Лайфстайл

Таваллудига 119 йил тўлган “сўз заргари” — Абдулла Қаҳҳор уй-музейидан репортаж

17 сьентябр — ёзувчи Абдулла Қаҳҳорнинг туғилган куни. Асарлари ва таржималари ҳалигача қўлма-қўл ўқилгани каби, унинг уй-музейи ҳам алоҳида қийматга эга. Газета адибни хотирлаш мақсадида Яккасаройдаги уй-музейда бўлди.

Таваллудининг 119 йили тўлган “сўз заргари” — Абдулла Қаҳҳор уй-музейидан репортаж

1907-йил 17 сьентябрда ёзувчи ва таржимон Абдулла Қаҳҳор дунёга келган эди. Ҳозир ҳам қўлма-қўл ўқиладиган асарлари ва таржималари қаторида адибнинг уй-музейи ҳамда ундаги моддий мерос алоҳида қадрга эга. Газета ёзувчини хотирлаш мақсадида унинг Яккасаройдаги уй-музейига борди.

Яккасарой туманидаги “Космонавтлар” метросидан 800 метр узоқликда, Юнус Ражабий кўчасида дарахтлари кўп, сокин ва файзли йўлак бўйлаб юрганингизда ўнг томонда Абдулла Қаҳҳор уй-музейи жойлашганини билдирувчи белги кўринади, бироз нарида аввал ёзувчининг бюсти, кейин эса музейга кириш эшиги кўзга ташланади.

Уй-музей 1987-йил 6-майда, Абдулла Қаҳҳор таваллудининг 80 йиллигида, рафиқаси Кибриё Қаҳҳорова ташаббуси билан ташкил этилган. Йилига 6 мингдан ортиқ ташрифчи келадиган, 5 мингдан ортиқ экспонати бор икки қаватли музей 4 та хона, асосий кириш йўлаги ва ҳовлидан иборат. Авваллари асосан талабалар ва ўқувчилар меҳмон бўлган бўлса, сўнгги беш йилда турли ёшдаги маҳаллий аҳоли ва хорижликлар орасида ҳам музейга қизиқиш ошган.

Музей ходимининг айтишича, Кибриё Қаҳҳорова уй ва ундаги буюмларни шу қадар эҳтиёт қилганки, улар ҳозиргача жиддий реставрацияга муҳтож бўлмаган. Фақат 2007-йилда амалга оширилган кичик таъмирдан кейин уйнинг юқори қаватидаги ижод хоналари ҳам ташрифчилар учун очилган.

Музей ҳафтанинг илк беш кунида 10:00 дан 17:00 гача, шанба куни 15:00 гача ишлайди. 13:00 дан 14:00 гача тушлик. Якшанба — дам олиш куни. Кириш бепул.

Абдулла Қаҳҳор Қўқонда темирчи оиласида туғилган. Устахонада отасига ёрдам ҳам бериб турган. Шу сабаб “Болалик” залидаги илк экспонатлар темирчилик асбоблари — дам, ҳаво ўтказгич, чархлар билан бошланади. Витринада ўша иш жараёнлари ҳам акс эттирилган.

Абдулла Қаҳҳорнинг болалиги Фарғона водийсининг Яйпан, Нурсуқ, Қудаш, Бувайда, Толлиқ, Олқор, Юлғунзор, Оққўрғон қишлоқларида ўтган. Оиланинг бир ҳудуддан бошқасига тез-тез кўчиб юриши одатда уста Абдуқаҳҳорнинг темирчилик қилиш учун қаерда шароит топса, ўша томонга йўл олгани билан изоҳланади. Аммо Абдулла Қаҳҳорнинг автобиографик асари — “Ўтмишдан эртаклар”ни ўқисангиз, кўчишларнинг барчаси ҳам нон топиш ташвиши билан боғлиқ бўлмаганини биласиз.

Яйпанда яшаётган пайтда уста Абдуқаҳҳор Қўқондан велосипед олиб келади. Бугун оддий транспорт воситаси бўлган велосипед ўша давр қишлоғи учун янгилик ва ғалати ҳодиса сифатида қабул қилинган ва одамлар уни “шайтон арава” деб атай бошлаган.

Бир куни қишлоқдош аёл велосипеднинг шамолидан қўрқиб йиқилади ва кейинчалик оламдан ўтади. Унинг оиласи бу воқеани “тақдир” деб қабул қилса-да, одамлар орасида “Шайтон арава қишлоқдан файзни қочирди” деган қараш кучаяди. Охир-оқибат, оила Қўшариққа кўчишга мажбур бўлади.

