Тошкент ҳокимияти 35 та бозор хусусийлаштирилишидан олдин уларнинг молиявий аҳволи ва мол-мулкини текширади

Тошкент ҳокимияти 35 та бозор хусусийлаштирилишидан олдин уларнинг молиявий аҳволи ва мол-мулкини текширувдан ўтказади
Тошкентда бозорлар ва савдо мажмуаларининг молиявий аҳволи, уларнинг мол-мулки ва биноларига оид ҳужжатларини текшириш билан шуғулланадиган ишчи гўруҳи тузилади. ушбу хатлов объектларни очиқ савдоларга чиқаришга тайёрлашнинг бир қисми бўлади.
Тегишли қарорни пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов 20 октябрь куни имзолади. Ишчи гўруҳи бозорларнинг мол-мулкини текшириши, унинг эгаларини аниқлаши, ноқонуний қурилмаларни аниқлаши ҳамда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликларни ўрганиши керак.
Рўйхатга, хусусан, Ўрикзор, Паркент бозори, Янгиобод бозори, "Авиасозлар" (Қодишев) бозори, Фарҳод ва Сергели бозорлари киритилган. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 27 июлдаги Тошкентни 2026–2027 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорида назарда тутилган.
Янги қарорга кўра, Кадастр агентлигининг шаҳар бошқармаси туман ҳокимликлари билан биргаликда бозорлар ҳудудидаги бино ва иншоотларнинг ҳужжатларини текширади, мол-мулк ва унинг эгалари рўйхатини тузади ҳамда маълумотларни "Тошкент Инвест" компаниясига топширади.
Бундан ташқари, мутахассислар савдо мажмуалари ҳудудларини кўздан кечиради, ноқонуний қурилмаларни аниқлайди, ер участкалари чегараларини аниқлаштиради ҳамда муҳофаза ҳудудлари ва амалдаги чекловларни ўрганади. Зарурат туғилганда пойтахтнинг бош режасига ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар тайёрланади.
Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси бозорларнинг солиқлар, мажбурий тўловлар ва бошқа тўловлар бўйича қарздорликларини таҳлил қилади. Ҳокимлик ҳузуридаги Муниципал активларни бошқариш маркази мажмуаларнинг молиявий аҳволи ва мавжуд муаммоларини баҳолайди.
Текширув якунлари бўйича ҳокимнинг биринчи ўринбосарлари бозорлар активларидан кейинчалик фойдаланиш, шу жумладан уларни оммавий савдоларга чиқариш тўғрисидаги қарор лойиҳаларини тайёрлашлари ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритишлари керак.
Июль ойидаги қарорда, шунингдек, савдога чиқарилаётган объектлар учун бизнес-лойиҳалар ишлаб чиқилиши, бозорларни тайёр бизнес форматида сотувга тайёрлаш билан эса "Тошкент Инвест" шуғулланиши назарда тутилган. Бунда сотилган объектлар ўрнида замонавий экобозорлар, савдо-хизмат кўрсатиш ва кўнгилочар мажмуалар, шунингдек, кўп қаватли автотураргоҳлар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

