Дунё

Тарихий нутқ. “Энг тўғри ва ҳақиқий тариқат — маданият тариқатидир” — Отатурк

Мустафо Камол Отатуркнинг 1925-йилги тарихий нутқи Туркияда модернизация, либос тартиби, хонақоҳлар фаолияти ва хотин-қизлар ҳуқуқларига оид туб ислоҳотларга замин яратганди. Газета Туркия Жумҳурияти куни муносабати билан ушбу нутқ таржимасини тақдим этади.

Тарихий нутқ. “Энг тўғри ва ҳақиқий тариқат — маданият тариқатидир” — Отатурк

29-октабр Туркияда муҳим миллий саналардан бири бўлган Жумҳурият куни сифатида нишонланади. 1923-йил 29-октабрда Туркия Буюк Миллат Мажлиси мамлакат бошқарув шаклини республика деб эълон қилган эди. Шу давлатчилик босқичининг бошида янги республика асосчиси ва унинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатурк турди.

Биринчи жаҳон урушидан кейинги миллий ҳаракатга бощилик қилган Отатурк янги давлат тузилиши билан бирга ижтимоий ва маданий ҳаётни қайта ташкил этишга қаратилган бир қатор ўзгаришларни илгари сурди.

Қуйида берилаётган матн Отатуркнинг 1925-йил август ойида Кастамону ва Инеболу ҳудудига қилган ташрифи чоғида сўзлаган нутқидан олинган. Ушбу чиқишида у жамият тузилиши, урф-одатлар ва фуқаролик қиёфасини замонавий мезонлар асосида қайта кўриб чиқиш ҳақидаги қарашларини баён этган.

Мазкур нутқ кейинчалик Туркиянинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳаётини қамраб олган қатор муҳим қарорлар учун асос бўлиб хизмат қилди, жумладан:

Жаноблар!

Мушоҳадаларимнинг энг қимматли жиҳати шуки, бу гўзал ўлканинг самимий халқи ниҳоятда маърифатли, кенг ва юксак тафаккурга эга. Тан олишим керак, бу сафаримдан олдинги тасаввурларим ҳозир ўзим кўриб чиққан хулосаларимдан анча фарқ қиларди. Агар муҳтарам депутатларингиз Али Ризо Бей, Меҳмет Фуат Бей каби зотлар бўлмаганида, сизни аслингизга буткул тескари кўрсатишга уринаётган кимсалар одамлар онгини чалғитишда ким билади яна қанчалик илгарилаб кетишарди. Амалий натижаларини мамнуният билан кўриб турганим — сизнинг бу юксак дунёқарашингиз, табиийки, бир лаҳзада ёки бир кунда шаклланиб қолган эмас. Бундай даъвони илгари суриш жаҳолатнинг ўзгинаси бўларди йўқса. Шубҳасиз, бу ҳудуднинг муҳтарам халқи азалдан маданий тараққиётнинг табиий занжири бўйлаб илдамлаб келаётган эди. Илдамламоқда ҳам. Бугун мен ана шу тараққиётнинг табиий ифодасига гувоҳ бўлиб турганимдан бахтиёрман.

Бу ҳақиқатнинг аксини иддао қилиб, тараққиёт сари ташлаган қадамларимизни фалаж қилишга уринаётган кимсалар ўз ҳукмларини чиқаришда ярим-ёрти илмларига, чириган мантиқларига ва ожиз ақлларига суянишди деб ҳисоблайман. Бу шўрлик худбинлар шундай қилиш ўрнига халқнинг соғлом ақлига, виждонига мурожаат қилишганида, ундан илҳом олишганида эди, бугун ўзларини ҳам кулгили, ҳам хижолатли аҳволга солган бундай ёқимсиз хатоларга йўл қўйишмасди. Бироқ соғлом тафаккурнинг ақл, мантиқ ва илмдан-да устун турувчи аҳамиятини тан олиш сохта олимларнинг ишига ярамайди.

Дўстлар!

Миллатимиз бош қаҳрамони бўлган буюк ва амалий воқеа-ҳодисалардан сўнг, унинг мустаҳкам онг-шуурга эга эканига энди ҳеч кимнинг шубҳа қилишга ҳаққи қолмади.

Шуур ҳар доим олдинга ва янгилик сари етаклайди. Ортга чекинишни асло қабул қилмайдиган хислат эканини инобатга олсак, Туркия Жумҳурияти халқи илдам қадамлар билан тараққиёт ва янгиланиш сари юришда давом этади. Шуурга путур етмас экан, орқага қайтиш ёки тўхтаб қолиш ҳақида ўйлаш ҳам мумкин эмас. Асрлар давомида қилинган ғаразли уринишлар вақти-вақти билан миллатни ғафлат уйқусига чўмдирган бўлса-да, унинг шуурини фалаж қилишга ҳеч қачон эриша олмади. Бу ҳақиқат миллатнинг бугун кўрсатаётган онгли саъй-ҳаракатлари билан ўз-ўзидан исботланиб турибди. Агар бу онг заифлашган ёки хасталанган бўлганида эди, уни бугунгидек жонли ва тетик ҳолатда қайта тиклашга ҳатто энг буюк қудрат ҳам ожизлик қиларди.