Бувайдада эса уста ер-сув ишларига қарайдиган кўк шапкали амалдорнинг синган извош ўқини тузатиб бергач, қишлоқда “темирчининг тўралардан ошнаси бор экан” деган гап тарқалади. Бувайдага шўроларга қарши курашаётган Эргаш қўрбоши йигитлари билан келгач, уста Абдуқаҳҳор “тўралар билан ошна” экан деган гап қўрбошига етиб боришидан хавфсираб, оиласини бир муддат Толлиққа кўчиради.

Вазият тинчгач, яна ортга қайтади. Бу сафар Валихон сўфи билан зиддият келиб чиқади. Уста ўғли Абдуллани сўфининг мактабига олиб чиқади, аммо болаларга ҳарфларни тўғри ўргатмаётганини билиб, буни ўзига айтгач, сўфининг адовати кучайиб, одамларга ёмонлаб, маҳалладан кўчиртириш ҳақида айтиб юради. Унинг одамлари устанинг уйига бостириб кириб, таҳдид қилганидан кўп ўтмай, оила Оққўрғонга кўчади.

Ҳаёт изига тушаётганда Эргаш қўрбоши билан шўро ҳукумати ўртасида қишлоқ атрофида уруш бошланиши мумкинлиги ҳақида хабар келади. Ота оиласини шошилинч тарзда Қўқонга олиб кетади.

Кичкина Абдулла эндигина бир муҳитга кўника бошлаганида уни тарк этаверади. Янги жойлардаги болалар кўпинча “келгинди” ёки “қишлоқи” деб ўзларига қўшишмайди. Ўша давр қишлоғининг ижтимоий муносабатлари ва сиёсий нотинчлик ана шу тарзда бир оиланинг ҳаётига тинимсиз таъсирини ўтказади.

“Уй-рўзғор буюмлари сифатида ишлатиладиган самовар, чойнак, патнислар, Абдулла Қаҳҳор болалигида кийган дўпписи, эркаклар чакмони ва аёллар паранжиси ҳам музей соҳиби яшаган даврдаги ҳаёт тарзини кўрсатади. Бекорга, музейлар тарих кўзгуси дейилмайди-да”, — дейди музей ходими Санобар Матлубова.

Абдулла Қаҳҳор “қоп-қора қўнғиз”га ўхшатган тикув машинаси ҳам бор. Унинг отаси қишлоқда бир бойдан кейин иккинчи бўлиб тикув машина сотиб олади ва “Зингерли бой” деган ном чиқаради. Машина қишлоқ аёллари орасида катта қизиқиш уйғотади. Абдуллани сафига қўшмайдиган болалар ҳам “Зингер”ингни битта кўрсат деб, орқасидан эргашиб юради. Аммо бу хурсандчилик ҳам узоққа чўзилмайди. Маҳалла имоми бир тўйдаги ош устида “Зингер тиккан кийим намозликка ярамайди” дегандан кейин одамларнинг муносабати ўзгаради. Шундан кейин соҳиби машинани эски қопга ўраб, тандирнинг тагига тиқиб қўяди.

Абдуқаҳҳор уста ва Роҳатой аянинг 12 фарзандидан фақат 8-фарзанди Абдулла тирик қолади. “Оталари темирчи бўлгани билан, китобга жуда иштиёқманд инсон бўлганлар. Кечалари турмуш ўртоғига эртаклар, китоблар ўқиб берганлар. Ва буларни Абдулла Қаҳҳор ҳам эшитган”, — дейди музей ходими.

Роҳатой ая ва Абдулла Қаҳҳор.

Абдулла Қаҳҳор “Истиқлол” ва “Намуна” мактабларида таҳсил олади. Витриналарда унинг ўқиш даврига оид суратлар — биринчи устози Муҳаммаджон Ғафуровнинг оиласи билан, кейинги устози Қори Ниёзий билан тушган фотосуратлари ҳам бор.

“Абдулла Қаҳҳор шунчалик иқтидорли йигит бўлганидан устозлари унга мактублар ёзган. Ҳамма устоз ҳам ўзининг шогирдига мактуб битавермайди”, — дейди Санобар Матлубова.

Абдулла Қаҳҳор ўқиш даврида қўлёзма журналида машқларини эълон қилиб борган бўлса, кейинчалик “Қизил Ўзбекистон” газетаси таҳририятида муҳаррир бўлади. Бир пайтда Ўрта Осиё давлат университетининг ищилар факултетини тамомлайди. Қўқондаги ўқитувчиларни тайёрлаш курсида муаллимлик қилади. “Янги Фарғона” газетасида котиб, ҳажвий бўлимида мудир сифатида ишлайди. “Муштум”, “Янги йўл” журналлари, “Қизил Ўзбекистон” газетасида Норин Шилпиқ ва бошқа тахаллуслар остида ҳажвиялар эълон қилади.

30-йилларда Тошкентга қайтиб, аввал ўқиган университетининг педагогика факултетига ўқишга киради. Айни пайтда “Совет адабиёти” журналида масъул котиб вазифасини бажаради. 1954−1956-йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқаруви раиси бўлади.

