Тошкент метросида эрталабки тирбандликка қарши чоралар кўрилмоқда
Йўловчилар учун қулайлик яратиш мақсадида айрим йўналишларда поездлар сони кўпайтирилиб, ҳаракат интервали қисқартирилди

Тошкент метросида эрталабки тирбандликка қарши чоралар кучайтирилди
Тошкент метрополитенида эрталабки гавжум пайтларда йўловчилар учун қулайлик яратиш мақсадида айрим йўналишларда поездлар сони оширилиб, ҳаракат оралиғи қисқартирилди.
Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази пойтахтдаги транспорт оқимини, жумладан, метрополитендаги йўловчилар ҳаракатини мунтазам кузатиб бормоқда. Ўтказилган таҳлиллар асосида «Тошкент метрополитени» АЖ билан ҳамкорликда амалий чоралар амалга оширилди.
Жумладан, Чилонзор йўналишида соат 07:00 дан 08:00 гача аввал 27 та таркиб қатнаган бўлса, йўналишга яна битта қўшимча таркиб чиқарилди. Эндиликда ушбу вақт оралиғида 28 та таркиб йўловчиларга хизмат кўрсатмоқда.
Ўзбекистон йўналишида эса соат 07:00 дан 10:00 гача ҳаракатланадиган таркиблар сони 16 тадан 18 тага етказилди. Шу билан поездлар орасидаги интервал 3,5 дақиқадан 3 дақиқага туширилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон йўналишида кун давомида ҳам поездлар орасидаги ҳаракат интервали аввалги кўрсаткичларга нисбатан сезиларли даражада қисқартирилган.
Қайд этилишича, кўрилган чоралар натижасида йўловчиларнинг бекатларда кутиш вақти камайтирилиб, мавжуд транспорт имкониятларидан янада самарали фойдаланиш таъминланмоқда.

