Текширув мажбурий
Ўзбекистонда педагоглар ва ўқувчилар ҳар йили психолог кўригидан ўтиши мажбурий қилиб қўйилди

**Текширув мажбурий**
Ўзбекистонда боғча тарбияланувчилари, мактаб ўқувчилари, талабалар, шунингдек, барча таълим ташкилотларида ишлайдиган педагоглар бир ўқув йилида камида бир марта психологик диагностикадан ўтиши мажбурий қилиб белгиланди. Бу норма республика президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонида мустаҳкамлаб қўйилди, деб хабар беради Адлия вазирлиги.
Ҳужжатга кўра, психолог кўригидан мажбурий ўтиш тизими босқичма-босқич жорий этилади. 2026/27 ўқув йилида у боғчалар ва умумий ўрта таълим мактабларига татбиқ этилади. Keyинги ўқув йилида эса — махсус, профессионал ва олий таълим муассасаларига.
Диагностика Психология илмий-тадқиқот институти (ИТИ) томонидан махсус онлайн-платформа орқали ўтказилади. Бунда мутахассислар шахсий маълумотлар ва текширув натижасида олинган ахборотнинг конфиденциаллигини таъминлайдилар.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига бўйсунувчи Психология ИТИ Ўзбекистон Миллий педагогика университетининг Психология ўқув-илмий маркази базасида ташкил этилади. Келаси йилнинг 1 январидан институт рақамли психология ва сунъий интеллект (СИ), педагогик психология лабораториялари, шунингдек, психологик саломатлик ва профилактика хизмати фаолиятини йўлга қўяди.
Тадқиқот хулосаларини тузиш учун СИ технологиялари қўлланилади. Якунда ушбу маълумотлар асосида педагоглар ва ўқувчилар уч гуруҳга бўлинади:
— психологик барқарор;
— психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож;
— фаол психологик қўллаб-қувватлашга муҳтож.
Иккинчи тоифадаги фуқароларга таълим ташкилоти психологи билан терапия курси тайинланади. Учинчи гуруҳга киритилганлар билан эса психолог-ментор ишлайди.
Президент фармонида мутахассислар учун бонуслар ҳам назарда тутилган. Шунга кўра, малака ошириш курсларида ўқитувчи сифатида иштирок этаётган психологга ушбу давр мобайнида асосий иш жойидаги иш ҳақининг 20% миқдорида мукофот пули берилади.
Ўқув йили давомида психологик барқарорликни таъминлашда юқори натижаларни кўрсатган 150 нафар мутахассис меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 20 бараварига тенг пул мукофоти олади: 27,2 млн сўм ($2265).
Боғчалар, мактаблар ва олий ўқув юртлари психологик хизмати ходимлари камида беш йилда бир марта малакасини ошириши шарт.

