“Толибон” ёлғиз саёҳат қилган хорижлик аёлни ҳибсдан озод этди

“Толибон” ёлғиз саёҳат қилган хорижлик аёлни ҳибсдан озод этди
Афғонистонда аёл сифатида ёлғиз саёҳат қилгани учун ҳибсга олинган ҳиндистонлик контент яратувчиси “Толибон” ҳибсхонасидан озод қилинди.
Гап Инстаграмъда 1,2 миллиондан ортиқ, ЁуТубеъда эса 733 мингдан ортиқ обуначига эга Арунима ИП ҳақида бормоқда. У 14-сентябр куни ёлғиз саёҳат қилгани учун “Толибон” томонидан ушланган. Ҳиндистон фуқароси бундан тахминан икки ҳафта олдин Афғонистонга саёҳат мақсадида борган.
У 14-сентябр куни ўзининг СОС хабарида “Илтимос, Ҳиндистон элчихонаси билан боғланишга ёрдам беринг”, деб ёзган. Орадан тахминан 24 соат ўтиб, Инстаграмъда “Мен энди хавфсизман” деган хабарни жойлаштирган. Арунима ҳар куни Афғонистондаги бозорлар ва чекка қишлоқларга қилган саёҳатлари ҳақида ЁуТубеъда видеолар эълон қилган.
Афғонистонда аёлларга фақат кўзларини кўрсатишга рухсат берилади. Мен юзимни кўрсата оламан, чунки бошқа мамлакатдан келган аёлман, акс ҳолда юзимни ҳам ёпишимга тўғри келарди, деб ёзган у Инстаграмъдаги постларидан бирида.
Ўтган ҳафта Арунима эълон қилган видеода уни “Толибон” деб таништирилган қуролли шахслар тўхтатгани акс этган.
Афғонистонда бизни ҳар бир назорат-ўтказиш пунктида шундай сўроқ қилишади, деган у.
Милтиқ кўтарган эркаклар Арунимадан ҳужжатларини сўраган ва у уларга Ҳиндистон паспортини берган. Унинг айтишича, 14-сентябр куни уни тўхтатган шахслар саёҳат ҳужжатларини ўқий олмаган. Улар Арунимага ёлғиз саёҳат қилмасликни мамлакатнинг турли вилоятлари бўйлаб ҳаракатланиш учун махсус рухсатнома олишни маслаҳат берган.
Мен бир неча соат давомида шундай асабийлашдимки, ҳатто ўлиб қолишим мумкин деб ўйладим. Жуда қўрқиб кетдим. Кечқурун юк машинасига ўтириб, Бомиёнга етиб бордим. Машинадан тушишим биланоқ одамлар мен томон кела бошлади, чунки Афғонистонда аёл киши одатда тунда ёлғиз юрмайди, деди у.
Арунима мамлакатнинг Жалолобод каби чекка вилоятларига саёҳат қилиб, юзлари ва танаси тўлиқ ёпилган афғон аёлларини тасвирга олган. Контент яратувчиси “Толибон” нима учун унинг ёлғиз саёҳат қилаётганини билган ҳолда виза бергани ва кейин уни ҳибсга олганига тушунмаган.
Уларнинг қонунига кўра, мен қоидаларни бузган эканман. Улар мени ҳибсга олишларини айтишди. Бу ерда “Толибон”нинг ҳар бир аъзоси полициячига ўхшайди. Улар хоҳлаган ишини қилиши мумкин. Мен улардан мени депортация қилишларини сўрадим. Жиноятим нима эди? Мен аёлларга ёлғиз саёҳат қилиш тақиқланган мамлакатда аёл сифатида ёлғиз саёҳат қилганим, деди у ўз видеосида.
Кейинчалик Ҳиндистон элчихонаси унга қўнғироқ қилиб, Арунимани Кобулга хавфсиз олиб боришни ташкиллаштирган. Натижада у элчихона кўмагида Ҳиндистонга кетган. Аксарият давлатлар ўз фуқароларига Афғонистонга бормасликни тавсия қилади, чунки мамлакатдаги вазият саёҳат қилиш учун хавфсиз эмас. Шунга қарамай, кўплаб контент яратувчилар дунёдаги энг қаттиқ чекловлар мавжуд ҳудудлардан бирига саёҳатини ёритиш учун бу огоҳлантиришларни эътиборсиз қолдирмоқда.

