Маҳаллий

Таълим тизимидаги ислоҳотларга оид мулоҳазалар

Барча таълим босқичлари — мактабгача, мактаб, олий таълим ва илм-фаннинг ягона вазирлик тасарруфида жамлангани таълим занжирида узвийликни таъминлаш ва тарқоқ бюрократияни тугатиш учун ноёб имконият яратади. Ушбу интеграциялашган тузилма имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда тизимни тўғри изга учун солиш уч босқичли стратегик ёндашувни амалга ошириш вақти келди.

Таълим тизимидаги ислоҳотлар юзасидан мулоҳазалар

Таълим тизими жамиятдаги энг юқори инерсияга эга бўлган ва ижтимоий жиҳатдан ниҳоятда нозик экотизимдир. Бу тизимда амалга ошириладиган шошилинч ёки узлуксиз ислоҳотлар кутилган ижобий натижалар ўрнига тизимли беқарорликни юзага келтиради. Тизимдаги педагогларнинг бу беқарорликдан зўриқиши билим сифатининг пасайишига олиб келади. Мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим соҳасида амалга оширилган кўплаб ислоҳотлар аниқ узоқ муддатли стратегик изчилликка эмас, балки тезкор натижаларга йўналтирилгани сабабли бир қатор салбий оқибатларни келтириб чиқарди. Жумладан,

— Дарсликларнинг тез-тез алмашиши, миллий ўқув дастурининг бир неча бор қайта кўриб чиқилиши ва уларни амалиётга жорий этишдаги шошқалоқлик дарсликлардаги кўплаб услубий, мантиқий хатоликларга ва, энг муҳими, ўқувчиларга ортиқча юкламага сабаб бўлди. Ўқитувчилар янги дарслик методикасини тўлиқ ўзлаштирмасдан туриб яна янги авлод дарсликларига ўтишга мажбур бўлмоқда;

— Баҳолаш тизимидаги янгиликлар ва ҳужжатбозлик талабларининг тез-тез ўзгариши оқибатида ўқитувчилар ўзгаришларга қайта-қайта мослашишга мажбур бўлмоқда, бу эса уларни асосий вазифаси бўлган сифатли таълим беришдан чалғитиб, зўриқиш ҳолатида ишлашига олиб келмоқда;

— Президент мактаблари, ихтисослашган мактаблар ва оддий умумтаълим мактаблари ўртасидаги тафовут (молияланиш, кадрлар сифати) тобора кенгайиб бормоқда. Ислоҳотларнинг асосий эътибори нисбатан тез натижа берадиган элита таълим муассасаларига қаратилаётгани сабабли чекка ҳудудлардаги оддий мактабларда таълим сифати эмас, ҳатто зарур инфратузилмалар ривожи ҳам ортда қолмоқда.

Таълим тизимини иқтисодиёт ёки бошқа соҳалар каби “тезкор экспериментлар” обьектига айлантириб бўлмаслигини қуйидаги омиллар билан изоҳлаш мумкин:

Таълимдаги ҳар қандай ислоҳотнинг ҳақиқий натижаси ёки салбий оқибати камида 10-12 йилдан кейин — ўқувчи мактабни тугатиб, меҳнат бозорига кириб келганида намоён бўлади. Шошма-шошарлик билан ўтказилган ислоҳот натижасида бутун бир авлоднинг билим даражаси салбий таъсир остида қолиши мумкин, буни эса қисқа муддатда тузатиб бўлмайди;

Саноатда нотўғри маҳсулот ишлаб чиқарилса уни қайта ишлаш ёки йўқотиш мумкин, аммо таълимдаги муваффақияциз тажрибага учраган авлоднинг йўқотилган йилларини қайтаришнинг имкони йўқ, етишмаган билим ва кўникмаларни бериш учун яна катта ресурс ва вақт талаб этилади;

Таълимдаги ўқитувчи тайёрлаш, дарслик яратиш, баҳолаш, инфратузилма ва меҳнат бозори талаблари узвий боғланган экотизим бўлиб, элементлардан бирини, масалан, дарсликни ўзгартириш тизимдаги бошқа элементларни ўзгартирмасдан туриб амалга оширилмайди, акс ҳолда экотизимда дисбаланс юзага келади.

