан кейин такрорий синов жанги ўтказишга келишилган.
Ўшанда дадамга рақибини фақат нокаут ёки нокдаун орқали юцагина, жаҳон чемпионатига йўл олишини айтишган. Отам қайта ўтказилган жангда рақибини енган. Шундан сўнг жаҳон чемпионатига олиб кетишга мажбур бўлишган. Аммо кейин ҳам ноҳақликларга дуч келган.
Отамнинг эслашича, мусобақада унга ўзининг эмас, аввалги рақибининг тренери секундант қилиб бириктирилган. Рингдаги жанг вақтида берилган маслаҳатлар ҳам тўғри бўлмаган. Секундантнинг нотўғри кўрсатмалари ҳам жанг натижасига таъсир қилган. Кейинчалик бу ҳолатда адолацизлик бўлганини англаганини айтарди. Шунинг учун Олимпиада чемпиони бўлолмагани ҳақида гапирганда, буни армон сифатида эсларди.
Дадамнинг энг муҳим фазилатларидан бири қўли очиқлиги эди. Кимдир дардини айтиб, ёрдам сўраса, унинг муаммосини ўзиникидек қабул қиларди. Имконияти бўлса, пул ёки бошқа йўл билан кўмаклашишга ҳаракат қиларди. “Йўқ” деб айтиш улар учун қийин эди.
**Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов билан.**
Буни болалигимда ҳам кўрганман. Бир куни дадам уйдан яхши палто кийиб чиқиб кетди. Қайтиб келганида эса палтоси йўқ эди. Ойим қаерда қолдирганини сўраганида, дадам бир жойда ўтирганида совуқда юпун юрган одамни кўргани ва палтосини унга берганини айтди. У одамга ёрдамсиз қараб туролмаган. Бу мен билган мисоллардан бири, холос. Кимдир пулга муҳтож бўлиб мурожаат қилса, дадам имконияти доирасида ёрдам берарди. Афсуски, баъзи таниш-билишлари шу очиқкўнгиллигидан фойдаланиб, ишончини суиистеъмол қилган ҳолатлар ҳам бўлган. Бундай воқеалар дадамни қаттиқ ранжитарди.
90-йиллардан кейин дадамнинг ҳаётида ҳам қийинчиликлар кузатилди. Спортдан узоқлашиб, ўзи билан ўзи қолган пайтлари кўп эди. Бу ҳолат уларга руҳий жиҳатдан ҳам оғир таъсир қилган. Ўша даврларда чекишни кўпайтирганини эслайман. 2011-йилда оёқларидаги қон томирлари билан боғлиқ муаммо сабаб операция бўлди. Шифокорлар кейин бу ҳолат яна такрорланса, оёқни кесишга тўғри келиши мумкинлигидан огоҳлантиришди. Шундан кейин дадам чекишни бирданига ташлади.
Бироқ вақт ўтиши билан оёқларидаги муаммолар яна кучайди. 2016-йил сентабрида текширувдан кейин қон томирларида жиддий муаммо борлиги аниқланди. Шифокорлар қон айланиши тикланмаса, тўқималар нобуд бўлиши ва бу бутун организм учун хавф туғдириши мумкинлигини тушунтиришди. Оёқни сақлаб қолиш имконияти камайгани учун дадам уни кесишга рози бўлди. Шу йили ўнг оёғи кесилди.
Кейин протез қўйиш масаласи кўтарилди. Аммо дадамнинг вазни 100 килодан ортиқ бўлгани учун протезга мослашиш жараёнида кесилган томонга тушадиган юк ва оғриқ қийинчилик туғдирди. Шу сабабли бу усулдан воз кечиб, асосан аравачада ҳаракатлана бошлади. Иккинчи оёғида ҳам ҳаракат камайгани сари қон айланиши билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлди. 2022-йилда уни ҳам кесишга мажбур бўлишди.
