Тожикистон президенти ўзбекзабон аҳоли учун ўзбекча мактаблар қуришни буюрди

Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Турсунзода шаҳрига ташрифи чоғида ўзбек тилида таълим берувчи мактаблар қуриш бўйича кўрсатма берди. Бу мактаблар ўзбекзабон аҳоли учун мўлжалланган бўлиб, уларни ўзбек тилидаги дарсликлар ва ўқув материаллари билан таъминлаш ҳам топширилди. Бу ҳақда “Ховар” агентлиги хабар берди.
Президент Турсунзодадаги 21-сонли умумтаълим мактабининг очилиш маросимида қурилиш ишларининг сифатини юқори баҳолади. Шунингдек, расмийлар ва ўқитувчиларни таълим-тарбия даражаси ва сифатини оширишда янада масъулиятли бўлишга чақирди.
Эмомали Раҳмон педагогларни замонавий фанларни ривожлантиришга ва янги технологиялардан самарали фойдаланишга эътибор қаратишга ундади. У аниқ ва табиий фанлар ҳамда хорижий тилларни ўрганиш муҳимлигини таъкидлади.
Давлат раҳбарининг Турсунзодага ташрифи доирасида жами 60 та иншоот фойдаланишга топширилди. Булар орасида икки сменада 18 200 ўқувчига мўлжалланган 20 та умумтаълим мактаби, 950 ўринли 5 та хусусий боғча, 4 та саноат корхонаси ва 1 та туризм обьекти мавжуд.
Шунингдек, 5 та хизмат кўрсатиш обьекти, 6 та спорт майдончаси, 5300 тонна маҳсулот сақлашга мўлжалланган 3 та музлаткич мажмуаси, 9 та кўп қаватли уй, маъмурий ва маданий бинолар, Давлат байроғи майдони ҳамда истироҳат боғи ҳам ишга туширилди. Ушбу иншоотлар туфайли 1220 та доимий иш ўрни яратилди.
Масъул шахсларнинг маълумотларига кўра, ҳозирда Турсунзода шаҳрида 132 та умумтаълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. Уларда 78 863 нафардан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда.
Тожикистон Мустақиллигининг 35 йиллиги байрамига тайёргарлик доирасида Турсунзода шаҳрида 24 та таълим муассасасини қуриш ва фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Ҳозиргача 8185 ўқувчига мўлжалланган 19 та таълим биноси фойдаланишга топшириб бўлинди.
Март ойида Эмомали Раҳмон Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган эди. Икки давлат президентлари ҳузурида бир қатор ҳужжатлар имзоланган.

