Тошкент ва Нукус ўртасида тезюрар поезд йўлга қўйилади
2027 йил март ойидан бошлаб Тошкент ва Нукус ўртасида тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади. Натижада йўлдаги вақт 16 соатдан 7 соатгача қисқаради.

Тошкент ва Нукус ўртасида тезюрар поезд йўлга қўйилади
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда маълум қилди.
Йиғилишда республика туманларида аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди. Хусусан, Бўзатов туманида замонавий санаторий иш бошлади, Нукусда онкология ва радиология марказлари очилди, Қўнғиротда эса болалар шифохонаси ва туғруқ мажмуаси фаолият кўрсата бошлади.
Осиё тараққиёт банки иштирокида А-380 автомагистралининг Қўнғиротдан ўтувчи 240 км узунликдаги қисмида бетон қоплама ётқизиш ишлари тўлиқ якунланди. Лойиҳа қиймати 384 миллион долларни ташкил этди.
Куни кеча Тўрткўл, Элликқалъа ва Беруний туманларидан ўтувчи яна 92 км йўл қурилиши бошланди. Ушбу лойиҳанинг қиймати — 233 миллион доллар.
Лойиҳалар амалга оширилгач, транзит оқими 1,5 бараварга ортиши кутилмоқда. Тўрткўлдан Қозоғистон чегарасигача бўлган юкларни етказиб бериш вақти бир суткадан 10 соатгача қисқаради.
Келгуси йилнинг март ойидан бошлаб Тошкент ва Нукус ўртасида тезюрар поезд қатнай бошлайди. Йўл вақти 16 соатдан 7 соатгача қисқаради.
Бундан ташқари, «Туябўйин» сув тозалаш иншоотини реконструкция қилиш ва Қўнғиротдан Мўйноққача бўлган 100 километрлик сув қувури қурилишини бошлаш режалаштирилган.
Давлат раҳбари Қорақалпоғистонда табиий ресурслар, фойдали қазилмалар, қуёш ва шамол энергиясининг катта захиралари, шунингдек, кенг яйловлар мавжудлигини таъкидлади. Шу асосда ресурслардан фойдаланишдан тортиб тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган бутун занжирни қамраб олувчи янги саноат ва инвестиция харитаси шакллантирилади.
«Қўнғирот – Қораўзак – Тахиатош» йўналишини «яшил саноат коридори» ва «интеллектуал иқтисодиёт учбурчаги»га айлантириш режалаштирилган.
Сунъий интеллект ва маълумотлар марказлари соҳасидаги лойиҳалар учун мўлжалланган махсус ҳудудда умумий қиймати 8 миллиард долларлик олтита лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган.
Мутасаддиларга 1 октябрга қадар беш йиллик дастур ишлаб чиқиш ва инвесторларни 1 ГВт қувватли барқарор электр энергияси билан таъминлаш топширилди.
Уч йил давомида Нукус, Қўнғирот, Қораўзак ва Тахиатошда 1,5 мингта юқори даромадли иш ўрни яратиш, булутли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасидаги йиллик экспорт ҳажмини 600 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