Мустақилликдан сўнг дадамнинг спортдаги хизматларига давлат томонидан етарлича эътибор берилмаган даврлар ҳам бўлди. Улар танишлари билан турли ишларни йўлга қўйишга ҳаракат қилди, аммо йирик бизнес ёки тижорат билан шуғулланмади. Кўпчилик дадамнинг обрўсидан фойдаланиб, ўз масалаларини ҳал қилишда ёрдам сўрарди. Отам эса имкониятлари борича уларга кўмаклашарди.
Шу даврларда яқин дўстлари ва спорт соҳасидаги танишлари ҳам қўллаб-қувватлаб туришди. Жумладан, Ғофур ака Раҳимов ва Салим ака Абдувалиев билан муносабатлари яхши эди. Улар дадамни ёшликларидан танишар, спортдаги фаолиятларини ҳурмат қилишарди. Қийинчиликларга дуч келган пайтларида ҳам ёрдам беришган.
2016-йилда дадамнинг бир оёғи кесилганида ҳам давлат томонидан катта эътибор кўрсатилганини эслай олмайман. Ғофур Раҳимов операция жараёнида шифокорлар билан боғланиб, қандай ёрдам кераклигини сўраган. 2018−2019-йиллардан кейин дадамга нисбатан эътибор бироз кучайди. Ҳовлидаги уйни таъмирлаш ва бошқа масалаларда ёрдам кўрсатилди. Олимпия қўмитаси раҳбарияти ва спорт фахрийлари билан ишлайдиган Баҳодир Мақситов айрим муаммоларни ҳал қилишда кўмаклашди.
Аммо мен учун энг муҳими — ҳукумат дадамни унутган пайтларда ҳам халқ уларни унутмагани. Дадамни таниб, қадрлаган одамлар келиб, ҳолидан хабар олиб туришди. Оёқларидан айрилганидан кейин дастлаб қариндошлар, дўстлар, журналистлар ва уларни таниб-билган кўплаб инсонлар келиб, ҳол-аҳвол сўрашарди. Вақт ўтиши билан ташрифлар камайган бўлса-да, дадамни яхши кўрадиган ва ҳурмат қиладиган одамлар уларни ёддан чиқаришмади.
Умрининг сўнгги йилларида дадам кўпроқ уйда вақт ўтказди. Кроссворд ечиш, телевизор кўриш ва яқинлари билан суҳбатлашиш кундалик машғулотларига айланганди. Соғлиғида ҳам муаммолар бор эди. Айниқса, оёқлари кесилганидан кейин қон босимлари кўтарилиб турарди. Бир кўзлари ҳам хиралашиб, унга парда тушганди.
Шунга қарамай, баъзан уни ёшлик даврлари ўтган жойларга олиб боришни таклиф қилардим. Дадам бокс билан шуғулланган жойлари ва болалик хотиралари билан боғлиқ кўчаларни кўришни истарди. Навоий кўчасидан ўтаётганимизда баъзан машинани тўхтатишимни сўраб, “Мана бу ерда уйимиз бўларди, шу ерда ўйнардим”, деб эсларди. Бироз хотираларга берилиб ўтиргач, хурсанд бўлиб, йўлда давом этишни айтарди.
Укам иккимиз ҳам бокс билан шуғулланганмиз. Лекин профессионал даражагача бормадик. Дадам бу борада бизга босим ўтказмаган. “Спортни танлайман десанг, қаршимасман, қўлимдан келганча ёрдам бераман”, дерди. Бироқ онам оилада битта спортчи бўлишининг ўзи етарли, деб ҳисобларди. Дадам “Природа на детях отдыхает”, деган иборани кўп айтарди. Яъни, бир авлоддаги иқтидор кейинги авлодда такрорланмаслиги, балки невара ёки эваралар орасидан чемпион чиқиши мумкинлигини таъкидларди.
Спортнинг машаққатини дадамнинг ҳаётидан ҳам кўрганман. Боксда турли жароҳатлар олган, қўлларининг кўп жойи синган. Умрининг охирги йилларигача қўлларидаги оғриқ безовта қиларди. Баъзан олдига ўтирганимда, қўлларини массаж қилишимни сўрарди.