Халқаро амалиётга мурожаат қиладиган бўлсак, таълим тизимида тезкор ва сиёсий конюнктурага бўйсундирилган ислоҳотлар кўп ҳолларда инқирозга олиб келган, барқарор ва эволюцион ёндашув эса муваффақият келтирган. Масалан, 2000-йилларда АҚШда қабул қилинган “Но Чилд лефт беҳинд” (Эътибордан четда қолган бола йўқ) дастури доирасида мактаблар ва ўқитувчилар фаолияти доимий стандартлаштирилган тестлар натижасига боғлаб қўйилди. Оқибатда мактаблар чинакам билим бериш ўрнига ўқувчиларни шунчаки тестга тайёрлаш билан шуғуллана бошлади.

Санъат, гуманитар фанлар ва ижодий ёндашув сиқиб чиқарилди. Кейинчалик қилинган таҳлиллар ушбу тажриба ўқувчиларнинг аналитик фикрлашини пасайтирганини, бундан ташқари ўқитувчиларнинг оммавий равишда ишдан кетишига сабаб бўлганини кўрсатди. Яна бир ёрқин мисол сифатида 1990-2010 йиллар оралиғида Буюк Британияда таълим вазирлиги ва баҳолаш агентликларининг миллий ўқув дастурлари ҳамда баҳолаш мезонларини тинимсиз ўзгартириб туришининг салбий оқибатларини келтириш мумкин. Тадқиқотларга кўра, доимий ўзгаришлар ва ҳисоботдорликнинг ортиши ўқитувчилар орасида руҳий толиқишни кучайтирган. Натижада ҳар учинчи янги ўқитувчи дастлабки 5 йил ичида касбни тарк этган. Тизим доимий кадрлар етишмовчилиги муаммосига дуч келган.

Хулоса қилиб айтганда, таълим тизимида муваффақиятга эришиш учун ислоҳотлар сони ва шиддатини ошириш эмас, балки уларни илмий ва далилларга асосланган ҳолда, узоқ муддатли тажриба-синов босқичларидан ўтказиб, кейин ялпи жорий этиш зарур. Таълим соҳасидаги энг яхши ислоҳот бу ўқитувчига халақит бермайдиган, инфратузилмани яхшилайдиган ва камида 10 йиллик барқарорликни таъминлайдиган сиёсатдир.

Барча таълим босқичлари — мактабгача, мактаб, олий таълим ва илм-фаннинг ягона вазирлик тасарруфида жамлангани таълим занжирида узвийликни таъминлаш ва тарқоқ бюрократияни тугатиш учун ноёб имконият яратади. Ушбу интеграциялашган тузилма имкониятларидан самарали фойдаланиб, тизимни тўғри изга солиш учун уч босқичли стратегик ёндашувни амалга ошириш вақти келди.

Дастлабки босқич (1-2 йил): Тизимлаштириш, стабиллик ва зудлик билан бажариладиган чоралар.

Ушбу босқичнинг асосий мақсади кетма-кет ислоҳотлар туфайли юзага келган хаосни тўхтатиш ва тизимга барқарорлик беришдир.

Ислоҳотларга мораторий эълон қилиб, илмий аудит ўтказиш керак. Шунда дарсликлар, баҳолаш тизими ва ўрта махсус ҳамда олий таълимга қабул қоидаларини ҳар йили ўзгартириш амалиётига чек қўйилади. Сўнгги 10 йилдаги ўзгаришларнинг реал таъсири комплекс илмий-статистик аудитдан ўтказилади.

Бирлаштирилган вазирлик ичида мактабгача таълим, мактаб, олий таълим ташкилоти (ОТТ) ва фан ўртасидаги ўқув дастурлари мослигини таъминловчи "Ягона таълим стандарти" ишлаб чиқилади.