Жаноблар!

Биз миллатнинг асл хоҳиш-иродасига зид гумон ва васвасаларга берилганларга эътибор қилмадик. Бундан, айниқса, бугун жуда ҳам мамнунман ва фахрланаман. Қароримиз нақадар тўғри бўлганининг сирини очиқлаш учун дарҳол шуни билдиришим керакки: бизнинг илҳом манбаимиз тўғридан тўғри бутун турк миллатининг виждони бўлган ва ҳар доим шундай бўлиб қолади.

Барча шижоат, барака ва куч-қувватни миллий виждондан олар эканмиз ҳамда бу саъй-ҳаракатларимизда миллатнинг соғлом ақл-идрокини йўлбощи деб билар эканмиз, шу пайтгача бўлганидек, бундан кейин ҳам миллатни тўғри мақсадларга эриштиришимизга ишончимиз комил.

Ҳақиқий инқилобчилар — тараққиёт ва янгиланиш сари етакламоқчи бўлган инсонларининг руҳи ва виждонидаги асл интилишларга йўл топа биладиган кишилардир. Шу муносабат билан шуни ҳам таъкидлаб ўтайки: турк миллатининг сўнгги йилларда кўрсатган мўъжизалари, амалга оширган сиёсий ва ижтимоий инқилобларининг асл эгаси унинг ўзидир, яъни сизсиз. Агар миллатимизда тараққиётга нисбатан мана шундай иқтидор ва салоҳият бўлмаганида, буни яратишга ҳеч қандай куч ва қудрат кифоя қилмасди. Муайян ривожланиш босқичида бўлган бирон-бир жамиятни ўз ҳолатидан олиб, ҳеч қандай тайёргарликсиз, томдан тушгандек бирданига тараққиёт даражасига кўтариб қўйиш табиатан имконсиз эканини тушунтириб ўтиришга ҳожат йўқ.

…Жаноблар! Қилган ва қилаётган инқилобларимизнинг ғояси — Туркия Жумҳурияти халқини тўлиқ замонавий ҳамда барча маъно ва кўриниши билан маданий бир ижтимоий жамиятга айлантиришдир. Инқилобларимизнинг бош тамойили шудир… Бу ҳақиқатни қабул қила олмайдиган дунёқарашларни тор-мор қилиш зарур. Шу кунгача бу миллатнинг зеҳнини занглатган, уни карахт қилганлар ана шундай тушунчадаги кимсалар бўлиб келди. Нима бўлганда ҳам, зеҳнлардаги мавжуд хурофотлар буткул чиқарилади. Улар чиқариб ташланмас экан, онгга ҳақиқат нурларини сингдиришнинг иложи йўқ.

Мозорлардан, сохта авлиёлардан, ўликлардан мадад тилаш маданий жамият учун исноддир.

…Мавжуд тариқатларнинг мақсади ўз эргашувчиларини дунёвий ва маънавий ҳаётда саодатга етказишдан бошқа нима ҳам бўлиши мумкин? Бугун илм-фан қамрови ва маданиятнинг порлоқ шуъласи қаршисида у ёки бу шайхнинг кўрсатмаси билан моддий ва маънавий бахт қидирадиган даражада ибтидоий инсонларнинг Туркиянинг маданий жамиятида бўлишини асло қабул қилмайман.

Жаноблар ва эй миллат! Яхшилаб билиб олингки, Туркия Жумҳурияти шайхлар, дарвишлар, муридлар ва мансублар мамлакати бўлолмайди.

Энг тўғри ва ҳақиқий тариқат — маданият тариқатидир.

Маданият нимани амр ва талаб қилса, шуни бажариш инсон бўлиш учун кифоядир. Тариқат раҳбарлари мен айтган бу ҳақиқатни бор очиқлиги билан англаб етади, ўз ихтиёрлари билан дарҳол даргоҳларини ёпади ва муридларининг ортиқ ақлланганини, албатта, тан олади. Дўстлар, ҳузурингизда, бутун миллат рўпарасида ташаккур билдирар эканман, ҳис қилган ва кўрганларимни борича айтишни тарих ва виждон олдидаги қарзим деб биламан.

Жумҳуриятимиз ҳукуматида Диёнат ишлари бошқармаси бор. Бу маҳкамага қарашли муфтий, воиз, имом каби кўплаб расмий хизматчи ходимлар бор. Бу масъул шахсларнинг илми ва фазилати қай даражада экани барчага аён. Бироқ бу соҳада ҳеч қандай расмий вазифаси бўлмаган кўплаб кимсаларнинг ҳам худди шундай либосда юришни давом эттираётганини кўряпман. Бундайлар орасида ниҳоятда жоҳил, ҳатто саводсизларига ҳам дуч келдим. Айниқса, бундай нодонлар айрим жойларда ўзларини худди халқнинг вакилидек кўрсатиб, элнинг олдига тушиб олмоқда. Улар ҳукуматнинг халқ билан тўғридан тўғри мулоқотига гўёки бир ғов бўлиш пайида юрибди.

