Тиббиёт ходимларига 2027-йилдан ҳар ой устамалар тўланади
Айрим тиббиёт ходимларининг базавий тариф ставкаси ёки лавозим маошига ҳар ой қўшимча устамалар белгиланди

Тиббиёт ходимларига 2027-йилдан бошлаб ҳар ой устама берилади
Президент фармонига мувофиқ, 2027-йил 1-январдан тиббиёт, фармацевтика ва педагог ходимларнинг ойлик маошига ҳар ойлик устамалар жорий этилади.
Бакалавриатни тугатган ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига устама меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 1 баравари миқдорида белгиланади.
Магистратурани тамомлаган ҳамширалар ва тиббиёт оғаларига эса меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик устама тўланади.
Оилавий тиббиёт бўйича резидентурани битирган оилавий шифокорлар учун устама меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 4 баравари этиб белгиланади.
Худди шу миқдордаги устама мазкур йўналишда магистратурани тамомлаган педагог кадрларга ҳам татбиқ этилади. Устамалар ходимларнинг базавий тариф ставкаси ёки лавозим маошига нисбатан ҳар ой тўлаб борилади.
Фармонга кўра, 2027/2028-ўқув йилидан ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш бўйича икки йиллик ўқув дастурларига қабул бекор қилинади.
Шунингдек, олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриати бўйича кадрлар тайёрлашда ривожланган хорижий давлатларнинг олий таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари жорий этилади. Тиббий ҳамроҳлик иши мутахассислиги бўйича илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш учун магистратура дастури ҳам йўлга қўйилади.