Мактаб битирувчисининг билими ОТТнинг биринчи курс талабига, ОТТ дастури эса илм-фан ва меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштирилади;

Ўқитувчи ва профессорлар юкламасини кескин қисқартириш зарур. Жумладан, барча босқичдаги педагогларни ортиқча ҳисоботлар, электрон платформаларга такрорий маълумот киритиш ва доимий ўзгарувчан мажбурий сертификациялардан озод этиш. Асосий эътибор дарс сифатига қаратилади.

Ҳар қандай янгилик (янги дарслик, баҳолаш формати) бутун республика бўйлаб эмас, фақат танлаб олинган пилот ҳудудларда камида 3 йил синаб кўрилгач ва ижобий хулоса олингачгина оммалаштирилиши мажбурий қилиб қўйилади.

Асосий босқич (3-5 йил): Сифат, интеграция ва инфратузилмавий ўзгаришлар

Бу босқичда тизимни барқарорлаштириш, мазмуний ва таркибий ислоҳотлар ўтказилади. Айнан мана шу босқичда раҳбариятнинг кучли сиёсий иродаси талаб этилади.

Мактабгача ва мактаб таълими йўналишида:

Компетенсияга асосланган миллий ўқув дастурини, яъни ёдлашга эмас, мантиқий, аналитик ва амалий фикрлашга йўналтирилган барқарор дастурни тўлиқ шакллантириш;

Педагогик таълимни трансформация қилиш керак. Бунинг учун педагогика университетлари ва институтлари қайта кўриб чиқилади. Ўқитувчиликка қабул талаблари кучайтирилади, ўқув методикалари замонавий психология ва нейропедагогика ютуқларига асосланади;

Тенгликни таъминлаш учун диққатни фақат элита (Президент, ихтисослаштирилган) мактабларга қаратмай, чекка ҳудудлардаги оддий умумтаълим мактабларининг инфратузилмаси ва кадрлар салоҳиятини тенглаштириш.

Олий таълим ва илм-фан интеграцияси йўналишида:

— Ҳақиқий академик ва молиявий автономияни йўлга қўйиш, яъни ОТТларга ўқув дастурларини бозор ва фан талабидан келиб чиқиб мустақил белгилаш, профессор-ўқитувчилар штатини эркин шакллантириш ва молиявий ресурсларни бошқариш ҳуқуқи берилади;

— “Фан – ОТТ – Саноат” учлигини самарали ташкил этиш зарур. Бунинг учун аввало, илмий-тадқиқот институтларини ОТТлар билан бевосита бирлаштириш (лаборатория ва илмий базаларни биргаликда ишлатишни йўлга қўйиш) керак. Шунда талабалар 2-3-курсданоқ реал илмий лойиҳаларга жалб этилади;

— Кадрлар тайёрлашни бозорга мослашни тезлаштириш керак. Давлатга қарашли ОТТларга қабул квоталари давлат томонидан маъмурий равишда эмас, балки меҳнат бозори ва илмий-техник йўналишлар динамикасидан келиб чиқиб шакллантирилади.

Илмий даражалар бериш тизими ва ОАК

Тизимдаги ёпиқлик кўпинча масъулияцизликни келтириб чиқаради. 26-май фармони ортиқча тартиб-таомилларни олиб ташлади — бу тўғри қадам. Аммо ОАК экспертизаси ва тасдиғи бекор бўлгач, сифатни кафолатлайдиган ягона омил очиқлик ва обрў бўлиб қолади. Шунинг учун қуйидагиларни 2027-йил 1-январгача, яъни янги тартиб кучга киргунча ишга туширишни таклиф қиламан.

1. “Обрў институти” — имзоли тақризларни очиқ эълон қилиш. Ҳар бир ҳимоядан сўнг расмий оппонентларнинг тақризлари, кенгаш аъзоларининг овоз бериш натижалари ва имзоли хулосалари диссертациянинг тўлиқ матни билан бирга ягона порталга жойлансин. Автореферат чоп этиш бекор қилингани сабабли тўлиқ матннинг очиқ бўлиши янада муҳим. Олимлар ўз обрўсини тўкмаслик учун саёз ёки кўчирма ишларга ижобий тақриз ёзишдан қўрқиб қолади.