Кейинги витриналардан бирида Абдулла Қаҳҳорнинг ўзи ишлатган кундаликлари, дарс жадваллари, шогирдлари билан ҳамда университетда тушган суратлари жой олган.

Абдулла Қаҳҳор суратга олишни яхши кўрган. Дўстлари давраси, тадбирлар ёки хорижий сафарларда — қаерда бўлмасин, музейда сақланаётган фотоаппаратини ёнида олиб юради. Музей архивида ўзи суратга олиб, таҳрир қилган кўплаб фотосуратлар мавжуд. “Замонавий фотоаппаратлар бўлмаган бир даврда Абдулла Қаҳҳор негативлар билан ишлаган, хоналарни қорайтириб, ҳар бир суратни ўзи тайёрлаган”, — дейди музей ходими.

“Болалик” залидан Абдулла Қаҳҳорнинг турмуш ўртоғи — Кибриё Қаҳҳоровага оид буюмлар ва суратлар ҳам ўрин олган.

Кибриёхоним Самарқандда Махсум Лутфуллаев оиласида туғилган. Бухоронинг “Кўкалдош” мадрасасида таълим олган қизини аввал ўзи, кейин маҳалладаги мактабда ўқитади. Эски араб ёзуви ва алифбосини, форс-тожик, татар ҳамда рус тилларини ўрганганидан сўнг, уйда уни “Мулло Кибриё” деб чақиришни бошлашади.

Араб тилини билиши Тожикистон давлат нашриётининг Самарқанд филиалида Садриддин Айний қўл остида ишлаш имконини беради. Кўп ўтмай, Ленинград университетининг шарқшунослик факултетига ўқишга киради. Шу чоғда Тожикистон давлат нашриётининг Ленинград шаҳри бўлими бошлиғи сифатида ҳам фаолият олиб боради.

1943−1945-йилларда Совет армиясида хизмат қилиб, лейтенант унвонини олади. Хизмат пайтида Тошкент ҳарбий округи муассислигидаги “Фрунзевец” газетасида ҳарбий таржимон сифатида ишлайди. Айнан шу даврда Абдулла Қаҳҳор билан танишади.

Биринчи суҳбатдан сўнг Абдулла Қаҳҳор Кибриёхоним ҳақида китоб ёзишга қарор қилади. Шундан кейин улар тез-тез кўришиб, адабиёт ва ҳаёт ҳақида суҳбатлашиб, кейинчалик турмуш қуради.

Меҳмонхонадаги барча мебел ва жиҳозлар, уй-рўзғор буюмлари ҳамда телевизор Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё Қаҳҳорова қандай яшаган бўлса, ўшандайлигича, ўзгармаган ҳолда сақланмоқда.

Ўртадаги етти кишилик стол ҳам бежизга думалоқ эмас. Абдулла Қаҳҳор шогирд-дўстлари меҳмонга келганда бирининг юқорида, бошқасининг пастда қолишини истамай, шу думалоқ столни олган экан.

Стол устидаги ручка ва ёндафтар ҳам ёзувчига тегишли. Унга кундалик ҳаётида учраган айрим сўзлар, иборалар, тасвирлар, ташбеҳлар, фактлар, турли-туман воқеа-ҳодисалар ва адабиёт ҳақидаги ўйларини ёзиб борган. Янги асар бошлаганда эса шу қайдлардан фойдаланган.

Тўрда рассом Азиза Маматова томонидан чизилган Кибриё Қаҳҳорова портрети осиғлиқ туради. Ёнидаги стол атрофида икки ижодкор Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романини таржима қилишган.

Кибриё Қаҳҳорованинг таржимонликка кириб келишида Абдулла Қаҳҳорнинг ўрни катта бўлган. Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмондаги ижод боғига кўчиб ўтишганда, Абдулла Қаҳҳор рафиқасига “Қани, бир машқ қилиб кўрасизми?” деб “Қўщинор чироқлари” романининг қўлёзмасини беради. Қўлёзма араб алифбосида, устига-устак, хоним ўша пайтда ўзбек тилини ҳали мукаммал билмаган. Шунга қарамай, қийналиб бўлса-да, роман қўлёзмаси устида ишлаш жараёнида ўзбек тилини анча яхши ўрганиб олган.

“Бир куни қандайдир сўзни нотўғри ёзиб қўйганимда Абдулла Қаҳҳор „Ҳа, бечора, ўзи тожик бўлса, яна қўлёзма араб алифбосида, битта-яримта хато қилгандир“, дейиш ўрнига: „Савод борми?“ дедилар. Ўшанда йиғламаган бўлсам ҳам, йиғлагандан баттар бўлганим ҳамон эсимда”, — деб ёзади хоним “Чорак аср ҳамнафас” китобида.

Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, Кибриёхоним “туппа-тузук таржимон” бўлгач, “Уруш ва тинчлик”ни таржима қилишга журъат этади. “Она боласининг тетапоя бўлиши, мустақил қадам ташлаши учун нечоғлик жон куйдирса, Абдулла Қаҳҳор ҳам менинг ўзбек тилини мукаммал ўрганишим, яхши таржимон бўлишим учун шунчалик сабр-у матонат билан ҳаракат қилганлар”, — деб эслайди Қаҳҳорова.

“Уруш ва тинчлик”нинг биринчи жилди таржимасига Кибриёхоним деярли иштирок этмайди. Иккинчи жилдини эса аввал қўлидан келганча хоним таржима қилади, Абдулла Қаҳҳор эса хатоларини тузатиб, оқ қоғозга ёзади. Учинчи жилдни — кундузлари Кибириёхоним таржима қилади, кечқурунлари тайёр қисмини Абдулла Қаҳҳор пешма-пеш кўриб, таҳрир қилиб чиқади. Тўртинчи жилдини биргаликда таржима қилиш насиб этмайди, ишни хонимнинг ўзи тугаллаб қўяди.

Зинадан юқорига кўтарилганда ижод зали кутиб олади. Унда 1925-йилда Абдулла Қаҳҳор “Қизил Ўзбекистон” газетасининг муҳаррири бўлгандаги ишхона макетини кўриш мумкин.

Абдулла Қаҳҳор “Сароб”, “Қўщинор чироқлари” романлари, “Синчалак”, “Ўтмишдан эртаклар”, “Муҳаббат” қиссалари орқали ўзбек насрини бойитган. Ўзбек адабиётида кичик ҳикоя жанрини юксак чўққига олиб чиқиб, ҳикояларидаги ихчамлик ва ўткир маҳорати учун “ўзбек Чехови” деб атала бошлаган.

“Чорак аср ҳамнафас”да ёзилишича, Абдулла Қаҳҳор қишда ижод билан шуғулланиб, ёзда Фарғона водийси ва республиканинг бошқа воҳаларини кезиб юриш одатига эга бўлган. Қишлоқ хўжалиги соҳасида рўй бераётган ўзгаришларни кўзи билан кўриб, ёзиладиган асарларининг қаҳрамонлари билан учрашиб, уларнинг феъл-атвори, меҳнат фаолияти билан яқиндан танишишни яхши кўрган.

50-йиллар бошида Мирзачўлга қилган катта сафарида “Янги ер” (“Шоҳи сўзана”) комедиясидаги Мавлон, “Синчалак”даги Эшон образларнинг прототипларини учратади.

Рус шоири Степан Щипачёв “Синчалак”ни ўқиб, ёзувчига ёзган хатида уни Гоголга ўхшатади. Бир неча ҳикоя ва фелетонларини рус тилига таржима қилган машҳур ҳажвчи Леонид Ленч “Синчалак”нинг ичига кирган “Тўйда аза” ҳикоясига шундай баҳо беради:

“Абдулла Қаҳҳор маҳоратини кичкинагина „Тўйда аза“ ҳикояси мисолида кўрсатиш мумкин. Инсоннинг ўлими ҳақида кулгили қилиб ҳикоя ёзиш ниҳоятда мураккаб.

Бу иш фақат Чеховнинг қўлидан келар эди, франсузлар эплашар эди. Қарангки, Абдулла Қаҳҳор шунга муваффақ бўлибди. Кичик бир ҳикояда сийқаси чиқиб кетган ўлим воқеаси янгича ҳаётий бўёқлар билан ярқираб, жилоланиб турибди”.

Кинорежиссёр Латиф Файзиев “Синчалак” повести асосида филм яратмоқчи бўлади ва одатдагидек, Кибриёхоним бориб киностудиянинг ўша вақтдаги бош муҳаррири, шоир Туроб Тўла билан саккиз минг сўмга шартнома тузиб келади. Қоидага кўра, повест экранизация қилинса, беш минг, у ёқ-бу ёғи ўзгартирилса — саккиз минг сўм тўланар экан. Улар филмнинг номини “Синчалак” деб атамаслик шартини қўйишади. Хоним уйга келиб, масаланинг бу томонини Абдулла Қаҳҳорга тушунтиради.

“Уч минг сўм ортиқча пул оламан деб ҳам ҳукуматни, ҳам томошабинни алдайманми, дедилар у киши. Боринг, шартномани бекор қилиб, беш мингга тузиб келинг. Эртасига янгидан шартнома тузиш учун киностудияга бордим. Абдулла Қаҳҳорнинг талабини эшитиб, ҳамма ҳангу манг бўлиб қолди. Туроб Тўла жилмайиб, “Ажабо, одамлар қалам ҳақини пича оширинг, деб илтимос қилиб келадию, Абдулла акам озайтиришни сўрабдилар-а! деди”, — деб эслайди Қаҳҳорова.

