Спорт

“Тошкент йўлбарси”: Рингдаги зафарлардан мангуликка қадар

**"Тошкент йўлбарси": Рингдаги зафарлардан абадиятга қадар**

"Тошкент йўлбарси" номи билан танилган афсонавий боксчи, Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида шоҳсупага кўтарилган илк ўзбек спортчиси Руфат Рисқиев 15-август куни 76 ёшида вафот этди.

Ўзбекистон спорти тарихида шундай шахслар борки, уларнинг номи нафақат бир даврнинг ёрқин рамзига, балки бутун бир миллий спорт мактабининг асосига айланади. Руфат Рисқиев ана шундай афсонавий шахслардан бири эди. "Дарё" нашри ушбу афсонавий боксчининг ҳаёт йўли, Олимпия ўйинларидаги муваффақиятлари ва халқаро эътирофлари ҳақида ҳикоя қилади.

**Ҳаёт йўлининг бошланиши ва боксга кириб келиши**

Руфат Асадович Рисқиев 1949-йил 2-октабрда Тошкент вилоятининг Оққўрғон шаҳрида, шифокор оиласида туғилган. Унинг бокс оламига кириб келиши ўсмирлик йилларига тўғри келади. "Тошкент йўлбарси" 12 ёшида Тошкентда афсонавий мураббий Сидней Жексон қўл остида бокснинг илк сабоқларини ола бошлаган. 14 ёшидан бошлаб у "Буревестник" спорт жамиятида машғулотларни давом эттирди. 1966-йилдан эса тажрибали мураббий Борис Гранаткин билан бирга ишлаб, ўзининг профессионал жанговар услуби ва маҳоратини чархлади. Маҳоратли чарм қўлқоп устаси қисқа фурсат ичида мураббийлар эътиборини қозонди ва миллий ҳамда Бутуниттифоқ турнирларида юқори натижаларни кўрсата бошлади.

**Ёрқин фаолият ва халқаро эътироф**

Руфат Рисқиевнинг спортдаги йўли жасорат, машаққатли меҳнат ва юксак маҳорат билан йўғрилган. У ўзининг бетакрор услуби, чаққонлиги ва ҳал қилувчи зарбалари билан нафақат томошабинлар, балки мутахассислар эътиборини ҳам тезда қозонди. Собиқ Иттифоқ ва халқаро турнирларда кетма-кет ғалабаларга эришган боксчи қисқа фурсатда жаҳон аренаси қаҳрамонига айланди. 1973-йилда Куба очиқ чемпионатида ҳам зафар қучади. Аммо унинг спорт фаолиятидаги энг юксак чўққи 1974-йилга тўғри келади. Куба пойтахти Гавана шаҳрида ўтказилган ҳаваскор бокс бўйича биринчи Жаҳон чемпионатида Руфат Рисқиев барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медални қўлга киритди. Айнан шу турнирнинг ҳал қилувчи жангларида Руфат Рисқиев ўнг қўли синганига қарамай, матонат кўрсатиб рингга чиққан ва кучли оғриқ билан жанг охиригача курашган эди. Шу тариқа, у Жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган илк ўзбек боксчиси сифатида тарихга кирди.

**Олимпияда шоҳсупаси ва дунё эътирофи**

Ушбу тарихий ғалабадан сўнг ҳам у ўз устида ишлашдан тўхтамади. 1976-йилда Монреал (Канада) шаҳрида бўлиб ўтган ХХИ ёзги Олимпия ўйинлари финалида америкалик боксчи Майкл Спинксга қарши рингга кўтарилган. У учинчи раундда Спинкс тақиқланган зарба йўллаган. Рисқиев эса ҳакамга буни қоидабузарлик сифатида кўрсатган бўлса-да, реферилар зарбани инобатга олиб, ғалабани америкаликка беришган. Ўзбекистонлик боксчи эса кумуш медални қўлга киритган эди. Ушбу баҳсли жангдан сўнг у катта спорт билан хайрлашишга қарор қилган.

