Маҳаллий

Тадбиркорлар диққатига: замонавий сузиш ҳавзалари қурганларга субсидия берилади

Давлат томонидан туризм инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган яна бир муҳим қўллаб-қувватлаш механизми жорий этилди

Тадбиркорлар учун янги имконият: замонавий сузиш ҳавзалари қурилишига давлат субсидияси ажратилади.

Ҳукумат туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида яна бир муҳим қўллаб-қувватлаш механизмини жорий этди. Эндиликда замонавий сузиш ҳавзаларини (бассейн) қуриш ва ишга тушириш харажатларининг бир қисми давлат томонидан қопланади.

Ҳукумат қарори билан “Янги замонавий сузиш ҳавзаларини қуриш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Унга кўра, тадбиркорлар қурилиш ва ишга тушириш харажатларининг 50 фоизигача, бироқ 100 миллион сўмдан ошмаган қисмини давлат ҳисобидан қоплаш имкониятига эга бўладилар.

Ушбу дастур доирасида 2026-йил 1-февралдан 2028-йил 1-январгача фойдаланишга топшириладиган дастлабки 100 та замонавий сузиш ҳавзаси учун субсидия ажратилади.

Субсидиядан фойдаланиш учун талабгор қуйидаги шартларга жавоб бериши лозим:

* Солиқ ва йиғимлар бўйича қарздорлиги бўлмаслиги;

* Қайта ташкил этиш ёки тугатиш жараёнида бўлмаслиги;

* Фаолияти қонунчиликка мувофиқ вақтинча тўхтатилмаган бўлиши;

* Суд қарори билан тўловга қобилияциз деб топилмаган бўлиши.

Ариза Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали Туризм қўмитасига тақдим этилади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши шарт:

* Сузиш ҳавзасининг лойиҳа ҳужжатлари нусхаси;

* Қурилиш ва ишга тушириш бўйича пудрат шартномаси нусхаси;

* Амалга оширилган тўловларни тасдиқловчи электрон ҳужжатлар.

Туризм қўмитаси харажатларни қоплаш тўғрисида қарор қабул қилганидан сўнг 10 иш куни ичида субсидия маблағлари талабгорнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилади.

Ҳурматли тадбиркорлар! Замонавий сузиш ҳавзалари нафақат соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, балки ҳудудларда туризм ва спорт инфратузилмасини ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда даромадли бизнесни йўлга қўйиш учун истиқболли йўналишлардан биридир. Давлат томонидан тақдим этилаётган ушбу имкониятдан самарали фойдаланиб, ўз лойиҳангизни бугуноқ амалга оширишни бошланг.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.