Тирик одам “вафот этган” дея ҳужжатлаштирилса, хатони қандай тузатиш мумкин?

Тирик одам “вафот этган” деб ҳужжатлаштирилса, бу хатони қандай тўғрилаш мумкин?
Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Булунғур туманида яшовчи аёл тирик бўлса ҳам, ҳужжатларда вафот этган сифатида қайд этилгани ҳақида хабар тарқалди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси берган изоҳга кўра, аёлнинг шахсий идентификация рақами — ЖШШИР техник хато сабаб нобуд бўлган ҳомила маълумотларига боғлаб қўйилган.
— Тиббий маълумотномага бошқа одамнинг ЖШШИРи киритилиши, электрон тизимда маълумотнинг нотўғри уланиб қолиши ва ФҲДЙда тирик одам номига ўлим қайди очилиши — булар турли ҳолатлар. Уларни бартараф этиш тартиби ҳам бир хил эмас.
Самарқанддаги ҳолат бўйича берилган изоҳда ЖШШИР нотўғри бириктирилгани айтилган. Бу эса аёл номига ФҲДЙда алоҳида ўлим қайди очилганини англатмайди.
Шу сабаб фуқаро аввало “вафот этган” деган маълумот қайси манбадан чиққанини аниқлаши керак. Агар хато тиббий маълумотномада бўлса, уни расмийлаштирган тиббиёт муассасасига мурожаат қилинади. Нотўғри маълумот ФҲДЙ қайдига ҳам ўтган бўлса, тегишли ФҲДЙ органига ариза топширилади.
Бу фарқ жуда муҳим: фақат электрон тизимдаги боғланишни тузатиш керак бўлган вазиятда мавжуд бўлмаган ўлим қайдини бекор қилишни сўраш муаммони ҳал қилмайди.
Аризада фуқаро хатони қачон ва қандай аниқлаганини, қайси ҳужжат ёки тизимда “вафот этган” деб кўрсатилганини ёзиши лозим. Шундан сўнг маълумотни текшириш, хатонинг манбасини топиш ва уни бартараф этишни сўрайди.
Мурожаатга шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда хато маълумот акс этган ҳужжат ёки электрон хабар нусхасини илова қилиш текширувга ёрдам беради. Бошқа зарур ҳужжатлар хатонинг мазмунига қараб белгиланади.
Аризанинг рўйхатга олинган рақамини сақлаб қўйиш ва натижа бўйича ёзма жавоб олиш мақсадга мувофиқ. Бу кейинчалик хатони тузатишни талаб қилиш ёки рад жавоби устидан шикоят қилишда муҳим бўлади.
Оила кодексининг 228-моддаси ва ФҲДЙ қоидаларининг 138-бандига кўра, етарли асос бўлса ҳамда манфаатдор шахслар ўртасида низо бўлмаса, далолатнома ёзувига тузатишни ФҲДЙнинг ўзи киритади. Ўзбекистонда расмийлаштирилган қайд унинг ёзуви сақланаётган ФҲДЙ органи томонидан тузатилади.
Бироқ вафот этган одамнинг исмида йўл қўйилган хатони тузатиш билан тирик одам номига ўлим қайди очилганини бартараф этишни тенглаштириб бўлмайди. Биринчи ҳолатда қайддаги маълумот тузатилади. Иккинчисида эса ўлим факти нотўғри шахсга нисбатан расмийлаштирилган бўлиши мумкин. Бунда қайдни тузатиш етарлими ёки уни бекор қилиш керакми — ҳужжатлар асосида аниқланади.
ФҲДЙ далолатнома ёзувига ўзгартириш ёки тузатиш киритиш ҳақидаги ариза, одатда, беш иш кунида кўриб чиқилади. Зарур ёзувлар нусхаси олинмагани каби асосли сабаблар бўлса, муддат 15 иш кунигача узайтирилиши мумкин.
Бу муддат айнан ФҲДЙ қайдини тузатиш ҳақидаги аризага тегишли. Уни тиббиёт муассасаси ёки бошқа идора тизимидаги ҳар қандай техник хатони бартараф этиш муддати деб тушуниш тўғри эмас.
ФҲДЙ далолатнома ёзувини тузатишни рад эца, бу қарор устидан суд тартибида шикоят қилиш мумкин. Бунинг учун рад этиш сабаблари кўрсатилган ёзма жавоб олиниши керак.
Судга мурожаатда қайси маълумот нотўғри экани, ФҲДЙдан нима сўралгани ва талаб қандай асос билан рад этилгани кўрсатилади. Аризага ФҲДЙ жавоби ҳамда хатони тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Агар тирик одам номига очилган ўлим қайдини бутунлай бекор қилиш зарур бўлса, масала оддий тузатишдан фарқ қилади. Қоидаларга кўра, суднинг далолатнома ёзувини бекор қилиш ҳақидаги қарори асосида ФҲДЙ тегишли белги қўяди ва аризачига маълумотнома беради. Қайси судга ва қандай талаб билан мурожаат қилиш эса хатонинг хусусияти ва низонинг мазмунига қараб белгиланади.
Ўлим ҳақидаги маълумот ФҲДЙдан Пенсия жамғармаси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимларига ҳам юборилади. Шу боис хато дастлабки манбада бартараф этилгач, уни қабул қилган идораларда ҳам маълумот янгиланганини текшириш муҳим.
Фуқаро тузатиш киритилганини тасдиқловчи ёзма жавоб ёки маълумотномани сақлаб қўйиши керак. Агар бошқа идорада эски маълумот сабаб муаммо давом эца, шу ҳужжат асосида маълумотни қайта текшириш ва янгилашни сўраш мумкин, дейди судя Абдувалиев.

