“Толибон” соқол калта олинганини важ қилиб, 12 та сартарошхонани ёпди — манба

“Толибон” соқоли калта олинганини сабаб қилиб, 12 та сартарошхонани ёпди — манба
Афғонистоннинг Зобул вилояти Қалат шаҳрида “Толибон” ўтган ҳафта давомида 12 та сартарошхонани ёпиб қўйди. Гуруҳ уларни ахлоқсиз хатти-ҳаракатларда айблади.
Манбанинг 5-сентябр куни билдиришича, “Толибон” вакиллари сартарошхоналарга бориб, эгаларини ҳукумат принсипларига зид бўлган фаолият билан шуғулланмаслик ҳақида огоҳлантирган.
Таъкидланишича, “Толибон”нинг Эзгуликни тарғиб қилиш ва иллатларнинг олдини олиш вазирлиги ходимлари соқоли калта қирқилган одамларни кўргач, сартарошхоналарни ёпиб қўйган.
“Улар бу ерга келиб, бизга ҳурмацизлик қилди ва ҳақоратли сўзлар ишлатди. Биз ўзимизни ҳимоя қилмоқчи бўлганимизда, улар гапирмасликни ва дўконларимизни ёпишни буюрди”, деди исмини ошкор қилишни истамаган сартарошлардан бири.
Сартарошларнинг айтишича, “Толибон” ҳеч кимга уларга қарши гапиришга рухсат бермайди. Кимда-ким уларга жавоб қайтарса, қамоққа олиниши мумкин.
Қалат шаҳрида кўп йиллардан бери ишлаётган яна бир сартарошнинг сўзларига кўра, “Толибон” унинг дўконини ёпиб қўйган. Шундан сўнг сартарошларни Эзгуликни тарғиб қилиш вазирлигидаги контейнерда бир неча соат ушлаб туришган. Кейинроқ кафолат хати олингач, улар озод қилинган.
Манбага кўра, “Толибон” сартарошларга одамларнинг сочларини франсузча услубда ёки ҳукумат томонидан номақбул деб топилган бошқа услубларда кесмасликни айтган.
Сартарошларнинг билдиришича, “Толибон” барча сартарошларни огоҳлантирган. Агар келажакда уларнинг иши “Толибон” ҳаракати принсипларига мос келмаса, сартарошхоналари бутунлай ёпилади.
Бу ҳолат бутун Афғонистонда, жумладан, Зобулдан ташқарида ҳам кузатилмоқда. Одамлар “Толибон”нинг ахлоқ назоратчилари устидан тобора кўпроқ шикоят қилмоқда. Аҳолининг таъкидлашича, улар турли баҳоналар билан одамларга тазьиқ ўтказмоқда ва ёмон муносабатда бўлмоқда.
Таъкидланишича, фуқаролардан дўконлар ва уйларга байроқ илиш талаб қилинган. Буйруқни бажармаганларга савдо шохобчаларини ёпиш билан таҳдид қилинган.