2. Илмий раҳбарнинг рақамли профили. Ҳар бир раҳбар учун шогирдлари, ҳимоя қилинган ишлари, мақолалари ва халқаро базалардаги кўрсаткичлари занжир каби боғланган очиқ саҳифа яратилсин. Бир вақтнинг ўзида раҳбарлик қилинадиган изланувчилар сонига оқилона чегара қўйилсин.

3. Кенгашлар рейтинги методикасини очиқ муҳокамага қўйиш. Рейтинг мезонлари, мустақил экспертизага танланадиган ишларни аниқлаш тартиби ва натижалари олдиндан эълон қилинсин. Танлов тасодифий (автоматик) бўлсин, акс ҳолда у яна "керакли" ишларни четлаб ўтиш воситасига айланади. Саёз ишларни кўп ўтказган кенгашларнинг рейтинги тушиб, фаолияти тугатилишига асос бўлсин.

4. Хорижий экспертларни тизимли жалб қилиш. Фармонда танлаб олинган ишларни хорижий экспертлар кўриб чиқиши назарда тутилган. Бунинг учун хорижда ишлаётган ватандош олимлардан иборат экспертлар базасини шакллантириш, уларнинг хизматини аниқ ставка билан тўлаш керак. Мен ва кўплаб ҳамкасбларим бунга тайёрмиз.

5. Мансабдорларнинг диссертациялари. Академик Шавкат Аюпов кўтарган масала жамиятда кескин муҳокамага сабаб бўлди. Давлат лавозимидаги шахсларнинг диссертациялари мажбурий равишда мустақил (имкон қадар хорижий) экспертизадан ўтказилса, бундай шубҳаларга ўрин қолмайди.

6. Плагиат аниқланган ишлар бўйича аниқ тартиб. Ҳимоядан кейин ҳам плагиат ёки сохталаштириш аниқланса, даражани бекор қилиш ва унга "йўл очиб берган" оппонент ҳамда кенгаш аъзоларининг жавобгарлиги қонунда аниқ белгилансин. Бунда айбланувчининг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқи таъминлансин.

7. ОАКнинг Фанлар академияси тизимидаги мустақиллиги. Раис учун 5 йиллик муддат ва икки муддат чегараси белгилангани ижобий. Президиум аъзолари ҳам очиқ танлов асосида, илмий кўрсаткичлари эълон қилинган ҳолда сайлансин.

Бу ерда "олтин ўрталик" муҳим: диссертантларга ортиқча бюрократик тўсиқ яратмаслик ва айни пайтда илмий тадқиқот сифатини сақлаш. Юқоридаги таклифлар изланувчига бирорта қўшимча қоғоз талаб қилмайди, фақат улар аллақачон мавжуд маълумотни очиқ қилади.

2. Илм-фанни молиялаштириш

ПФ-58 фармони билан 2027-йилдан танловсиз молиялаштириш тақиқланди, маблағнинг камида ярми устувор йўналишларга йўналтирилади. Йўналиш тўғри, лекин бир хавотирим бор. Чунки лойиҳа танловида "тармоқдаги етакчи корхонанинг ижобий хулосаси" талаб қилинмоқда. 2024-йилда академик Ш. Аюпов билан бирга ёзган мақоламизда ҳам айтгандик: "илмий ишланмалар истеъмолчиси бўлган ташкилотлар талабларидан келиб чиқиш" ибораси фундаментал тадқиқотларга тўғри келмайди. Математик теоремага қайси корхона хулоса беради?

1. Фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар учун алоҳида "йўлаклар". Ҳар бири ўз мезонлари, ўз экспертлари ва ўз ҳисобот шакли билан баҳолансин. Фундаментал йўлакда корхона хулосаси ўрнига халқаро илмий экспертиза ва нашрлар сифати асосий мезон бўлсин.

2. Ваколатларни аниқ тақсимлаш. "Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида"ги қонунда ваколатли орган масаласини янги вазирлик тузилмасига мослаб қайта кўриб чиқиш вақти келди. Таклифим ўзгармаган, яъни инновацион ишланмалар бўйича — Инновацион ривожланиш агентлиги, фундаментал фан бўйича — Фанлар академияси ваколатли орган бўлиши керак. ОАКнинг ФА тизимига ўтказилгани бу мантиққа мос келади.

