“Тузилмалар эмас, бошқарув услуби ва нияти муҳим”. Таълим қандай бошқарилиши керак?
Ўзбекистонда таълим вазирликлари бирлаштирилиб, ягона ташкилотга айлантирилди. Ўзи таълим тизими қандай бошқарилиши керак? Бу борада хориж тажрибаси қандай? Нималар қилиниши керак? Газета ъТаълим 360ъ подкастида мутахассислар билан мавзуни муҳокама қилди.

“Тузилмалар эмас, бошқарув услуби ва нияти муҳим”. Таълим қандай бошқарилиши керак?
Таълим тизими деганда, дунё бўйлаб боғчадан бошлаб олийгоҳ ва ундан кейинги босқичларгача бўлган жараёнлар тушунилади. Аммо гап унинг бошқарувига келганда-чи? У нималарни қамраб олади? Идеал шароитда бу соҳа қандай бошқарилиши керак? Ваколатлар қандай тақсимланади, сифат назорати қай тарзда олиб борилади?
Газета “Таълим 360” подкастининг 4-сонини айнан шу мавзуга бағишлади. Унда доимий эксперт Комил Жалилов ҳамда таълим масалалари бўйича мутахассис Азамат Акбаров қатнашди.
— Таълим тизими дейилганда боғчадан бошлаб олийгоҳгача ва илмий кадрларни тайёрлаш тизими назарда тутилади. Лекин соҳанинг бошқаруви деганда нимани тушуниш керак? Шу ҳақда бошласак.
— Комил Жалилов:
Таълимни бошқариш — жуда ўзига хос жараён. Яъни таълим тизимини бошқариш завод ёки корхонани бошқариш эмас. Чунки заводни бошқарсангиз, КПИъингиз аниқ бўлади. Нечта маҳсулот ишлаб чиқарилади, нечтаси сотилади, нечтасидан фойда олинади — шунга ўхшаш аниқ кўрсаткичлар белгиланади.
Ёки, масалан, вилоятни бошқарсангиз, у ерда ҳам кўрсаткичлар нисбатан аниқ бўлади. Ўша вилоятда қанча одам иш билан таъминланган, иқтисодий кўрсаткичлари қандай — каби. Таълимда эса вазият бошқачароқ. Нега? Чунки таълим шундай соҳа-ки, унинг натижасини бугун ёки эртага кўриб бўлмайди.
Айниқса умумий ўрта таълим тизимида натижани 11 йилдан кейин кўриш мумкин. Бу бир авлод мактабни тугатиб, олийгоҳларга кирганда ёки меҳнат бозорига қўшилганда намоён бўлади. Яъни таълимда бугун бир иш қилиб, натижасини бугуннинг ўзида ёки эртага кўраман, деган фикр ўтмайди. Шу сабабли унда анъанавий КПИълар ва кўрсаткичлар ишламаслиги мумкин.
Менимча, таълимни бошқаришда фалсафа бироз бошқача бўлиши керак. Яъни таълим тизимида мақсад нима — шу белгилаб олиниши лозим. Якуний босқичда биз кимни кўрмоқчимиз? Эсингизда бўлса, подкастнинг биринчи сонида таълим фалсафаси ҳақида гаплашгандик. Яъни таълимда айнан қандай инсонни кўрмоқчимиз, деган саволни қўйган эдик. Хоҳлаймизми ёки йўқ, бошқарув шу фалсафага бориб тақалади. Аввало шу саволга жавоб бериш керак. Бошқарув фалсафаси шундан келиб чиқиб шакллантирилади.
Тўғри, тизимни бошқаришда, масалан, нечта мактаб қурилгани, нечта боғча ишлаётгани, қанча болани қабул қила олаётгани ҳам муҳим. Лекин бугун ёки эртага ўлчаб бўлмайдиган жиҳатлар ҳам бор. Бошқарувда ана шулар ҳисобга олиниши керак. Акс ҳолда, таълимни бошқариш худди завод бошқарувига ўхшаб қолади. Бу кутилган натижани бермаслиги мумкин.
