Маҳаллий

Олий таълим вазирлиги Ҳиндистон ва Бангладеш фуқароларини талабаликка қабул қилмаслик ҳақида кўрсатма берилгани ҳақидаги хабарларни рад этди

Олий таълим вазирлиги Ҳиндистон ва Бангладеш фуқароларини талабаликка қабул қилмаслик ҳақида кўрсатма берилгани ҳақидаги хабарларни инкор этди

Ижтимоий тармоқларда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги давлат ва нодавлат олий таълим ташкилотларига Ҳиндистон ҳамда Бангладеш фуқароларини талабаликка қабул қилмаслик юзасидан оғзаки кўрсатма бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Вазирлик бу маълумотлар ҳақиқатга мос эмаслигини билдирди.

Маълум қилинишича, 2026/2027-ўқув йилидан бошлаб хорижлик абитуриентларни Ўзбекистон олий таълим ташкилотларига қабул қилиш жараёни “Студй ин Узбекистан” ягона электрон платформаси орқали амалга оширилмоқда.

Платформа орқали хорижлик абитуриентлар Ўзбекистондаги олий таълим ташкилотлари, таълим дастурлари, қабул шартлари ва тўлов миқдорлари ҳақида маълумот олиши, ҳужжатларни электрон тарзда топшириши ҳамда аризасининг ҳолатини кузатиши мумкин.

Вазирликка кўра, янги тизимнинг асосий мақсади хорижлик абитуриентлар учун қабул жараёнини янада очиқ ва шаффоф қилиш, уларни турли воситачиларга боғлиқ ҳолатдан чиқариш ҳамда олий таълим ташкилотлари билан бевосита мулоқот қилиш имконини яратишдан иборат. Платформада рўйхатдан ўтиш бепул бўлиб, абитуриент танлаган олий таълим ташкилотига тўғридан-тўғри ариза топшириши мумкин.

Шунингдек, Ўзбекистон хорижий талабалар оқимини чеклашдан эмас, балки кенгайтиришдан манфаатдор экани қайд этилган. Бунда хорижий талабалар географиясини кенгайтириш, Ўзбекистонни таълим олиш учун жозибадор мамлакат сифатида хорижда тарғиб қилиш ва таълим экспортини барқарор ривожлантириш мақсад қилинган.

Хорижий талабаларни қабул қилиш ҳажми эса ҳар бир олий таълим ташкилоти томонидан унинг мавжуд имкониятларидан келиб чиқиб белгиланади. Бунда ўқув аудиториялари, ўқув-лаборатория базаси, профессор-ўқитувчилар салоҳияти, талабалар турар жойлари ва бошқа инфратузилма имкониятлари инобатга олинади.

Вазирлик хорижлик абитуриентларга Ўзбекистонда таълим олиш учун расмий “Студй ин Узбекистан” платформасидан фойдаланишни, қабул шартлари бўйича маълумотларни бевосита танланган олий таълим ташкилотидан олишни ҳамда турли воситачиларга асоссиз тўловлар қилмасликни тавсия қилган.

Қабул жараёнида муаммога дуч келган хорижлик абитуриентлар бу ҳақда платформадаги расмий мурожаат каналлари орқали хабар бериши мумкин.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.