“Толибон” таъқибидан қочиш учун эркакча кийинишга мажбур бўлган велосипедчи қиз Осиё ўйинларида медал олди

“Толибон” таъқибидан қочиш учун эркакча кийинишга мажбур бўлган велосипедчи қиз Осиё ўйинларида медал олди
Афғонистонлик велоспортчи Фариба Ҳошимий 22-сентябр куни бўлиб ўтган Осиё ўйинларининг аёллар ўртасидаги шоссе пойгасида кумуш медални қўлга киритди.
ОАВ хабарига кўра, 23 ёшли спортчи машқ қилиш учун йиллар давомида эркаклар кийимида юришга мажбур бўлган.
Ҳошимий кумуш медалини “Толибон” ҳукумати босим остида яшаётган афғон аёлларига бағишлади.
“Бу медал афғон аёллари қанчалик матонатли эканини кўрсатади. Мен яхши ҳаётни орзу қилган аёллар таъқиб қилинадиган мамлакатда туғилганман. Бунга қарши кураша олганимдан мамнунман”, деди Фариба Ҳошимий.
“Толибон” 2021-йилда Афғонистонда иккинчи бор ҳукумат тепасига келганидан кейин аёлларга нисбатан кўплаб чекловлар жорий этилди. Жумладан, уларнинг спорт билан шуғулланиши, кўплаб соҳаларда ишлаши ва эркак қариндошисиз узоқ масофага сафар қилиши чекланган.
Фариба Ҳошимий ҳам велоспорт билан шуғулланишда тўсиқларга дуч келган. Унинг сўзларига кўра, дастлабки машғулотлардан бирида унга тош ва шишалар улоқтиришган.
“Бизга шиша отишарди. Тажовузкорлик билан бизни уйга қайтаришга уринишарди”, дейди у.
Шундан сўнг Фариба ва унинг синглиси Юлдуз машғулотлар вақтида эркаклардек кийиниб юришга мажбур бўлган.
“Толибон” ҳокимиятни эгаллаганидан бир йил ўтиб Фариба Ҳошимий Афғонистонни тарк этиб, Италияга кўчиб ўтган. У ва синглисига италиялик собиқ жаҳон чемпиони Алессандра Каппеллотто ёрдам берган. Каппеллотто ўзининг “Роад то Эқуалитй” жамғармаси орқали можароли ҳудудлардаги спортчи аёлларга спортдаги орзуларини амалга оширишга кўмаклашади.
Фариба Ҳошимий ва унинг синглиси аввал Париж Олимпиадасида ҳам қатнашганди. Энди улар икки йилдан кейин Лос Анжелесда бўлиб ўтадиган ёзги Олимпия ўйинларида ҳам иштирок этишга умид қилмоқда.
“Мен таслим бўлишни истамайман ва яна Олимпия ўйинларига йўлланма олишимизга умид қиламан”, деди Ҳошимий.