**“Она замин юлдузлари” тақдирлаш маросимида.**
Боксни асосан ўзим учун ўрганганман. Оила қуриб, рўзғор ташвишлари кўпайгач, профессионал спорт билан шуғулланишни давом эттирмадим. Бу соҳада қолишга ўзимда ҳам кучли иштиёқ бўлмаган.
Дадам бизнинг олдимизда бокс ҳақида кўп гапирмасди. Қаерга борса ҳам одамлар суҳбатни боксдан бошлашарди. Отам эса бошқа мавзуларда ҳам гаплашишни хоҳларди. Шунинг учун спортдаги фаолияти ҳақидаги кўп маълумотларни кейинчалик бошқалар билан суҳбатларидан эшитганман.
**Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи**
Руфат ака 1974-йилда жаҳон чемпиони бўлганида мен бир яшар бола эдим. Ўша вақтда кўплаб ўзбек оталари сингари менинг дадамда ҳам ўғлини боксчи қилиш орзуси бўлган. Руфат Рисқиевнинг спортдаги ўрни ҳақида кейинчалик кўп эшитдим. Вақт ўтиб, ўзим ҳам бокс билан шуғуллана бошлаганимдан сўнг у киши билан яқинроқ танишдим. 1996-йилдан муносабатларимиз шаклланиб борди.
2000-йилда профессионал боксга ўтганимдан кейин ҳам Тошкентга келиб, “Динамо” стадионидаги бокс залида машғулотлар ўтказардим. Руфат акани ҳам таклиф қилардик. У киши ёшлик даврларини эслаб, мен ва Руслан Чагаевга бокс усулларини кўрсатиб берарди. Ўша пайтда биз ёш эдик, Руфат ака эса катта тажрибага эга спортчи сифатида маслаҳатларини аямасди. Менежерим Тоймураз Ниёзов ҳам у кишини ҳурмат қиларди.
Кейинчалик жаҳон чемпиони бўлдим, Осиё ўйинлари ва Осиё чемпионатида ғалаба қозондим, Жаҳон кубогини ютдим. Энг катта орзум Олимпиада чемпиони бўлиш эди. Бу мақсадга эришиб, Ўзбекистонга биринчи Олимпия олтин медалини олиб келдим. Шу йўлда Руфат аканинг дуоларини олганман. Боксга оид йиғилишлар ва тадбирларда у киши билан учрашиб, суҳбатлашишга ҳаракат қилардик.
Андижонда яшаганим учун Руфат ака билан ҳар доим ҳам кўришиш имконим бўлмасди. Аммо ҳамкасбим Набижон Исмонов у кишидан тез-тез хабар олиб турарди. Зарур нарсаларини етказиб, ёрдамлашарди.
2023-йилда Набижон Исмонов орқали Халқаро бокс ассоциацияси (ИБА) президенти Умар Кремлёв ҳам Руфат ака ҳақида хабар топди. У кишини касалхонага олиб бориб, тиббий кўрикдан ўтказишга ёрдам беришди. Умар Кремлёв Руфат акага 10 минг доллар берди, кейин ҳар ой 1000 доллардан моддий ёрдам кўрсата бошлади. Орадан икки ҳафта ўтиб, машина совға қилинди.
Кейинчалик икки ёки уч хонали квартира ҳам тақдим этилди.
Бу ёрдамлар Руфат аканинг аҳволи ва уларга кўмак зарурлиги ҳақида Набижон Исмонов орқали маълумот етказилганидан кейин кўрсатилди. Умар Кремлёв у кишининг кимлиги ва бокс учун қилган хизматларини билгач, қўллаб-қувватлашга қарор қилди. 2024-йилда Тошкентда жаҳон чемпионати ўтказилганида ҳам Руфат акани учрашувга олиб бориб, дуоларини олишга ҳаракат қилдик.
