Тошкент метросида йўловчилар сони бўйича янги рекорд қайд этилди

Тошкент метросида йўловчилар сони бўйича янги рекорд қайд этилди
Тошкент метрополитенида йўловчи ташиш бўйича 14-сентябр куни рекорд даража қайд этилди.
Ўша куни барча олий таълим муассасаларида иккинчи ва ундан юқори босқич талабалари учун янги ўқув йили бошланган эди. Шу сабабли, кутилганидек, жамоат транспортига, айниқса Тошкент метрополитени хизматларига талаб сезиларли равишда ошди. Маълумотга кўра, 14-сентябр куни давомида метрополитен хизматларидан 1 165 550 нафар йўловчи фойдаланган. Олдинги энг юқори кўрсаткич 2026-йил 8-май куни қайд этилган бўлиб, ўша куни Тошкент метрополитени хизматларидан 1 117 061 нафар йўловчи фойдаланганди.
Йўловчилар оқимининг юқорилиги “Чинор”, “Сергели”, “Чоштепа”, “Олмазор”, “Чилонзор”, “Буюк ипак йўли”, “Дўстлик” ва “Беруний” метро бекатларида кузатилган.
Мутахассислар олиб бораётган кузатув ва таҳлилларга кўра, йўловчилар оқимининг ўсиш тенденсияси келгусида ҳам давом этиши кутилмоқда. Хусусан, октябр ойида кунлик йўловчилар сони 1 200 000 нафарга етиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Тошкент метрополитени томонидан 1 200 000-йўловчини алоҳида аниқлаш ва ушбу йўловчига махсус имтиёз ёки совға тақдим этиш режалаштирилмоқда. Мазкур ташаббус йўловчилар учун ўзига хос рағбат ва рамзий воқеа сифатида ташкил этилиши кўзда тутилган.
Хабарда таъкидланишича, йўловчилар оқими тобора ортиб бораётган шароитда аҳолига янада қулай ва сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида метрополитеннинг ҳаракат таркибини босқичма-босқич янгилаш ишлари ҳам давом эттирилмоқда. Поездлар ҳаракати йўловчилар оқимининг реал ҳолатидан келиб чиққан ҳолда тезкор равишда мувофиқлаштириб борилмоқда.

