Тошкент метросида куннинг тиғиз вақтларида поездлар ҳаракати интерваллари қисқартирилади
Поездлар ҳаракати интерваллари Чилонзор йўналишида 1,5–2 дақиқагача, Ўзбекистон йўналишида 3 дақиқагача, Юнусобод йўналишида 4 дақиқагача ва ерусти ҳалқа йўли йўналишида 7–8 дақиқагача қисқартирилади.

Тошкент метрополитени янги ўқув йили бошланиши муносабати билан йўловчилар сонининг кўпайишига тайёргарлик кўрмоқда. Бу ҳақда метрополитеннинг расмий канали маълум қилди. Мақсад – йўловчиларга қулай, хавфсиз ва сифатли хизмат кўрсатиш.
Хабарга кўра, куннинг энг гавжум вақтларида барча йўналишларда поездлар ҳаракати оралиғи қисқартирилади:
* Чилонзор йўналишида 1,5–2 дақиқагача;
* Ўзбекистон йўналишида 3 дақиқагача;
* Юнусобод йўналишида 4 дақиқагача;
* Ерусти ҳалқа йўли йўналишида 7–8 дақиқагача.
Бундан ташқари, 2026-йилгача метрополитен вагон паркини 14 та янги, замонавий поезд билан тўлдириш режалаштирилган. Ҳозирга қадар уларнинг 11 таси етказиб берилган, яқин кунларда яна 3 та поезд олиб келиниши кутилмоқда.
Йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, бекатларда хавфсизликни таъминлаш ва йўловчилар оқимини самарали бошқариш мақсадида куннинг тиғиз вақтларида барча 50 та метро бекатида навбатчилик тизими жорий этилган.

