Маҳаллий

Фарғонада эркак қайнотасининг уйини ёқиб юборди

Фарғона вилоятининг Қува туманида бир эркак оилавий келишмовчилик туфайли қайнотасининг уйини ёқиб юборди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастури хабар берди.

Маълум бўлишича, айбланувчининг рафиқаси фарзанди билан отасининг уйига кетган. Россиядан қайтган эркак фарзандини кўриш мақсадида қайнотасининг хонадонига борган, бироқ қайнонасининг қизи бошқа кишига турмушга узатилгани ҳақидаги сўзларидан ғазабланган.

Бир неча соат ўтгач, эркак қўлида бензин билан яна қайнотасининг уйига келган. У ёнилғини хоналардан бирининг ичига сепиб, ўт қўйган ва воқеа жойидан кетган. Ёнғин натижасида 109 миллион 884 минг сўмлик зарар етказилган.

Судда эркак айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишини жаҳл устида содир этганини ва пушаймонлигини билдирган. Жабрланувчи, яъни унинг қайнотаси, етказилган зарар тўлиқ қопланганини ва судланувчига нисбатан даъвоси йўқлигини маълум қилган.

Суд айбланувчини Жиноят кодексининг 173-моддаси иккинчи қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топди. Етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги ва жабрланувчининг даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, унга 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида оилавий жанжал пайтида хотинининг бошига телефон отиб, унга тан жароҳати етказган эркакка суд ҳукми ўқилгани ҳақида хабар берилган эди.

Суд эркакни айбдор деб топиб, унга 1 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Шунингдек, жабрланувчига етказилган зарарни ундириш учун фуқаролик ишлари бўйича судга даъво киритиш ҳуқуқи тушунтирилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.