— Демак, сизнингча, бошқарув аввало таълим фалсафасини аниқлашдан бошланади. Тушунарли. Азамат ака, бу борада сизнинг фикрингиз қандай?
— Азамат Акбаров:
Бошқарувнинг асосий натижаси аслида миллионлаб ҳужжатларнинг айланишида эмас, балки ўқитувчининг салоҳиятини оширишда бўлади. Халқаро тажрибага таянсак, Буюк Британияда 2001-йилда, яъни бош вазирлик иерархиясида Деливерй Унит деган ташкилот очилган. Бу ташкилот ҳар бир стратегияни пилот дастурдан ўтказиб, аниқ мақсадлар билан исботлагандан кейин университетлар ва мактабларга татбиқ этади. Бу тажриба ҳозир жуда кўплаб давлатларда ҳам ишлайди.
Ҳозир Сингапур ёки Финландия тажрибаси ҳақида кўп гапирамиз. Масалан, Финландияда ҳам бошқарув фалсафаси иккига бўлинган. Яъни бири ҳисобот, ресурс ва соат бошқаруви бўлса, иккинчиси ундан чиқадиган натижа талаба ва ўқитувчига қанчалик таъсир кўрсатаётганини ўлчайди. Бу жуда муҳим. Чунки таълим бошқаруви аслида талабанинг саводхонлиги, дунёқараши, креатив фикрлаш мезонларини бошқаришдир.
Баъзан мактабларни қоғозда чиройли кўрсатишга уринадилар. Бу ҳам аслида бир бошқарув тизими. Яъни айнан қоғозда чиройли кўриниши учун миллионлаб инструментлар сарфланади. Лекин аслида талабанинг саводхонлиги сояда қолади. Бошқарув услубларидаги чалкашлик инсонни асл натижадан узоқлаштиради. Шунинг учун Финландия ва Британия мисолида олсак, бу ерда асосий бошқарув усули синфхоналарга қанчалик таъсир кўрсатаётганига қаратилади.
Финландияда тизим бошқаруви кўпроқ ишончга таянади. Масалан, ҳудудларга эркинлик берилиши ҳам ишонч билан боғлиқ. Сингапур модели ҳам шундай қурилган. Уларда ҳам мактабларни назорат қиладиган инспексияда ўта катта таъсир кучи йўқ. Нима учун? Чунки бу ишончга боғлиқ. Демак, бошқарувнинг асосий тамойилларидан бири — ўзаро ишонч. Ўзаро ишонч бўлмаган тизимда бошқарув ўта бюрократик, оғир механизмга айланади.
Мактаб ёки бирор вилоят, шаҳарни бошқариш учун кўпроқ одам ишга оласиз, кўпроқ кераксиз ҳужжатларни имзолайсиз ва ҳар куни устма-уст янги қонунлар ишлаб чиқасиз. Менимча, бу таълим тизимида энг охирги ҳисобланган таъсирни, яъни сифатга таъсирни камайтиради.
— Яъни тизимда қанча структуравий ўзгариш қилинмасин, агар у бевосита жойларда сезилмаса, ҳаммаси бекор, демоқчимиз. Шундай хулосага келсак бўлади, демак.
Хўп, кейинги савол. Бевосита тизим бошқарувига ўцак, юқорида айтдик, таълим тизими деганда боғчадан бошлаб олийгоҳгача ва унга қўшимча равишда илмий кадрларни тайёрлаш тизими назарда тутилади.
Шуларнинг ҳаммаси бир тизимда жамланса, у қанчалик самарали ҳисобланади? Ўзи битта қилиб бошқариш тўғрими ёки алоҳида бошқарилиши керакми?
— Комил Жалилов:
Жуда қизиқ савол. Лекин ягона тўғри жавоб йўқ. Чунки халқаро тажрибага қарасангиз, бутун тизимни ҳам битта вазирлик, ҳам алоҳида тузилмалар бошқаради. Яъни униси тўғри, буниси нотўғри деб бўлмайди. Турли моделлар бор. Аммо бу ерда жуда муҳим нуқта бор. Бутун тизимни бир вазирлик қўлида жамлаш бир нечта хавфларни юзага келтириши мумкин.