Абдулла Қаҳҳор, шунингдек, Гогол, Чехов, Лермонтов, Пушкин асарларининг таржимони ҳисобланади. Ёзувчининг ўз асарлари ҳам 20 дан ортиқ хорижий тилларга таржима қилинган.

Абдулла Қаҳҳорнинг талабчанлиги ва танқидларидан ўша даврдаги ҳар бир ижодкор эҳтиёт бўлиб юрган. Асарлари нашрдан чиққач, Абдулла Қаҳҳор нима деркан, деб кутишган. Агар ижобий фикр билдирса, демак, у асар яхши деб ҳисобланган.

Саид Аҳмад ўзининг “Йўқотганларим ва топганларим” асарида ёзишича, Абдулла Қаҳҳор “Уфқ” романи нашридан олдин Икром ота урушдан қочиб келган ўғлини отган эпизодини эшитганда “Бундай қила кўрманг, ўз ўғлини ўлдирган отани ўқувчи лаънатлайди. Одам ўлдирган кишини ижобий қаҳрамон деб бўлмайди”, дея бошқа йўл тутишни айтади.

Ўтирганлар орасида чапдан иккинчида — Абдулла Қаҳҳор, унинг ўнг томонида — Саид Аҳмад.

Саид Аҳмад бутун асардаги воқеалар ва деталларни шу эпизодга мослаб ёзганини эслаб, энди қандай ўзгартираман, бутун асарни қайта ёзиб чиқаманми, нима бўлса ҳам отиши керак деб ўйланиб, ҳатто бу ҳақда Қаҳҳорга айтганидан афсусланиб ҳам қўяди. Аммо тонготар маҳал “хайрият, тегмади-я” деган жумлани қўшади. Абдулла Қаҳҳор “Мана бу бошқа гап. Иккита сўз билан бир дунё иш қилибсиз”, деб оқ фотиҳа беради. Саид Аҳмаднинг ўзи эса бундан кейинчалик кўп миннатдор бўлади.

Кибриё Қаҳҳоровага кўра, Абдулла Қаҳҳор минбарга чиққанда айтадиган сўзларининг замирида, албатта, тил масаласи ётган. Бирор ёзувчи ёки шоир ўзбек тилининг назокатини бузса, минг яқин, минг жонажон дўстлари бўлса ҳам, аяб ўтирмаган. Талабалар учрашувларда ҳам ўзбек тилининг бойлигини таъкидлаб, аввало она тилига муҳаббатли бўлиш ҳақида кўп сўзлаган. “Чорак аср ҳамнафас” китобида радио ва телевидение ходимлари билан бўлган бир йиғилишда уларнинг иш жараёнини танқид қилган нутқидан қуйидаги парча келтирилади:

“Жуда бой, чиройли тилимиз бор. Бу тилда ифода этиб бўлмайдиган фикр, туйғу йўқ! Афсуски, радиомиз кўпинча халқ билан мана шу бой, чиройли, пурқудрат тилда гаплашмайди. Одамлар борки, бисотидаги бир ҳовуч сўзни айлантириб, ойлигини олаверади, ўқиш-ўрганиш билан ўзбек тилининг имкониятидан тўлароқ фойдаланишни истамайди ёки бунга фаросати етмайди.

Мана шу одамларнинг дангасалиги ёки фаросацизлиги, чала мулла “олим”ларнинг илмий фаолияти оқибатида шундоқ бир тил вужудга келганки, на муомалада, на суҳбатда, на оилада ҳеч ким бу тилда гапирмайди…

Бу тилни фақат микрофон кўтаради, бунга фақат микрофон тоқат қилади…

Бизнинг матбуот ва радио тили нима учун кундан-кунга халқ тилидан узоқлашиб боряпти?

Нима учун тилимизнинг қонун-қоидалари бузиляпти? Нима учун кўча ҳаракати қоидасини бузган кишига милиция ҳуштак чалади-ю, бутун бир тилни бузаётганларга ҳеч ким ҳуштак чалмайди…”

Абдулла Қаҳҳор драматургияда ҳам ўз даврининг энг олди ёзувчиларидан бўлган. Бу йўналишдаги “Аяжонларим”, “Тобутдан товуш”, “Шоҳи сўзана” асарлари анчайин машҳурликка эришган. “Шоҳи сўзана” комедияси 1949-йили республика миқёсида ўтказилган ёпиқ конкурсда “Мирзачўллик” имзоси билан қатнашиб, юксак мукофотга сазовор бўлди. Ўша йили ўзбек саҳнасининг отахони Етим Бобожонов бу асарни Ҳамза номидаги театр саҳнасида қўяди.

