“Уй сотиб олмоқчи эдим”. Самарқандда 2 ёшли боласини сотишга уринган аёл 4 йилга қамалди

“Уй сотиб олмоқчи эдим”. Самарқандда 2 ёшли боласини сотишга уринган аёл 4 йилга қамалди
Самарқанд вилоятида 2 ёшли қизини 5 минг долларга сотишга уринган аёл 4 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Дарё” суд ҳужжатлари билан танишиб маълум қилди.
Маълум бўлишича, 1999-йилда туғилган M.SH. 2019-йилда Булунғур туманида яшовчи йигит билан танишиб, яқин муносабатда бўлган. Тўрт йиллик муносабатлардан сўнг, 2023-йилнинг декабр ойида уларнинг қиз фарзанди дунёга келган. Бу орада эркак хорижга кетиб, аёл билан алоқаларини узган. Тақдирга тан берган M.SH. болани ёлғиз она сифатида тарбиялаб келган.
2026-йилнинг 5-март куни Б. исмли таниши M.SH.нинг олдига келиб, суҳбат давомида бир неча йиллардан буён фарзандга муштоқ опаси борлигини айтиб, қизини уларга беришни сўраган. Агар таклифга рози бўлса, эвазига пул беришларини билдирган.
“Ижарама-ижара юриб, сарсон бўлишдан чарчагандим. Айни ўша пайтда уй сотиб олишни режалаб юргандим. Бироқ бунинг учун пул керак эди. B.ning кутилмаган таклифини эшитиб, мақсадимга эришиш учун имконият пайдо бўлганидан қувониб, рози бўлдим. Улар қизим учун 5 минг доллар беришадиган бўлишди. Шундан 3 минг долларини эртаси куниёқ, қолган 2 минг долларини эса болани уларнинг номига расмийлаштирилгандан кейин оладиган бўлдим”, деди M.SH. ўз кўрсатмасида.
Келишувдан бир кун ўтиб, 6-март куни Самарқанд шаҳридаги Регистон майдони яқинидаги автотураргоҳда ички ишлар органлари ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда M.SH. 3 минг долларни олиб, вояга етмаган қизини шартли харидорга топшираётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тергов жараёнида аниқланишича, M.SH. муқаддам 2024-йилда Жиноят кодексининг 131-моддаси бўйича айбдор деб топилиб, 1 йил 11 ой 11 кун озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. 2024–2026-йиллар давомида суд томонидан жазони ўташда унга бир қатор енгилликлар берилган бўлса-да, у бундан тегишли хулоса чиқармаган ва яна жиноят содир этган.
M.SH. айбига қисман иқрор бўлиб, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирган ва суддан енгиллик беришни сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд туман суди ҳукми билан M.SH. Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) 3-қисми “б” банди билан айбдор деб топилган. Унга нисбатан ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, аввалги ҳукм бўйича ўталмаган жазонинг бир қисми янги жазога қўшилиб, узил-кесил ўташ учун 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Аввалроқ Сурхондарё вилоятида моддий қийинчилик сабаб 11 ёшли ўғлини 40 млн сўмга сотишга уринган аёл 3 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилингани хабар қилинганди. Термиз туманида эса тўрт кунлик чақалоғини 1500 долларга сотмоқчи бўлган аёл 6 йилга қамалганди.

