Тошкент метроси учун 14 та беш вагонли поезд сотиб олиш режалаштирилмоқда, еттита компания кўриб чиқилмоқда
Тошкент метроси учун 14 та беш вагонли поезд (жами 70 та вагон) сотиб олиш режалаштирилмоқда. Ҳозирда фақат тўрт вагонли таркиблардан фойдаланилмоқда. Олти вагонли поездлар варианти ҳам кўриб чиқилди, бироқ платформалар узунлиги бунга имкон бермайди. Еттита халқаро ишлаб чиқарувчи ўрганилмоқда.

Тошкент метрополитени учун 14 та беш вагонли поезд, яъни 70 та вагон харид қилиш режалаштирилмоқда. Хорижий ҳукуматлар ва молия институтлари маблағларини жалб этишни назарда тутувчи лойиҳа концепцияси 8 октябрь куни халқ депутатлари шаҳар кенгаши томонидан маъқулланди. Лойиҳани амалга оширишни 2027 йил якунига қадар якунлаш кўзда тутилган.
Ҳужжатда метрополитенни шахсий транспортга муносиб муқобил сифатида ривожлантириш, йўналишларнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш, техник ва функционал жиҳатдан эскирган ҳаракатланувчи таркибни босқичма-босқич янгилаш, фойдаланиш хавфсизлиги ва ишончлилигини ошириш, йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда эксплуатация харажатларини, шу жумладан таъмирлаш ва электр энергияси харажатларини қисқартириш муҳимлиги таъкидланган.
Концепцияни тайёрлаш жараёнида олти вагонли таркибларни сотиб олиш варианти ҳам кўриб чиқилди. Бироқ метро станцияларининг узунлиги фақат беш вагонли поездлардан фойдаланиш имконини беради. Уларни қайта қуриш жуда катта молиявий харажатларни талаб қилган бўларди, дейилади ҳужжатда.
Ҳозирда пойтахт метросида фақат тўрт вагонли таркиблардан фойдаланилмоқда. 2023 йил бошида тажриба тариқасида Ўзбекистон йўналишидаги тўртта поездга биттадан вагон қўшилди, бу эса сиғимни 1000 нафардан 1300 нафар йўловчигача оширди. Бироқ поездларни янада узайтириш режалари давом эттирилмади.
Концепцияда метро поездлари ишлаб чиқарувчи еттита хорижий компания ўрганилган. Муаллифлар, шунингдек, етказиб бериш харажатлари, кредитлаш шартлари, поездларни сақлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш жойларини яратишни ўзаро солиштиришган.
Гап CRRC (Хитой), Kawasaki Rail Car (Япония), CAF (Испания), Alstom (Франция), «Глобальные Транспортные Решения» (Россия), Škoda Transportation (Чехия) ва Hyundai Rotem (Жанубий Корея) компаниялари ҳақида бормоқда. Тижорат таклифларини фақат Хитой ва Россия компаниялари тақдим этган. Германиянинг Siemens компанияси ўз ечимлари Тошкент метрополитени талабларига жавоб бермаслигини маълум қилиб, ўз хизматларини таклиф қилмаган.
Шу билан бирга, Россия ишлаб чиқарувчиси танланган тақдирда, амалдаги депо ва инфратузилмани қайта қуриш талаб этилмаслиги қайд этилган. Бироқ, кредит фоизлари туфайли лойиҳанинг якуний қиймати юқорироқ бўлиб чиқмоқда.
Концепцияда янги вагонлар эски 81−717/714 («Номерной») вагонлари билан ҳам солиштирилган. 110 кВт қувватга эга ўзгарувчан ток двигателлари ўрнига 170 кВт қувватга эга асинхрон тортувчи двигателлар кўзда тутилган.
Бош вагонларда 40 тадан, оралиқ вагонларда эса 44 тадан ўриндиқ бўлиши, тик туриб кетадиган йўловчилар жойи эса 176 тадан 330 тагача бўлиши керак.
Бугунги кунда Тошкент метрополитенининг тўртта йўналиши умумий узунлиги 70 км бўлиб, 50 та станцияга эга. Кунига ўртача 800 мингдан ортиқ йўловчи ташилади. Сентябрь ойи охирида рекорд кўрсаткич — 1,2 миллиондан ортиқ йўловчи қайд этилди.