Менимча, Руфат аканинг “Тошкент йўлбарси” деб ном олганига боксдаги натижалари ва иродаси сабаб бўлган. У киши 1974-йилда жаҳон чемпионатида ғалаба қозониб, ўзбек боксининг халқаро миқёсда танилишига катта ҳисса қўшган.
Руфат аканинг финал жангида қўли сингани ҳақида ҳам эшитганман. Айтишларича, у киши жароҳатини тренерига билдирмай, жангни давом эттирган. Агар қўли синганини айтганида, рингга чиқишига рухсат берилмаслиги мумкин эди. Шунинг учун чап қўли билан жанг қилишда давом этган ва жаҳон чемпиони бўлганидан кейингина жароҳатини маълум қилган.
Назаримда, уни “йўлбарс” деб аташларига сабаб бўлган жиҳатлардан бири ҳам шу — оғриққа қарамай, мақсадидан қайтмагани. Албатта, бу номнинг келиб чиқиши ҳақида Руфат аканинг ўзларидан сўраб кўрмаганман. Бу менинг шахсий фикрим. Аммо у кишининг спортдаги натижалари, матонати ва Ўзбекистонни дунёга танитгани бу номга муносиб эканини кўрсатади.
Кичкиналигимдан боксга қизиқиб, қўлқоп тақиб юрганим учун Руфат Рисқиевга жуда ҳавас қилардим. Совет даврида чемпион бўлганини уйдагилардан эшитганман, лекин у кишининг қаердан экани, ҳаёт йўли ҳақида кўп нарсани билмасдим. Шунга қарамай, унинг мухлиси эдим.
Кейинчалик санъат соҳасига кириб келгач, “Она замин юлдузлари” тақдирлаш маросимида биринчи марта кўришдим. Ўша пайтларда Мирзабек ака қаерда бўлса, кўпинча ёнида юрардим. Руфат ака саҳна ортида чиқишларимга яхши баҳо берарди. Спортга қизиқишимни билгани учун бу борада маслаҳатларни ҳам аямасди.
Руфат Рисқиев деганда хаёлимга биринчи бўлиб матонат сўзи келади. У киши ҳақиқатан ҳам матонатли инсон эди. Ҳатто қўли синган ҳолда ҳам қўлқоп тақиб рингга чиққани таҳсинга сазовор. Шунинг ўзиёқ у кишининг иродаси ва жасоратини кўрсатади.
Касал бўлиб қолганида ҳам Мирзабек ака иккимиз ҳолидан хабар олгани бордик. Кўнглини кўтаришга ҳаракат қилардик. Руфат аканинг ўзи ҳам жуда ҳазилкаш инсон эди. Латифа айтишда ҳам, ҳазиллашишда ҳам кўплаб қизиқчиларни ортда қолдирарди.
Уйига бир неча марта борганмиз. Бир сафар Мирзабек ака ҳазиллашиб: “Яна мени кўргани келди, деб ўйламанг, машинангизни олиб кетгани келдик”, деган. Кейин Руфат ака Мирзабек акага қараб: “Мирза, мени шу балодан қутқар, шу машинани олиб кет. Бўлмаса, сендан кейин ҳам кўпчилик мени кўргани келиб қўяди”, деб ҳазил қилганди. Шу гапларини эсласам, унинг қанчалик нозик юмор эгаси бўлгани ёдимга тушади.
Руфат ака билан суҳбатлашиш жуда қизиқ эди. Йўл-йўлакай кириб, ҳол-аҳвол сўраб, ўтиб кетамиз, деб борган пайтларимизда ҳам соатлаб қолиб кетардик. Гаплари, ҳазиллари билан одамни ўзига тортарди. У кишининг ҳар бир гапга жавоби бор эди, ҳазилни ҳам жойида қиларди. Руфат ака нафақат буюк спортчи, балки матонатли, самимий ва ўзига хос юморга эга инсон эди. Мен у кишини айнан шу фазилатлари билан эслайман.

