Олий тиббий ҳамроҳлик иши таълим йўналиши жорий этилади
Олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриат таълим йўналишида давлат буюртмаси қабул параметрлари 2030/2031 ўқув йилига қадар

Олий тиббий ҳамроҳлик иши таълим йўналиши жорий этилади
Олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриат таълим йўналиши жорий қилинади.
Президент фармонига мувофиқ, 2027/2028 ўқув йилидан бошлаб тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлайдиган олий таълим ташкилотларида бакалавриат таълим йўналишларига, жумладан мақсадли қабул параметрлари доирасида талабаликка қабул қилишнинг минимал чегараси кириш имтиҳонларида тўплаш зарур бўлган максимал баллнинг 60 фоизи этиб белгиланади.
2026/2027 ўқув йилидан эътиборан тиббиёт ва фармацевтика соҳасида:
- бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва резидентура дастурларида ҳар бир ўқув модулининг академик кўрсаткичларини ўзлаштиришда, шунингдек давлат имтиҳонларида минимал ўтиш баллари шифокор мутахассисликлари учун энг юқори баллнинг 70 фоизи, ўрта тиббиёт ходими мутахассисликлари учун 60 фоиз этиб белгиланади;
- қисқа муддатли қайта тайёрлаш курслари ёки дастурлари орқали тор соҳа мутахассисликлари бўйича (қўшимча) ихтисослаштириш бекор қилинади;
- бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курслари (интернатура)га қабул бекор қилинади.
2027/2028 ўқув йилидан бошлаб ҳамширалик иши касбий таълим мутахассислиги негизида тиббий ҳамроҳлик иши мутахассислиги ҳамда олий ҳамширалик иши бакалавриат таълим йўналиши негизида олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриат таълим йўналиши жорий этилади. Бунда:
- тиббий ҳамроҳлик иши мутахассислиги ҳамда олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриат таълим йўналишини битирган хотин-қизларга ҳамшира, эркакларга эса тиббиёт оғаси квалификацияси берилади;
- олий тиббий ҳамроҳлик иши бакалавриат таълим йўналишида давлат буюртмаси қабул параметрлари 2030/2031 ўқув йилига қадар ҳар йили камида 20 фоизга ошириб борилади.

