Ўзбекистонда олий тиббий таълим тизими ислоҳ қилинади

Ўзбекистонда олий тиббий таълим тизимини кенг кўламли янгилаш бошланади. «Даволаш иши» йўналиши 5+1 модели бўйича олти йиллик «Умумий тиббиёт» дастурига айлантирилади: беш йил ўқиш ва бир йил клиник амалиёт.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, таълим дастурларини ўзлаштиришга ягона талаблар жорий этилмоқда: минимал ўтиш балли шифокорлик мутахассисликлари учун 70 фоизни, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш учун эса 60 фоизни ташкил этади. Тўлов-контракт шаклига максимал баллнинг камида 60 фоизини тўплаганда кириш мумкин бўлади.
Бакалавриат дастурларига қабул параметрлари соғлиқни сақлаш тизимининг реал эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланади. Тиббиёт олийгоҳлари ўз клиник базаларига эга бўлиши ёки уларга клиник базалар бириктирилиши шарт бўлади. Ўқув жараёнига далилларга асосланган тиббиёт тамойиллари ва симуляцион марказларда ўқитиш жорий этилади.
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб тор соҳа шифокорларини тайёрлаш тўлиқ резидентура орқали амалга оширилади. Клиник ординатурага қабул тўхтатилади. Магистратура тор мутахассисларни тайёрлаш босқичи бўлишни тўхтатади ва фақат илмий ҳамда педагогик кадрларни тайёрлашга йўналтирилади.
Резидентура давлат гранти асосида молиялаштирилади. Квоталар ҳудудлар эҳтиёжи ва кадрлар тақчиллигини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланади. Резидентларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 2,15 баравари миқдорида оширилган стипендия тайинланади. Битирувчилар докторантурада ўқиш ҳуқуқини берувчи Миллий малака рамкасининг 7-даражали дипломини оладилар.
Шунингдек, Ўзбекистонда 2030 йилдан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказишни мажбурий қилиш таклиф этилди. Келажакда рўйхатдан ўтмаган мутахассислар тиббий ёки фармацевтик фаолият билан шуғуллана олмайдилар.

