“Тарбияламоқчи эдим”. Қашқадарёда 400 минг сўм учун қизини ўқлов билан уриб, ўлимига сабабчи бўлган ота 5 йилга қамалди

Қашқадарё вилоятида 400 минг сўм сабаб 15 ёшли қизини ўқлов билан уриб, ўлимига олиб келган ота 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Дарё” нашри суд ҳужжатларига таяниб хабар берди.
Маълум бўлишича, 1982-йилда туғилган Қ.Ж. Муборак туманидаги ҳарбий қисм танкчилар баталёнида механик-ҳайдовчи сифатида 2005-йил 24-майдан 2025-йил 11-мартгача хизмат қилган. Шартномаси бекор қилинганидан сўнг, Қ.Ж. ижарада яшаётган уйига қайтиб, буюмларини йиғиштира бошлаган. 13-март куни ҳарбий қисмга бориб, ҳисобдан чиқиш учун ҳужжатларни расмийлаштирган, бироқ ишларни якунлашга улгурмай, соат 20:00 атрофида ижарадаги уйига қайтган.
Оиласи билан овқатланганидан сўнг, ўғлининг сочларини олган ва у билан Қарши туманидаги доимий яшаш жойига боришни режалаштирган. Кийинаётганида ҳамёнидаги 3 миллион сўмни санаб кўрган ва 400 минг сўм камлигини пайқаган. Дастлаб турмуш ўртоғидан пулни ким олганини сўраган, аммо аёли бу ҳақда билмаслигини айтган.
Соат 22:00 атрофида вояга етмаган қизи G.ni ёнига чақириб, пулни олган-олмаганини сўраган. Қизи пулни сўрамасдан олганини тан олиб, кечирим сўраган. Бироқ Қ.Ж. турмуш ўртоғи ва бошқа фарзандларини хонадан чиқариб, ўғлига ошхонадан тахминан бир метр узунликдаги ўқлов олиб келишни буюрган.
Ота ўқлов билан қизининг қўлларига зарба берганида, ёғоч иккига бўлиниб кетган. Шундан сўнг у қизига “нега ўғрилик қиласан, мени шарманда қиласан-ку”, деб, унинг юзи ва оғиз соҳасига бир неча марта шапалоқ туширган.
Қиз бошқа бундай иш қилмаслигини айтиб йиғлаган ва отасидан урмасликни илтимос қилган. Аммо эркак ўқловнинг синган қисми билан унинг қўл ва оёқларига зарба беришда давом этган. Қизининг бақирган овозини эшитган онаси ва аммаси хонага кириб, эркакни тўхтатишга уринган. Бироқ ота уларни яна хонадан чиқариб юбориб, қизини уришда давом этган. Қиз зарбалардан қочиш учун елкасини бурганида, ўқлов унинг орқа ва курак соҳаларига бир неча марта теккан.
Г. янада баланд овозда йиғлагач, онаси иккинчи марта хонага кириб, эридан уни урмасликни илтимос қилиб ёлворган. Шундан кейингина эркак қизини уришни тўхтатган.
Она фарзандини ювиниш хонасига олиб бориб, юзини ювган ва кийимларини алмаштириб, кейин бошқа хонага олиб кирган. Орадан тахминан 10 дақиқа ўтгач, қиз ўзини ёмон ҳис қилиб, ҳушини йўқотган. Аёл ва ўғли Қ.J.ga бу ҳақда айтгач, у қизини уйғотишга уринган, бироқ Г. ҳаракациз ётган. Шундан сўнг уни бошқа хонага кўтариб ўтиб, кўрпача устига ётқизган.
Қ.Ж. соат 00:52 да 103 рақамига қўнғироқ қилиб, қизи талвасага тушаётганини айтган ва тиббий ёрдам сўраган. Тез ёрдам кечикаётгани сабабли соат 01:00 атрофида тиббиёт соҳасида ишлайдиган қўшни аёлга қўнғироқ қилган. Аёл жавоб бермагач, унинг уйига бориб уйғотган ва қизига ёрдам беришини сўраган.
Қўшни аёл қизга биринчи ёрдам кўрсатишга уринган вақтда тез ёрдам ходимлари етиб келган. Шифокорлар вояга етмаган қизни текшириб, у тахминан ярим соат олдин вафот этганини билдирган.
Тез ёрдам ходимлари воқеа ҳақида ички ишлар органларига хабар бериш кераклигини айтган. Эркак эса уларга кетаверишларини, ички ишларга ўзи хабар беришини билдирган. Орадан тахминан 15 дақиқа ўтиб, хонадонга ички ишлар ва прокуратура ходимлари келган.
Улар қизнинг танасидаги кўкаришларни кўриб, шифокор ва суд-тиббиёт экспертини чақирган. Кўздан кечириш жараёнида унинг икки қўли, оёқлари, лаби ва кўкрагининг орқа қисмида тан жароҳатлари борлиги аниқланган.
Шунда эркак ходимларга қизини ўзи урганини тан олган ва жиноят қуроли бўлган синган ўқловни топширган.
“Уни ўлдириш ниятим бўлмаган, фақат бошқа ўғрилик қилмаслиги учун тарбияламоқчи эдим. Жаҳл устида қилган ишимдан пушаймонман”, дея кўрсатма берган Қ.Ж.
Суд-тиббиёт экспертизаси марҳуманинг танасида ёпиқ бош мия ва кўкрак қафаси шикастланиши, мия пардалари остига қон қуйилиши, ўпка тўқималари, қовурғалараро мушаклар ва тери ости соҳаларида катта ҳажмли қон қуйилишлари мавжудлигини аниқлаган.
Жиноят ишлари бўйича Косон туман суди Қ.J.ni Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисмининг “д” банди (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан айбдор деб топган. Унга нисбатан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Аввалроқ Тошкентда бирга яшаган аёлининг 5 ойлик чақалоғини уриб ўлдирган эркак 16 йилга қамалгани хабар қилинганди. Самарқандда эса 2 ёшли боланинг ўлимига сабабчи бўлган она ва ўгай отага суд ҳукми ўқилганди.