Жуда катта тизимнинг пайдо бўлиши самарасиз ишлайдиган ва фақат мавжудлигини исботлаш учун ҳар куни буйруқлар чиқарадиган тизимни юзага келтириш эҳтимолини оширади. Бу ерда катта савол туғилади: катта тизимнинг қайси нуқталарига вазирликнинг қайси тузилмалари жавоб беради? Бир вазирлик боғчадан, мактабгача ва олий таълимгача бошқарадиган тизимларда ҳам, масалан, олий таълим тизими кўп ҳолларда барибир автоном ҳисобланади.
Яъни улар олий таълимга аралашмайди. Умуман олганда, олий таълим мустақил фикрлайдиган, таҳлил қила оладиган мутахассисни етиштириб чиқариши керак, бунинг учун ОТМ мустақил бўлиши лозим. Тизимнинг ўзи, университетлар мустақил бўлмаса, мустақил шахсни қандай етиштириб чиқариш мумкин?!
Энди боғча-мактабларга келсак, менимча, айрим ваколатларни ишонч асосида уларга ҳам бериш керак. Вазирлик ҳамма нарсани марказдан туриб бошқараман деса, бу яхши натижаларга олиб бормайди. Халқаро тадқиқотларда ҳам бу исботланган. Масалан, мактабларга автономия бериш билан таълим сифати ўртасида корреляция борми, деган тадқиқотлар ўтказилган. Ҳаммамиз биладиган ПИСА натижаларига қарасангиз ҳам шундай.
Бу ҳақда ПИСА асосчиси Шлайхер ҳам “Жаҳон миқёсидаги таълим. ХХИ аср мактаб тизимини қандай барпо этмоқ керак?” деган катта китобида айтган. Яъни “самарали таълим тизимлари мактабга ишонч, кўпроқ автономия бериш устига қурилган”. Бундан ташқари, Эрик Алан Ханушек деган иқтисодчи олимнинг Жаҳон банки эълон қилган тадқиқотлари бор. Уларда ҳам шу корреляция кўрилган. Яъни мактабларга кўпроқ автономия берилган таълим тизимлари ҳақиқатан самаралироқ ишлаши исботланган.
Яқинда бир турк олимининг халқаро журналларда чоп этилган мақоласини кўриб қолдим. У Туркия мисолида таҳлил қилмоқда. Яъни Туркия ОЕСД (Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти) давлатлари ичида ПИСА натижалари нисбатан паст, яъни таълим тизими натижалари унчалик яхши бўлмаган давлатлар қаторига киради ва ўша олим бунинг сабабларини таҳлил қилмоқда. Хулосага кўра, бунинг сабабларидан бири Туркия таълим тизимининг ўта марказлашгани билан боғлиқ.
Битта вазирлик ҳамма нарсани бошқаради, мактабларда автономия деярли йўқ. Ҳозирги Туркия сиёсати университетлардан ҳам академик мустақилликни олиб ташлаш йўналишида кетмоқда. Ректорликка содиқ одамлар марказий ҳукумат томонидан тайинланади. Яъни бутун таълим тизими бошдан-оёқ қаттиқ вертикал асосида бошқарилади.
Айтмоқчиманки, бошқарув усули ва модели якуний натижада таълим сифатига таъсир қилиши илмий тадқиқотларда исботланяпти. Бу шунчаки мавҳум нарса эмас. У хоҳлайсизми ёки йўқ, бевосита сифатга таъсир қилади.
— Тушунарли. Ўзи харажатларни тежаш, самарали бошқарувни йўлга қўйиш нуқтаи назаридан катта тизимни ягона бошқарувчига бериш ва умуман реформа ўтказиш салбий баҳоланмайди. Азамат ака, Комил аканинг фикрича, бу ерда маъмурий буйруқбозлик вертикали яратилмаслиги керак, холос. Сизнингча, бу қандай бўлиши керак?