Кейинги йили рус тилида ҳам таржима қилиниб, нашр қилингач, СССР Давлат мукофотига сазовор бўлади. Бир қатор хорижий мамлакатлар, Совет Иттифоқининг 74 театрида саҳналаштирилади. “Бу билан Абдулла Қаҳҳор биринчи бўлиб ўзбек драматургиясини Умумиттифоқ саҳнасига олиб чиқди”, — деб ёзади Кибриё Қаҳҳорова.

Мемориал хоналардан бирида Абдулла Қаҳҳорнинг минглаб китоблардан иборат кутубхонаси жойлашган.

“Бу ердаги барча китобларни Абдулла Қаҳҳорнинг ўзлари сотиб олганлар ва уч-тўрт марта қайта ўқиб чиққанлар. „Сароб“ романидан гонорар олганларида Москвага бориб, Чеховнинг 22 томлик китобини келтириб, беш марта қайта ўқиганлар. Эҳтимол, шундай одатлари Қаҳҳорни буюк ёзувчи, буюк таржимон қилгандир”, — дейди музей ходимаси.

Шунингдек, ёзувчининг иш столи ҳам шу ердан ўрин олган. Кибриё Қаҳҳорованинг ёзиб қолдиришича, Абдулла Қаҳҳорнинг иш кунлари эрталаб соат саккиздан бошланиб, нонушта қилиб бўлгач, столга ўтириб, то соат ўн иккигача ўрнидан турмаган. Бу вақт ичида ҳеч ким ёзувчини безовта қилмай, ўзи ҳам кабинетга ҳеч кимни қўймаган. Лекин “Кори шабу хандаи рўз” — кечаси қилинган ишга кундузи куласан, деб кечқурунлари ишламаган.

“Абдулла Қаҳҳор учун кабинет янги асар туғиладиган муқаддас жой эди.

У ердаги телефоннинг занги олинган, телефон орқали бўладиган барча муомала менинг бўйнимда эди. Жуда муҳим одам бўлса, телефон ёнидаги тугмачани босардим, шунда у киши телефон гўшагини кўтарар эдилар”, — деб эслайди Кибриёхоним.

Шунинг учун у Абдулла Қаҳҳор ишлаётган пайтда, хаёллари бўлинмасин, деб қанчалик муҳим иши бўлса ҳам, кўчага чиқмаган.

“Бир-икки кунлик командировкага бориб, битта очерк ёзиб келадиган ёзувчиларга ҳаваслари келиб, мен товуққа ўхшайман, товуқ ҳам фақат ўрганган жойида тухум қилади, мен ҳам то сиз-у ёзув столим бўлмаса, ёзолмайман, дер эдилар”, — деб ёзади рафиқаси.

Абдулла Қаҳҳор бирор асарни бугун ёзиб, эртасига нашриётга олиб бормаган. Ёзиб бўлгач, уч-тўрт кун ташлаб қўйиб, кейин яна бир карра кўздан кечириб, қаноат ҳосил қилгач, машинкадан чиқарган. Ёзувчи ҳатто бировга ёзадиган мактубини ҳам аввал қўлда ёзиб, кейин машинкада кўчирган.

Кибриё Қаҳҳорова “Чорак аср ҳамнафас” китобида эслашича, Абдулла Қаҳҳор илҳом келса-келмаса, қоғоз қоралаш керак, деб ҳисоблаган. Илҳом келиб қолса, ярим кечаси ҳам ўрнидан туриб, кабинетга кириб кетган. Баъзан тумбочкадаги ёндафтарига хаёлига келган фикрларни ёзиб қўйган.

“Ҳар куни кўпи билан бир ярим-икки саҳифа ёзардилар. Бордию, бир кунда уч саҳифа ёзсалар, бугун уч саҳифа ёздим, эртага ярми бракка чиқади, деб қўярдилар. Бир ярим-икки саҳифани ёзиш учун тўрт-беш соат ўтирардилар.

Баъзи саҳифалар ўн-ўн беш, баъзида эса ўн олти-ўн тўққиз мартадан қайта ёзилар эди.

Мабодо саҳифанинг охирида бирор сўзни ўзгартириш лозим бўлса, ўша саҳифани бутунлай қайтадан ёзиб чиқардилар. Мен у кишининг меҳнатига ачиниб, устига ёзиб қўя қолсангиз бўлмайдими, десам, йўқ, бошқатдан ёзиб чиққанда янги ибора, янги ташбеҳлар эсга келади, асар сайқалланади, ихчам бўлади, дердилар”, — деб ёзади хоним.

Иккинчи қаватга чиқиш зали ва хоналардан ёзувчининг асарларида рол ижро этган актёрларнинг суратлари ҳам ўрин олган. Энг ёрқин намуналаридан бири, албатта, “Маҳаллада дув-дув гап”.

