Таълим ва илм-фан вазирлиги ўқишга қабул қилиш ва кўчиришдаги фирибгарликдан огоҳлантирди
Вазирлик буни пул эвазига, белгиланган тартибларни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб беришни ваъда қилаётган шахсларга ишониш моддий зарар кўриш ва қонун олдида жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини эслатди.

Таълим ва илм-фан вазирлиги ўқишга қабул қилиш ва кўчириш жараёнларидаги фирибгарликлар ҳақида огоҳлантирди
Таълим ва илм-фан вазирлиги фуқароларни ўқишга қабул қилиш ҳамда ўқишни кўчириш билан боғлиқ масалаларда фирибгарлик ҳолатларидан огоҳ бўлишга чақирди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Наманган вилояти бошқармаси ўтказган тезкор тадбирда фуқарони хусусий университетнинг 3-курсига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, бунинг эвазига 18 млн сўм талаб қилган шахс пулни олаётган пайтда қўлга олингани ҳамда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди. Вазирлик бундай ноқонуний ҳаракатларни қоралаб, қонуний тартибга амал қилишга чақирди.
Амалдаги тартибга кўра, хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан ўқишни кўчириш учун аризалар ҳар йили 15-июлдан 5-августга қадар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг махсус электрон платформаси орқали қабул қилинади. Ўқишни кўчириш агентлик ўтказадиган махсус синовлар натижаларига асосан амалга оширилади.
Шунингдек, нодавлат олий таълим ташкилотларига қабул қилинган талабалар ҳақидаги буйруқлар 1-октябрдан кечиктирмай ҲЕМИС тизимида рўйхатдан ўтказилиши шарт. Белгиланган тартибга мувофиқ, ҲЕМИС тизимига киритилмаган шахсларга диплом шакллантирилмайди.
“Шу сабабли синовсиз 3-курсга киритиб қўямиз, ўқишни муддатидан кейин кўчириб берамиз ёки ҳужжатларни кейин расмийлаштирамиз, каби ваъдаларга ишонманг”, дейилади вазирлик хабарида.
Вазирлик фуқаролардан ўқишга қабул қилиш ва ўқишни кўчиришда фақат белгиланган тартиб ҳамда расмий платформалардан фойдаланишни; ўқишга қабул қилингандан сўнг маълумотларнинг ҲЕМИС тизимида рўйхатдан ўтказилганини текширишни; ҳужжатлари ва маблағларини воситачиларга бермасликни, барча жараёнларни қонуний тартибда амалга оширишни; шубҳали таклифлар ёки қонунбузилиш ҳолатлари ҳақида Коррупсияга қарши курашиш агентлигининг 1253 ёки вазирликнинг 1006 қисқа рақамлари орқали хабар беришни сўради.
Ўқишга қабул қилиш ёки ўқишни кўчиришни пул эвазига, белгиланган тартибларни четлаб ўтган ҳолда ҳал қилиб беришни ваъда қилаётган шахсларга ишониш моддий зарар кўриш ва қонун олдида жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги эслатилди.
Тошкентда 7,5 минг долларга хусусий ОТМга ўқишга киритишни ваъда қилган шахс ушланди. Бухорода Қозоғистондаги олий ўқув юртларидан бирида 1—3-курсларни ўқигани ҳақидаги қалбаки ҳужжатларни тайёрлаб, юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали Бухоро Инновацион таълим ва тиббиёт университетининг тиббиёт йўналишига 4-курсдан ўқишга киритиб беришини айтиб, 26 млн сўмни олган фуқаро ашёвий далиллар билан ушланганди. Хоразмда ҳоким ёрдамчиси фуқарони Тошкент гуманитар фанлар университетига ўқишга киритиб қўйишини айтиб, 1 400 АҚШ долларини олган вақтида қўлга тушганди.

