Тошкент метроси беш соатда салкам 300 мингга яқин йўловчига хизмат кўрсатди

Тошкент метроси беш соатда қарийб 300 минг йўловчига хизмат кўрсатди
14-сентябр куни соат 05:00 дан 10:00 гача Тошкент метрополитенидан 288 187 нафар йўловчи фойдаланган.
Олий таълим муассасаларида барча курслар учун янги ўқув йили бошланганидан сўнг жамоат транспорти, айниқса метро хизматларига талаб ошган.
Ушбу вақт оралиғида энг кўп йўловчи соат 08:00 дан 09:00 гача ташилган — 103 285 нафар. Соатлар бўйича йўловчилар сони қуйидагича қайд этилган:
05:00–06:00 — 5 806 нафар;
06:00–07:00 — 26 882 нафар;
07:00–08:00 — 92 470 нафар;
08:00–09:00 — 103 285 нафар;
09:00–10:00 — 59 744 нафар.
Йўловчилар оқимининг юқорилиги “Чинор”, “Сергели”, “Чоштепа”, “Олмазор”, “Чилонзор”, “Буюк ипак йўли”, “Дўстлик” ва “Беруний” метро бекатларида кузатилган.
Куннинг тиғиз пайтларида поездлар ҳаракати оралиғи қисқартирилган. Чилонзор йўналишида поездлар 1,5–2 дақиқа, Ўзбекистон йўналишида 3 дақиқа, Юнусобод йўналишида 4 дақиқа, Ер усти ҳалқа йўналишида эса 7–8 дақиқа оралиғида ҳаракатланмоқда.
Метрополитен эълон қилган видеода йўловчилар ҳам поездлар аввалгига нисбатан тез-тез келаётганини таъкидлаган.
“Олдин беш-олти дақиқа ҳам бўлиб кетарди. Ҳозир икки дақиқада келишяпти. Яхши бўлди ҳозир ўқиш пайтида. Нафақат талабаларга, балки ишлайдиган одамларга ҳам яхши бўлди, чунки вақтида ишларига ҳам, ўқишга ҳам етиб боришади”, дейди йўловчилардан бири.
Яна бир йўловчи поездлар аввал 4–5 дақиқада келганини, ҳозир эса ҳар икки дақиқада келаётганини айтган.
Бошқа бир йўловчи эса метрони “таксидан кўра тезроқ ва қулайроқ” деб баҳолаган.
Аввалроқ Тошкентда автобус ва метрода йўл ҳақини 2,5 минг сўмгача ошириш таклиф қилинаётгани ҳақида хабар берилганди.