3. Очиқ ва холис экспертиза. Экспертлар рўйхати, уларнинг илмий кўрсаткичлари ва манфаатлар тўқнашуви ҳақидаги декларациялари эълон қилинсин. Ариза берувчи эксперт хулосасини тўлиқ кўра олсин ва эътироз билдира олсин. Ҳар бир лойиҳага камида битта хорижий эксперт жалб қилинсин.

4. Кўп йиллик барқарор молиялаштириш. Ҳар йиллик экспертиза кўп вақт ва ресурс талаб қилади, олимни эса ҳисобот ёзувчига айлантиради. Лойиҳалар 3-5 йилга молиялаштирилсин, оралиқ баҳолаш енгиллаштирилсин. Илмий ташкилотларнинг базавий маош фонди эса танлов натижасига боғланмасин, акс ҳолда кучли жамоалар бир йил омадсизликдан тарқалиб кетиши мумкин.

5. Шахсга йўналтирилган грантлар. Австрия Фанлар академиясида "кучли мия"лар, ёш олимлар ва аёл олимлар учун алоҳида, яхши молияланадиган дастурлар бор. Бизда ҳам истеъдодли тадқиқотчига (ташкилотга эмас) бериладиган 5 йиллик индивидуал грантлар жорий этилсин.

6. Академик мобиллик. Олимларни янги йўналишларни ўзлаштириш учун ойлик маоши сақланган ҳолда 6-12 ойлик хорижий стажировкаларга юбориш тизимини йўлга қўйиш керак. Хитой Фанлар академияси ривожида чет элдан қайтган олимларнинг ҳиссаси катта бўлган. Қайтган ватандошларга "старт-уп" грант ва лаборатория очиш имконияти берилсин.

7. Маблағни мақсадсиз ишлатишни тўхтатиш. Илмий маблағни қурилиш ва таъмирга сарфлаш тақиқлангани жуда тўғри. Шу билан бирга, илмий жиҳозлар харидида соддалаштирилган тартиб керак: олим керакли реактив ёки дастурий таъминотни олиш учун ойлаб тендер кутмаслиги лозим.

3. Профессор-ўқитувчининг мақоми ва раҳбарлик маданияти

Профессор-ўқитувчи ўзини бировга тобе инсондек туца, кимни тарбиялайди? Бу саволни 2024-йилда ўртага ташлагандим, у ҳамон долзарб. ОТМларга берилган академик эркинлик бу аввало академик дастурлар борасидаги эркинликдир. Кузатишларимга кўра, эркинлик берилган айрим ОТМлар бу имкониятни бой бермоқда: раҳбарият янги ғояларга ёпиқ, жамоавий қарор қабул қилиш механизми йўқ.

1. Шартномада йўқ вазифаларга жалб қилишни тақиқлаш. Профессор-ўқитувчининг асосий вазифаси талабага чуқур билим бериш ва эркин илмий тадқиқот олиб боришдир. Уни шартномада кўрсатилмаган тадбирларга, "маънавий ишлар"га, мажбурий обуналарга жалб қилиш учун раҳбарнинг шахсий жавобгарлиги белгилансин.

2. Илмий фаолият учун кафолатланган вақт. ПФ-58 ОТМларга ўқув юкламаси меъёрларини ўзи белгилаш ҳуқуқини берди. Бунда илмий фаол ўқитувчилар учун юкламани камайтириш, ҳар 4-5 йилда бир семестрлик илмий таътил (саббатисал) бериш имконияти назарда тутилсин.

3. Ректорларни танлашнинг очиқ тартиби. 2026-йил 1-сентабрдан ректорларни вазирлик тайинлайди. Бу жараён ҳам очиқ бўлиши керак: номзодлар ўз ривожланиш дастурини жамоа олдида ҳимоя қилсин, танлов натижалари ва мезонлари эълон қилинсин, ректорлик муддати чеклансин. Университетлар мустақиллигини кенгайтириш ва ректорни юқоридан тайинлаш ўртасидаги зиддиятни шу йўл билан юмшатиш мумкин.

