Тожикистон президенти Роғун ГЕС қурилишини кўздан кечирди (фото)

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Роғун ГЕС қурилишини кўздан кечирди.
Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон 20-август куни Роғун гидроелектр стансияси (ГЕС) қурилиш майдонига ташриф буюриб, тўғон бунёд этиш жараёни билан яқиндан танишди. Бу ҳақда “Ховар” агентлиги хабар берди.
Айни дамда ГЕСда 20 мингдан зиёд ищи ва муҳандис-техник ходимлар меҳнат қилмоқда, шунингдек, 4000 га яқин машина ва механизмлар ишга жалб этилган. Бугунги кунда тўғоннинг баландлиги денгиз сатҳидан 1155 метрга етган.
Тожикистон ҳукумати 2025-йил учун республика бюджетидан ГЕС қурилишига жами 8,1 миллиард сомони (тахминан 876 миллион доллар) ажратган бўлса, 2026-йилда яна 11,4 миллиард сомони (1,23 миллиард доллар) йўналтирилиши режалаштирилган.
Жорий йилнинг дастлабки етти ойида барча молиялаштириш манбаларидан қурилиш-монтаж ишларига 8,4 миллиард сомони (908 миллион доллар) сарфланган. 2008-йилдан ҳозирги кунгача Тожикистон ҳукумати давлат бюджети ва бошқа манбалар ҳисобидан Роғун ГЕСни қуриш ва қайта тиклаш ишларига жами 60,3 миллиард сомони (тахминан 6,51 миллиард доллар) йўналтирган. Лойиҳани тўлиқ якунлаш учун Тожикистонга тахминан 5,8 миллиард доллар миқдорида қўшимча маблағ керак бўлади.
**Роғун ГЕС: Тожикистоннинг “аср лойиҳаси”**
Душанбедан 110 километр узоқликда, Вахш дарёси бўйида жойлашган Роғун ГЕС минтақадаги энг йирик иншоотлардан бири ҳисобланади. Унинг қурилиши 1976-йилда бошланган, бироқ СССР парчаланганидан сўнг ишлар тўхтатиб қўйилган эди.
Кейинчалик Тожикистон ўз маблағлари ҳамда халқаро фондлар ва ташкилотларнинг молиявий кўмагини жалб қилган ҳолда ГЕС қурилишини давом эттирди. Ҳозирда олтита агрегатдан иккитаси ишга туширилган. Экологлар Роғун сув омборидан фойдаланиш Амударё қуйи оқимидаги ноёб экотизимларнинг деградациясини яна 60–100 йилга чўзишидан хавотирда эканликларини билдирмоқдалар.