Бундай кимсалардан сўрамоқчиман: бу мақом ва ваколатни улар кимдан, қаердан олишган? Маълумки, миллатнинг ҳақиқий вакиллари — халқ сайлаган депутатлар ва улардан ташкил топган Туркия Буюк Миллат Мажлиси ҳамда Мажлиснинг ишончига сазовор бўлган Жумҳурият Ҳукуматидир. Шунингдек, маҳаллий даражадаги ҳокимиятлар ва уларнинг ҳайъатлари бор. Миллатга эслатиб қўймоқчиман: бундай бебошлик ва пала-партишликка йўл қўйиш асло жоиз эмас. Нима бўлганда ҳам, ҳеч қандай ваколатга эга бўлмаган бундай кишиларнинг расмий вазифадор ходимлар билан бир хил махсус либосни кийиб юришидаги зарарни мен шахсан ҳукуматнинг диққат-эътиборига ҳавола қиламан.

…Инеболуда ва бошқа айрим жойларда ҳам айтдим. Бугуннинг долзарб масаласи деб қаралгани боис, бу ерда ҳам тўхталиб ўтмоқчиман. Ҳар бир миллатда бўлгани каби, бизнинг ҳам бир миллий либосимиз бўлган, бироқ рад этиб бўлмайдиган ҳақиқат шуки, ҳозир кийиб юрган кийимимиз ўша миллий либос эмас. Ҳатто миллий либосимиз нима эканини орамизда биладиганлар жуда оз.

Масалан, рўпарамдаги оломон орасида бир кишини кўриб турибман: бошида феска, фесканинг устидан яшил салла, эгнида кўйлак, унинг устидан эса худди меникидек пиджак кийиб олган, пастки қисмини эса кўролмаяпман. Хўш, бу қандай кийиниш? Маданий инсон шунақа қиёфага кириб, бутун дунёни ўзининг устидан кулдирадими?

…Давлат хизматчилари ҳам, бутун миллат ҳам кийинишини тартибга солади. Илм-фан, саломатлик ва қулайлик нуқтаи назаридан, ҳар жиҳатдан синовдан ўтган замонавий маданий либос танланади. Бу борада иккиланишга ўрин йўқ. Асрлар давомида чўзилган ғафлатнинг аччиқ сабоқларини яна такрорлашга сабримиз ҳам, тоқатимиз ҳам қолмади. Одам эканимизни, маданий инсон эканимизни исботлаб кўрсатиш учун лозим бўлган қадамларни қўйишда ўжарлик ва қайсарлик қилиш комил инсонликка сира тўғри келмайди.

Дўстлар, турк миллати бошдан кечирган улкан воқеалари билан исботладики, у янгиликка интилувчан ва инқилобчи миллатдир. Миллатимиз сўнгги йиллардан аввал ҳам янгиланиш йўлидан боришга, ижтимоий ўзгаришларни амалга оширишга интилмаган эмас. Бироқ кутилган ҳақиқий натижалар кўринмади. Бунинг сабаби нимадалиги ҳақида ўйлаб кўрдингизми?

Менимча, бунга асосий сабаб — ишнинг асл пойдеворидан бошланмаганидир. Бу хусусда очиқ айтай. Жамият, яъни миллат эркак ва аёл деб аталмиш икки жинсдаги инсонлардан ташкил топган. Жамиятнинг бир қисмини ривожлантириб, иккинчи қисмига эътиборсиз қараб, халқнинг яхлит ҳолда тараққий этишига эришиш мумкинми?

Бир жамоанинг ярми занжирбанд ҳолда ерда қолса-ю, иккинчи ярми самоларга парвоз қила олиши мумкинми?

Шубҳасиз, тараққиёт қадамлари мен тилга олган ҳар икки жинс вакиллари томонидан ёнма-ён, бирдамликда ташланиши, ривожланиш ва янгиланиш босқичлари биргаликда босиб ўтилиши шарт. Шундагина инқилоб муваффақиятли якун топади. Бугунги юришимиз ана шу ҳаётий заруриятга яқинлашаётганини мамнуният билан кузатяпмиз. Қандай бўлмасин, бу йўлда янада жасоратлироқ бўлиш зарурлиги кундек равшан.

…Айрим жойларда аёлларни кўряпман: бошига емени, пешбанд ёки шунга ўхшаш нарсаларни ташлаб олиб, юз-кўзини яширади; ёнидан эркак киши ўтиб қолса, ё дарҳол орқасини ўгиради, ёки ерга чўккалаб олади. Бундай хатти-ҳаракатнинг маъно-моҳияти нимада? Жаноблар, маданий бир миллатнинг онаси, миллатнинг қизи шундай ғалати қиёфага, бундай ёввойи ҳолатга тушадими? Бу аҳвол миллатни ниҳоятда кулгили кўрсатадиган бир манзарадир. Буни дарҳол тўғрилаш шарт!

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.