4. Кенгашларнинг ҳақиқий ваколати. Университет кенгаши, кафедралар қарорлари "бир кишининг" хоҳишига боғлиқ бўлмасин. Муҳим қарорлар (штат, дастурлар, илмий йўналишлар) коллегиал қабул қилиниб, баённомалари жамоага очиқ бўлсин.

5. Реал ижро муддатлари ва меҳнат қонунчилигига риоя. 2019-йилда ёзгандим: "Ўзбекистонда сутка 24 соатдан кўпроқми?" Ижро муддатлари ниҳоятда қисқа, ижро сифациз бўлиши ҳаммага маълум, лекин "камида қоғозда" акс эттирилиши талаб қилинади. Янги вазирлик ўз топшириқларида реал муддатлар, дам олиш кунлари йиғилиш ўтказмаслик ва ҳисоботлар сонини кескин қисқартириш тамойилини жорий қилса, бутун тизимга намуна бўлади.

6. Раҳбарларни жамоа баҳолаши. "Бошлиқ ҳамма нарсани билади" деган нотўғри тасаввурдан аллақачон воз кечишимиз зарур. Йилига бир марта ходимларнинг аноним сўровномаси орқали ректорлар, деканлар ва бўлим бошлиқларининг бошқарув услуби баҳолансин, натижалари уларнинг аттестациясида ҳисобга олинсин.

Хориждаги малакали юртдошларимиз учун фақат яхши маош кифоя эмас. Улар ўз ғояларини эркин амалга ошириш имкониятини қидиради. "Чидасанг шу, бўлмаса катта кўча!" деган муносабат сақланиб қолар экан, уларни қайтариш қийин.

4. Ёш кадрлар: магистратура ва докторантура

26-май фармонида бир қанча кутилган янгиликлар, масалан, кириш имтиҳони ўрнига тадқиқот тақдимоти кабилар ижобий деб ҳисоблайман. Энди уларни тўлдирадиган қадамлар керак.

1. Ёш мутахассисларни ОТТларга қабул қилишнинг очиқ тартиби. 2020-йилда ҳам ёзгандим, яъни ОТТга ишга қабул қилиш учун аниқ меъёр йўқ, тажрибали олим ёки ёш магистр танлови раҳбарият ихтиёрида. Бўш ўринлар ягона порталда эълон қилинсин, мезонлар ва ғолиб номзоднинг кўрсаткичлари очиқ бўлсин.

2. Ассистент ва постдок лавозимлари. Таянч докторантларга ҳафтасига чекланган соатда дарс бериш (теачинг ассистант) ҳуқуқи ва қўшимча ҳақ берилсин. Ҳимоядан кейин 2-3 йиллик постдокторантура ўринлари ташкил этилсин. Ҳозир ёш фан номзоди ҳимоядан сўнг кўпинча тадқиқотдан бутунлай ажралиб қолади.

3. Илмий-тадқиқот институтларида магистратура. 2019-йилдаги таклифимни такрорлайман: институтларда ишлаб чиқариш жараёнлари билан боғлиқ магистратура дастурларини очиш, корхоналарни молиявий жалб қилиш. "Амалий докторантура" йўлга қўйилгани яхши, энди унинг магистратура босқичи ҳам керак. Бундай мутахассисларга иш жойида табақалаштирилган юқори маош белгилансин.

4. Илмий раҳбарлик сифати. Рағбат ҳ-индексга боғлангани тўғри. Шу билан бирга, муддатида ҳимоя қилмаган шогирдлари кўп бўлган раҳбарларга янги докторант беришни вақтинча тўхтатиш механизми ҳам керак.

5. Мактабдан илм-фангача занжир. Янги вазирликнинг энг катта афзаллиги шу: иқтидорли ўқувчини мактабда аниқлаб, олимпиада, университет ва докторантурагача узлуксиз кузатиб бориш мумкин. Бу учун ягона "иқтидорлар реестри" ва илмий раҳбарлар билан эрта таништириш дастурлари (ёзги мактаблар, ўқувчилар учун тадқиқот лойиҳалари) йўлга қўйилсин.