“Уни рус тилида ёзишади. Абдулла Қаҳҳор ўзбек тилига ўгирганда қизил билан кўп жойларини ўзгартириб ташлайди. Буни ўқиган Шуҳрат Аббосов аввалига асабийлашиб, кейин “бу асар таржима орқали қайта туғилди”, деб кулиб қўяди.

“Филмнинг асл номи „Сюрприз“ бўлган. Ундаги ҳар бир жумла Абдулла Қаҳҳор томонидан қайта талқин қилинган деса ҳам бўлади. Лутфихоним Саримсоқова ўғлим лип этиб чиқариб қўярди, лип дегани шу экан-а, деган сўз ўйинлари ишлатиши Абдулла Қаҳҳорнинг сўз заргари эканини яна бир бор кўрсатади”, — дейди музей ходимаси.

50-йиллар бошида Абдулла Қаҳҳорда қанд касали аниқланади. 1968-йил январида ваннахонада ювинаётган чоғи чап оёғининг бош бармоғи озгина шилинади.

“Ранглари қув учган ҳолда ваннахонадан чиқдилар-у, „Тамом!“ деб ўзларини каравотга ташладилар. Дарҳол доктор чақирдим. У тезлик билан касалхонага ётқизишни тавсия қилди. Лекин дори-дармон кор қилмади. Феврал ойида уйга олиб келдим. Хасталик, уйқусизликка қарамасдан „Муҳаббат“ қиссасини ёзиб, тугатдилар”, — деб ёзади Кибриёхоним.

Хонаки дори-дармонлар, мумиё муолажасидан кейин ҳам натижа бўлмайди. Тангадай яра битавермагач, докторларнинг маслаҳатига кўра, ўзи қарши бўлишига қарамай, Москвага олиб боришади.

Аммо у ерда ҳам даволанишлар натижа беравермайди. Ўша пайтларни Кибриё Қаҳҳорова шундай эслайди: “Шунча кундан бери бирон марта „вой“ демаган одам кечаси бир бор „вой“ деб қўйдилар-у, худди ўзларидан ўзлари хижолат бўлгандай, мен оламдан ўтиб кетаётганим учун оҳ чекаётганим йўқ, дедилар. Уй-жойим, боғ-у ҳовлим туриб, шу қафасдай уйда, темир каравотда, яна ёр-у дўстларим билан видолашмай кетаётганимга „оҳ“ чекдим дедилар”.

Ўлимолди куни эса шогирди Шуҳратни чақиртириб, ўзидан кейин Кибриё Қаҳҳоровага ғамхўрлик қилиш ҳақида кўп васиятлар қилади. “Агар мен Абдулла Қаҳҳор бўлган бўлсам, сиз туфайли бўлдим. Бошқа аёл бўлганда, менинг характеримга бир ҳафтадан ортиқ чидамас эди. Сиз бўлмаганингизда, мен эҳтимол бундан йигирма йил бурун ўлиб кетган бўлардим”, — дейди ёзувчи. 1968-йил 25-май куни 61 ёшида Москвада жони узилади.

Ёзувчининг 60, 80, 100 йиллигига бағишлаб нашрдан чиқарилган китоблари ҳамда унга аталган турли ҳадялар “Совғалар” залидан ўрин олган.

Ўзбекистон халқ артисти Юнус Ражабий ва Абдулла Қаҳҳор қўшни бўлишган. Музей ходимасининг айтиб беришича, бу уйда ўтадиган ҳар бир тадбирда Юнус Ражабий келиб, қўшиқ айтиб берган. Бир куни Абдулла Қаҳҳорга “Мен ҳар сафар дутор кўтариб келаман, ўзинг битта дутор буюртирсанг бўлмайдими?” деганида Абдулла Қаҳҳор “Барибир ўзинг чаласан, шунинг учун ўзингнинг устангга буюртма бергин”, деган экан.

“Дутор тайёр бўлганда Юнус Ражабий олиб келиб, 100 сўм деганларида Абдулла Қаҳҳор бирпас жим туриб бир устага, бир дуторга қараб „Устаси билан биргами?“, деган эканлар. Бу ҳам сўз заргарининг бир ўхшатмаси-да. Ҳозир тадбирларимизда устознинг фарзанди Ҳасан Ражабий келиб, шу дуторда қўшиқлар айтиб берадилар-да, ўша ҳангомани эслаб, „лекин отам пулни олмаган“ деб қўядилар”, — дейди музей ходимаси Санобар Матлубова.

Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё Қаҳҳорованинг фарзандлари бўлмаган. Аммо ёзувчининг биринчи турмушидан Пўлат ва Суяр исмли икки ўғли бўлади.

