Маҳаллий

Президентнинг Тошкент шаҳри бўйича йиғилиши бошланди

Йиғилиш аввалида бугунги мураккаб шароитда ҳар бир туман ва маҳалланинг мавжуд имкониятларини тўлиқ ишга солиш,

Президентнинг Тошкент шаҳри бўйича йиғилиши бошланди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестиция ва бандликни ошириш, маҳаллаларда замонавий инфратузилма яратиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда.

Йиғилиш бошида бугунги мураккаб вазиятда ҳар бир туман ва маҳалланинг мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, қўшимча қиймат, инвестиция ва юқори даромадли иш ўринларини кўпайтиришга янгича ёндашиш зарурлиги таъкидланди.

Пойтахт туманларининг ҳар бири ўз салоҳиятидан келиб чиқиб, муайян йўналишларга ихтисослашиши кераклиги қайд этилди.

Хусусан, Сергели, Янгиҳаёт ва Бектемир туманларида Тошкентга кириб келаётган юкларни саралаш, қадоқлаш, тақсимлаш ва етказиб беришга ихтисослашган йирик логистика мажмуаларини барпо этиш учун катта имконият бор.

Шайхонтоҳур, Мирзо Улуғбек, Миробод, Юнусобод ва Яккасарой туманларида замонавий бизнес ва молиявий марказларни кўпайтириш орқали 2 миллиард долларлик капитал бозорини шакллантириш ҳамда 20-25 мингта юқори даромадли иш ўрни яратиш мумкинлиги таъкидланди.

Олмазор, Чилонзор ва Учтепада эса таълим, тиббиёт, савдо ва сервис йўналишларида камида 1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш, 15-20 мингта иш ўрни яратиш салоҳияти мавжуд.

Йиғилишда Тошкент шаҳрида инвесторлар билан ишлаш тизимининг самарадорлиги ҳам кўриб чиқилди.

Жорий йилда пойтахтнинг 12 та тумани бўйича 9 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган. Бироқ айрим ҳудудларда белгиланган кўрсаткичларга етишиш учун ишларни янада тезлаштириш зарурлиги қайд этилди.

Инвесторларнинг масалаларини идорама-идора юрмасдан, бевосита жойида ҳал этиш учун алоҳида иш тизими жорий қилиниши белгиланди. Республика ва шаҳар даражасидаги масъуллар ҳар ҳафта туманларга чиқиб, тадбиркор ва инвесторлар билан учрашади ҳамда уларнинг муаммоларини тезкор ҳал қилади.

Юқори даражада ечим талаб қиладиган масалалар бўйича шу куннинг ўзида асосланган таклифлар тайёрланиб, Президент Администрациясига киритилади. Ушбу тартиб йил охиригача алоҳида назоратда бўлади.

Келгуси йилда пойтахтга 10 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ҳамда 150-200 мингта юқори даромадли доимий иш ўрни яратиш бўйича аниқ режа ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.