5. Хусусий университетлар ва барқарор ҳуқуқий асос

Олий таълим мажбурий эмас, унга интилаётганлар вояга етган ёшлардир. Улар учун танлов имкониятини кенгайтириш давлатнинг вазифасидир. 2020-йилда нодавлат ОТМлар яхши ривожланиши учун алоҳида қонун кераклигини ёзгандим. Ўшандан бери уларнинг сони 74 тага, талабалари 716 мингга етди. Бироқ талаблар асосан қонуности ҳужжатлари билан, тез-тез ва кескин ўзгариб турибди: 2025-йилда устав жамғармаси камида 2 млн доллар этиб белгиланди. Вазирликларни бирлаштиришда "олий таълимда давлат аралашувини кескин қисқартириш" мақсад қилингани бу масалани қайта кўриб чиқишга имкон беради.

1. Ягона қонун ёки қонундаги алоҳида боб. Нодавлат ОТМларни очиш, лицензиялаш ва ёпиш шартлари қонунда бир марта, ҳамма учун тенг белгилансин. Ҳар бир университет учун алоҳида ҳукумат қарори чиқариш амалиётидан воз кечилсин.

2. Камида 2-3 йиллик ўтиш даври. Ҳар қандай янги талаб амалдаги ОТМларга дарҳол эмас, олдиндан эълон қилинган ўтиш даври билан қўллансин. Акс ҳолда бундай ўзгаришлар талабаларга зарар етказади ва инвесторни чўчитади.

3. Капитал эмас, сифат мезони. Устав жамғармаси ва бино майдони сифатни кафолатламайди. Аккредитация битирувчиларнинг иш билан бандлиги, профессор-ўқитувчилар таркиби, илмий натижалар каби кўрсаткичларга асослансин.

4. Тенг рақобат шароити. Давлат гранти ва илмий лойиҳалар танловида нодавлат ОТМлар давлат ОТМлари билан тенг шартларда қатнашсин. Рейтинг асосидаги молиялаштириш (ПФ-58) ҳам сифатли нодавлат ОТМларга татбиқ этилсин.

5. Очиқ маълумотлар. Ҳар бир ОТМнинг лицензияси, профессор-ўқитувчилар таркиби, контракт нархи, битирувчилар бандлиги ва текширув натижалари ягона очиқ порталда эълон қилинсин. Абитуриент ҳам, ота-она ҳам онгли танлов қилиши учун шу кифоя.

6. Илм-фан ва ишлаб чиқариш, математика ва фундаментал фанлар

Илмий натижаларни тижоратлаштириш талаб қилинмоқда, бу тўғри. Аммо тайёр ишланмалар йўлида бюрократик тўсиқлар, давлат корхоналаридаги эскича муносабат, баъзан эса коррупсион манфаатлар турибди. Бунда олимларнинг айби йўқлиги аниқ. ПФ-58 даги илмий кластерлар ва 26-май фармонидаги солиқ имтиёзлари (ҳамкорлик харажатларининг 150 фоизини чегириш, 3 йиллик фойда солиғидан озод қилиш) яхши асос яратди.

1. Илм-фан ва ишлаб чиқаришни боғловчи мутахассислар. Олим ишлаб чиқаришни, муҳандис эса замонавий фанни етарли билмайди, улар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилмаган. Университетлар ва институтларда технологиялар трансфери бўлимлари профессионал менежерлар билан тўлдирилсин, уларни тайёрлаш учун махсус магистратура дастури очилсин.

2. Олимнинг интеллектуал мулкдаги улуши. Тижоратлаштирилган ишланмадан тушган даромаднинг аниқ улуши (масалан, камида учдан бири) муаллиф-олимга тегишли экани қонун билан кафолатлансин. Бу энг кучли рағбатдир.

3. Натижаларни кузатиш. Давлат маблағи ҳисобидан бажарилган лойиҳалар натижаси қаерда жорий этилгани ва қандай иқтисодий фойда бергани очиқ реестрда юритилсин. Бу расмиятчилик учун эмас, келгуси танловларда тажрибани ҳисобга олиш учун керак.