“Шу болалар туфайли кундошим билан тез-тез учрашиб турар эдим. Баъзан қўни-қўшнилар кундошимга нисбатан бўлган муносабатимни кўриб ҳайрон қолишарди. Ахир у биз турмуш қургунча бошқа эрга тегиб кетган ва эрим у билан умр кечиришни истамагандан кейин менинг рашк қилиб юришим ўринсиз эди. Бундан ташқари, у кишининг тинчлиги — менинг тинчлигим. Шунинг учун болаларнинг туғилган куни борми, байрам, янги ўқув йили бошланадиган кун борми, улардан хабар олар, ёзги таътилда боғда, биз билан бирга бўлишарди”, — деб ёзади Кибриё Қаҳҳорова.

“Чорак аср ҳамнафас”да ёзилишича, катта ўғил Пўлат Москва авиация-технология институтида ўқийди. Техника фанлари номзоди унвонини олиб, Тошкент политехника институтида дарс бериб юрган кезлари тўсатдан 37 ёшда инфаркт бўлиб оламдан ўтади. Кичиги Суяр университетнинг юридик факултети кечки бўлимида таҳсил олиб, кундузи Тошкент вилояти ички ишлар бўлимида ишлаган кунларидан бирида тўсатдан 33 ёшида фожиали тарзда вафот этади.

Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё Қаҳҳорова бу уйда ўн йил яшаган. Унга кўчиб ўтиш ортида ҳам қизиқ ҳикоя бор. Қаҳҳорнинг довруғини Иттифоққа таратган “Шоҳи сўзана”га мукофот олган кезлари уйларига меҳмон келади. Улар орасида партия ва ҳукумат раҳбарлари ҳам бўлади. Меҳмонлар улар яшаб турган уйни кўриб ҳайратда қолади. Катта хона дуруст бўлса ҳам кичкинасининг энига иккита каравот аранг сиғади. Уларга уй бермоқчи бўлишади. Орадан сал ўтиб, уч-тўрт ёзувчи қатори Уста Ширин кўчасидан янги уй қуриб берилди.

“Ўша йиллар таржимон Маъруф Ҳаким опаси билан Курант рўпарасидаги бинода, битта хонада истиқомат қиларди. Кўчиш арафасида Абдулла Қаҳҳор „Шу иморат биз учун солинган, демак, нима қилсак, бизнинг ихтиёримиз, шундоқми? Келинг, шу уйни Маъруфжонларга берайлик: етти жон, битта каталакдай хонада қийналиб ўтирибди“, дедилар. Ўзимиз яна ўша „бир яримта“ хонада яшайвердик”, — деб ёзади Кибриё Қаҳҳорова.

Ёз ойларида Дўрмонга кўчиб чиққанлари учун уйнинг торлиги унчалик билинмайди. Орадан сал ўтмай, ищилар шаҳарчасида ҳукумат уларга атаб янги уй қура бошлади. Ўша йиллар шогирдларидан бири уй масаласида қийналиб юради.

“Менга қаранг, шу ҳовлини унга бера қолсак-чи? Керак бўлса, мен истаган жойдан уй ололаман”, дедилар бир куни оқшом маслаҳат оҳангида. У кишининг таклифи менга ҳам маъқул тушди. Чала иморатни ўша ёзувчининг номига ўтказдилар. Биров билан дўст бўлсалар, жонажон дўст бўлар, дўстларига ҳамиша содиқ, оқибатли эдилар. Аммо бировни ёмон кўрсалар, ўз иборалари билан айтганда, “ботинкасининг учигача” ёмон кўрардилар", — деб эслайди Кибриёхоним.

Музей ходимининг айтишича, Абдулла Қаҳҳор 50 ёшга тўлганида Шароф Рашидов “Абдулла Қаҳҳордек инсон бунақа уйда туриши керак эмас”, деб навбатдаги қурилаётган уйлардан бирини ёзувчига атаб қўяди.

1957-йилда уйлар битгач, Қаҳҳор улардан энг кичигини — ҳозирги уй-музей жойлашган ҳовлини танлайди. “Сизга ҳаммадан биринчи кўрсатяпмиз, нега кичкинасини танлайсиз?” деб сўрашганда “Кибриёхоним иккаламизга шу етади, барибир ёз бўйи Дўрмонда бўламиз”, — деб жавоб беради.

Музей ходими Санобар Матлубованинг айтишича, ёзувчининг 80 йиллик юбилейи арафасида Кибриё Қаҳҳоровага Маданият вазирлиги икки хонали уй бермоқчи бўлганда ҳам буни хоҳламай “Абдулла Қаҳҳор билан шунча йил шу уйда яшадим, энди бошқа жойда яшай олмайман”, — дейди ва умрининг охири — 1996-йил 26 сьентабригача шу ерда яшайди.

Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё Қаҳҳорова 1964-йилда эккан хурмолари ҳовлига ҳануз файз бериб туради.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.