Тиббиётда ординатурага қабул 2027-йилдан тўхтатилади
Ўзбекистонда тор соҳа тиббиёт мутахассисларини тайёрлашда клиник ординатура негизида халқаро стандартларга мос резидентура дастурлари босқичма-босқич жорий этилади. 2027-2028 ўқув йилидан тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш тўлиқ резидентура орқали амалга оширилиб, ординатурага қабул тўхтатилади.

Тиббиётда ординатурага қабул 2027-йилдан бошлаб тўхтатилади
Бу ҳолат тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган президент фармонида белгиланган.
Ҳужжатга мувофиқ, резидентура дастурларининг муддати мутахассисликларга қараб фарқланади ва улар халқаро стандартлар асосида йўлга қўйилади.
Резидентурада тор йўналиш мутахассисларини тайёрлаш давлат тиббиёт таълим ташкилотлари ҳамда тиббиёт муассасаларида давлат гранти асосида амалга оширилади.
2026-2027 ўқув йилидан бошлаб оилавий тиббиёт йўналиши бўйича резидентура ташкил этилади. Ушбу дастурни якунлаган битирувчиларга оилавий шифокор мутахассислиги берилади.
2027-2028 ўқув йилидан эса тор соҳа мутахассисларини тайёрлаш тўлиқ резидентура тизимига ўтказилади ва клиник ординатурага қабул тўхтатилади.
Шунингдек, тиббиёт йўналишидаги тор соҳа мутахассисликлари бўйича магистратурага умумий давлат буюртмаси асосида қабул параметрлари қисқартирилади. Ординатурага қабулни тўхтатиш ҳамда магистратура қабул параметрларини камайтириш ҳисобига бўшайдиган маблағлар резидентурада мутахассислар тайёрлашга йўналтирилади.
Давлат гранти асосида резидентурага қабул қилинган талабаларга давлат бюджети ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,15 баравари миқдорида стипендия тўланади.
Резидентура таълим дастурини муваффақиятли ўзлаштирган битирувчиларга Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи ва Миллий малакалар рамкасининг 7-даражасига мос келувчи давлат намунасидаги диплом берилади.