4. Фундаментал фандан дарҳол даромад кутмаслик. Илм-фанга ажратилган маблағ ўзини оқлай бошлаши вақт талаб қилади. "Вақт тиғиз" деб шошилинч хулосалар чиқариш ярамайди. Йўл хариталарида реал муддатлар кўрсатилсин.

5. Математика - тизимли фикрлаш мактаби. Ягона вазирлик мактаб ва университетни бирлаштирди. Бу имкониятдан фойдаланиб, университет математикларини мактаб дарсликлари экспертизасига, ўқитувчилар малакасини оширишга ва олимпиада тайёргарлигига тизимли жалб қилиш керак. Мактаб математика ўқитувчиси ва университет олими ўртасидаги узилиш бартараф этилса, иқтидорлар оқими ўз-ўзидан кўпаяди.

6. Фанлар академияси институтларининг янгиланиши. Австрия тажрибасида институтлар илм-фандаги янги йўналишларга мослашиб боради. Бизда ҳам ҳар 5 йилда институтлар фаолияти халқаро экспертлар томонидан баҳолансин, натижасига кўра йўналишлар янгилансин ёки бирлаштирилсин. Асосийси, шу жараённи тўғри йўлга қўйиб олиш.

7. Илмий нашрлар ва илмий этика

Бир йўналишдаги мутахассис бошқа йўналишдаги мақолани холис тақриздан ўтказиши амримаҳол. Ўшанда "ОАК Бюллетени"нинг қоғозда чоп этилиши ҳам фақат харажат эканини айтгандим. 26-май фармони билан мавзуларни рўйхатга олиш ва автореферат чоп этиш бекор қилинди — бу ҳам тўғри қадам. Аммо нашрлар сифати масаласи ҳал бўлгани йўқ.

1. ОАК тавсия этган нашрлар рўйхатини қайта кўриб чиқиш. Рўйхатда фақат ҳақиқий таҳрир ҳайъати, очиқ тақриз сиёсати ва мунтазам чиқиш тарихига эга журналлар қолсин. Киритиш мезонлари ва ҳар бир журналнинг баҳолаш натижаси эълон қилинсин.

2. Миллий журналларни халқаро даражага олиб чиқиш. 10-15 та етакчи миллий журналга халқаро базаларга кириш учун молиявий ва техник ёрдам (халқаро таҳрир ҳайъати, инглиз тилидаги версия, рақамли платформа) кўрсатилсин.

3. "Йиртқич" журналларга қарши чоралар. Шубҳали журналлардаги мақолалар диссертация ва лавозим аттестациясида ҳисобга олинмаслиги аниқ белгилансин. Бундай журналларни аниқлаш мезонлари очиқ бўлсин.

4. Ягона рақамли илмий профил. Фармонда олимлар фаолиятини кузатишнинг ягона рақамли тизими режалаштирилган. У ОРСИД ва халқаро базалар билан автоматик боғлансин, олимдан қайта-қайта қоғоз ҳисобот талаб қилинмасин.

5. Илмий этика кодекси ва мустақил этика комиссияси. Плагиат, сохта ҳаммуаллифлик, "эгизак" диссертациялар бўйича мурожаатларни кўриб чиқадиган, қарорлари очиқ эълон қилинадиган мустақил комиссия тузилсин. Плагиат текшируви натижаси ҳимоядан олдин порталга жойлансин.

Ислоҳотларнинг йўналиши тўғри танланган, энди ҳаммаси ижрога боғлиқ. Таклифларимнинг умумий ғояси битта — очиқлик, холис экспертиза ва реал муддатлар. Бу уч нарса қўшимча бюджет талаб қилмайди, лекин ҳар қандай қарорнинг самарасини бир неча баробар оширади.

Соҳа вакиллари билан муҳокама қилинмаган қарор, қанчалик яхши ниятда қабул қилинмасин, ижрода кутилган натижани бермайди. Шунинг учун ҳар бир муҳим ҳужжат лойиҳасини оммавий муҳокамага қўйиш, олимлар фикрини эшитиш амалиётини давом эттириш зарур.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.