Тожикистонда Марказий Осиёдаги энг баланд бино қурилиши бошланди
Тожикистон пойтахтида баландлиги 340 метр бўлган «Душанбе минораси» қурилади. Президент Имомали Раҳмон йирик меъморий мажмуа қурилишига старт берди.

Тожикистонда Марказий Осиёдаги энг баланд бино қурилиши бошланди
Янги мажмуанинг марказий обьекти баландлиги 340 метр бўлган, 77 қаватли «Душанбе минораси» биноси бўлади. У минтақадаги энг баланд иншоотга айланади. Меъморий мажмуа таркибига жами 52 та обьект, жумладан, бешта осмонўпар минора ва минтақадаги энг йирик савдо-кўнгилочар марказ киради.
Лойиҳа меҳмонхона, кафе ва ресторанлар, савдо майдонлари, офислар, 1000 ўринли консерт зали, кинотеатр, болалар ҳудуди, спорт мажмуаси, боғ ва кўл билан бирга кўп функсияли макон яратишни назарда тутади.
Шунингдек, лойиҳа доирасида 6160 та хонадонга эга 42 та турар-жой биноси, 1200 нафар ўқувчига мўлжалланган умумтаълим муассасаси ҳамда 500 ўринли болалар боғчаси қурилади.
Мажмуа ҳудудининг умумий майдони 29 гектарни ташкил этади. Қурилиш якунлангач, бу ерда 270 минг квадрат метр майдонда ишлаш, яшаш, дам олиш ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга мўлжалланган замонавий турар-жой ва ишбилармонлик кластери барпо этилади. Лойиҳа 4300 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш имконини беради.
Мажмуа қурилиши «Тас Интернатионал Гроуп» компанияси томонидан 5 йилда амалга оширилиши кутилмоқда. Қурилишга 2000 дан ортиқ маҳаллий қурувчи жалб этилади.
Аввалроқ мажмуанинг лойиҳавий ечимини тайёрлашга масъул бўлган Соол Десигн Студио компанияси обьект қурилишида Тожикистон компанияларидан ташқари Ўзбекистон, Россия ва Бирлашган Араб Амирликларининг ихтисослашган компаниялари ҳам иштирок этишини маълум қилганди.