Фаолияти давомида у АҚШ, Куба, Австрия, Югославия ва Испанияда ўтган халқаро турнирларда зафар қучиб, ўзининг "Тошкент йўлбарси" деган фахрий номига ҳар жиҳатдан муносиб эканини исботлади.

**Рингдан сўнг: Ҳакамлик ва давлат мукофотлари**

Спортчилик фаолиятини якунлаганидан кейин ҳам Руфат Рисқиев чарм қўлқоп устаси спортдан узоқлашмади. 1979-йили унинг ҳаёти ва спортдаги фаолиятига бағишланган "Рингга чақирилади..." бадиий филмида бош рол — жаҳон чемпиони бўлган ўзбек йигити Руфат Қудратов образини шахсан ўзи талқин этган. 1997-йилда у ВБА (Жаҳон бокс ассоциацияси) ҳакамлар таркибига кириб, Марказий Осиёдан етишиб чиққан илк халқаро тоифадаги профессионал бокс ҳаками даражасига эришди. У кўплаб масъулиятли ва нуфузли халқаро жангларда адолатли ҳакамлик қилди. Бундан ташқари, боксчи "Динамо" спорт жамиятида йўриқчи, Тошкент политехника институти кафедра мудири, Республика олимпия ўринбосарлари билим юртида мураббий сифатида фаолият юритган.

Унинг ўзбек спортини дунёга танитиш ва ёш авлодни тарбиялашдаги хизматлари юксак баҳоланиб, бир қатор олий давлат мукофотлари — "Ҳурмат белгиси", "Буюк хизматлари учун" ҳамда "Эл-юрт ҳурмати" орденлари билан тақдирланди. У фаолияти давомида 189 марта жанг ўтказиб, 174 мартасида ғалаба қозонган.

Кетма-кет зафарлар ва шон-шуҳратга бой ҳаёт кейинчалик жиддий синовларга юз тутди. 2016-йилнинг сентябр ойи охирларида саломатлиги ёмонлашгани сабабли Тошкент шаҳридаги 16-шифохонага ётқизилди. Веналар тромбози оғирлашиши натижасида шифокорлар унинг ўнг оёғини тиззадан паст қисмини кесиб ташлаш (ампутация) бўйича жарроҳлик амалиётини ўтказишга мажбур бўлишди. У ҳаётнинг ушбу оғир ва мураккаб синовини ҳам кучли иродаси билан қарши олди.

2023-йил июл ойида Халқаро бокс ассоциацияси (ИБА) раҳбари Умар Кремлёв ўзбекистонлик боксчи Руфат Рисқиевга "Малибу-2" машинасини топширган эди. Ўшанда фахрий спортчи ИБА президентининг фахрийлар масаласида маслаҳатчиси этиб тайинланган. Бир муддат аввал унга 10 000 доллар миқдорида мукофот берилди. Учрашув давомида Руфат Рисқиев ИБА томонидан ҳар ой 1000 доллар миқдорида рағбатлантирилишига қарор қилинган эди.

**Афсонанинг боқий хотираси**

Буюк шон-шуҳрат йўлини босиб ўтган, ўзининг жасорати ва бетакрор маҳорати билан ўзбек спорти тарихига олтин ҳарфлар билан муҳрланган.

Руфат Рисқиев шунчаки чемпион эмас эди — у бутун бир авлодга халқаро майдонларда ғалаба қозониш мумкинлигини исботлаб берган ва миллий бокс мактабининг ҳақиқий пойдеворини қўйган буюк йўлбощи бўлди. Бугунги кунда Ўзбекистон бокс бўйича тенгсиз бўлса, ушбу бокс мактабнинг илк тамал тошини "Тошкент йўлбарси" қўйган эди.

У дунёни тарк этган бўлса-да, унинг матонати, ёрқин жанглари ҳамда ўзбек спорти байроғини илк бор жаҳон шоҳсупасида баланд ҳилпиратгани ҳақидаги хотиралар асрлар давомида яшайверади. Руфат Рисқиевнинг порлоқ сиймоси ўзбек халқи ва миллионлаб спорт ихлосмандлари қалбидан ҳеч қачон ўчмайди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.