Тиббиёт ходимлари учун уй-жой субсидияси бўйича илк танлов 9-октабр куни ўтказилади
Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун уй-жой субсидияси бўйича илк танлов 9-октабр куни ўтказилади. Унда 125 нафар ғолиб аниқланади. Танловга учинчи чоракда келиб тушган 4728 та аризадан 1657 таси киритилган.

Тиббиёт ходимлари учун уй-жой субсидияси бўйича дастлабки танлов 9-октабр куни бўлиб ўтади
Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун уй-жой субсидияси бўйича илк танлов 9-октабр куни соат 10:00 да ўтказилади. Унда белгиланган талабларга жавоб берган 1657 нафар номзод орасидан 125 нафар ғолиб автоматик тасодифий танлаш усули орқали аниқланади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.
2026-йилнинг учинчи чораги якунига кўра, субсидия олиш учун жами 4728 та ариза келиб тушган. Шулардан 1657 таси белгиланган талабларга мос деб топилиб, танловга киритилган.
Танлов ins-subsidiya.imv.уз сайти орқали ўтказилади. Жараён Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Фасебоок, Инстаграм ва Телеграмъдаги расмий саҳифаларида жонли эфирда кўрсатилади. Натижалар ариза ИД рақамлари бўйича эълон қилинади. Ариза ҳолатини my.gov.уз порталидаги шахсий кабинет орқали ҳам кузатиш мумкин.
Ҳукуматнинг 12-июндаги 310-сонли қарори билан тасдиқланган тартибга кўра, давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил иш стажига эга бўлган тиббиёт ва фармацевтика ходимлари субсидия учун номзод бўлиши мумкин. Бунда номзод ҳозирда давлат тиббиёт муассасасида ишлаётган бўлиши шарт. Молиявий кўмак бир оилага — эр ёки хотинга фақат бир марта берилади.
Субсидия бирламчи уй-жой бозоридан уй ёки квартира харид қилиш учун ипотека кредити бўйича дастлабки бадалнинг 25 фоизини қоплашга йўналтирилади. Тиббиёт ходимлари доимий рўйхатдан ўтган ҳудудидан қатъи назар, республикадаги исталган ҳудуддан уй-жой сотиб олиши мумкин.
Аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.уз орқали топширилади. Танлов ҳар чоракда ўтказилади. Талабларга тўлиқ мос келадиган аризалар ҳар чорак якунида алоҳида реестрга киритилади ва улар орасидан шу чорак учун белгиланган 125 нафар ғолиб автоматик тасодифий танлаш орқали аниқланади.
Субсидия ажратиш тўғрисида хабарнома олган тиббиёт ходими уй-жойни ипотекага сотиб олиш учун қурилиш ташкилоти билан бирламчи шартнома тузиши керак бўлади.

