Меҳмонхоналар қуришга субсидиялар бериш 2029-йилгача давом эттирилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 27-август куни имзолаган фармони билан тадбиркорлар учун бир қатор имтиёзларнинг амал қилиш муддатлари узайтирилди.
Фармонга кўра, уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар қуриш учун бериладиган субсидиялар муддати 2029-йил 1-январгача узайтирилди. Шунингдек, меҳмонхоналар ва бошқа жойлаштириш воситаларининг мол-мулк ва ер солиғи ставкаларига нисбатан 0,1 коеффициентни қўллаш муддати 2030-йил 1-январгача узайтирилди.
Давлат раҳбари 2026-йил 18-август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқот чоғида уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхоналар қуриш учун субсидия бериш муддати яна икки йилга узайтирилишини маълум қилган эди.
Фармон билан, шунингдек, туризм соҳаси субьектлари учун импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобуслар учун божхона божидан озод этиш муддати 2028-йил 1-январгача узайтирилди.
2027-йил 1-январдан бошлаб қуйидаги ўзгаришлар кучга киради:
* Ўзбекистон резиденти бўлган туроператорларнинг хорижий сайёҳларга кўрсатган хизматларига ҚҚСнинг нол ставкаси қўлланади.
* Юлдузли меҳмонхонага субсидия олиш учун унинг тоифасини тасдиқлашда хорижий компаниялар хулосаси талаб этилмайди.
Бундан ташқари, мазкур фармон билан қиймати БҲМнинг 400 бараваридан ошадиган товар ва хизматлар учун тўловлар фақатгина банк карталари ёки электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши белгиланди. Илгари бу миқдор 25 миллион сўм этиб белгиланган эди.
Қарорга кўра, 1-ноябрдан бошлаб тадбиркорлар учун электр ва газ бўйича олдиндан тўлов 15 фоизга туширилиши, тадбиркорлар учун “Иккинчи имкон” иқтисодий амнистияси эълон қилиниши, тадбиркорларга молиявий жарима қўллашда биринчи хато учун огоҳлантириш қоидаси жорий этилиши, кичик тадбиркорлик субьектларини текширишга 3 йилга мораторий жорий этилиши ҳам белгиланди.
Ҳужжатда қайд этилишича, ушбу чора-тадбирлар Президентнинг тадбиркорлар билан ҳар йилги анъанавий очиқ мулоқоти ҳамда уни ташкил қилиш доирасида ўтказилган учрашувларда келиб тушган 14 мингга яқин мурожаатда кўтарилган тизимли муаммоларнинг ечимига қаратилган таклиф ва ташаббусларни амалга ошириш мақсадида қабул қилинган.