— Азамат Акбаров:
Аслида тузилмалар муҳим эмас, яъни вазирликлар бирлашадими ёки алоҳида фаолият юритадими — бу ерда бошқарув услуби ва нияти жуда муҳим. Дунёда 3 хил бошқарув услуби бор: ягона вазирликка бирлаштириб бошқариш, иккига ажратиб бошқариш ҳамда ҳудудларга тақсимлаб бошқариш. Масалан, Япония, Жанубий Корея, Финландияда боғча ва мактабларни бошқарувчи вазирлик билан олийгоҳларники битта. Лекин Финландияда икки хил бошқарув услуби бор. Чунки уларда мактаблар 2009-йилдан бошлаб вазирлик ишлаб чиққан ягона миллий ўқув дастурига бўйсунади, университетларга эса юридик автоном мақом берилган.
Иккинчи бошқарув услубини Россия мисолида айцак, 2018-йилга келиб уларда вазирликлар иккига бўлинди. Масалан, Ҳиндистонда бунинг акси бўлди, 2020-йилга бориб бутун тизим ягона таълим вазирлигига бирлаштирилди. Бу ерда давлатнинг ҳар бир ҳудуддан олиб борган тадқиқотлари жуда муҳим.
Учинчиси — федерал тақсимот билан бошқариш. Айтайлик, Германия, АҚШ, Канадада мактаблар ҳудудларга бириктирилади. Умуман вазирликка бўйсунмайди, вазирлик фақат стратегик ва асосий тадқиқотларни олиб борадиган кичик марказга айланади. Бу жуда муҳим. Давлатнинг келажаги, унга қандай инсон ресурслари кераклиги ва келажакдаги таълим билан ишлаб чиқариш ўртасидаги корреляция бўйича таҳлиллар қилинади. Яъни бизга ишсизлар керакми, фан керакми, дунё қаерга қараб кетяпти, космосни забт этамизми, йўқми — деган саволлар кўрилади.
Мен ўйлайманки, бизда ҳам, яъни дунёдаги тенденсияга қарасак, бошқарув услубининг ниятлари жуда муҳим. Агар сизда тадқиқот ва стратегия бўлмаса, бир йили вазирликларни бирлаштиришингиз, иккинчи йил ажратишингиз ҳам мумкин. Бундан нима наф бўлиши мумкин? Бу катта савол бўлиб туради. Шунинг учун вазирликни ўта катта монолит тизимга айлантирмасдан туриб, дунё кейсларини кўряпмиз.
Университетлар ЙИМга ҳисса қўша бошлаши керак. Малайзияда бу ҳисса 5 фоизни ташкил этади, Америкада 10 фоиз. Университетларга автоном мақом берилмаса, келажакка инвестиция қила олиш менталитети бўлмаса, уларни мактабдан фарқи қолмайди.
— Комил Жалилов:
Боғча, мактаб, университетлар таълим дастурлари ўртасида узилиш бўлмасин, ҳаммаси биргаликда, ҳамжиҳатликда ишласин, деган яхши ният бўлиши мумкин. Фақат бу ерда яна бир катта хавф юзага келиши эҳтимоли бор.
Мактабларда бошқарув модели барибир нисбатан бошқача. У ерда ҳали ёш авлод тарбияланади. Мисол учун, бутун дунёда вояга етмаганларга ижтимоий тармоқларни тақиқлаш баҳси кетмоқда. Ёки кийинишга маълум талаблар қўйилади, тўғрими?
Азамат ака университетлар ЙИМга ҳисса қўшиши кераклигини, тадқиқот марказига айланиши лозимлигини айтяптилар. Энди тасаввур қилинг, ягона вазирлик эрталаб боғчага бориб овқат рационини текширса, тушда мактабда форма масаласини кўтарса, ундан кейин университетда талабага қандай кийинишни ҳам ўргаца, ҳаммасига бир хил ёндашувни қўлласа, бу жуда катта хавф бўлади.
Чунки мактаб ва университетнинг фалсафаси бошқа. Улар бошқа муҳит. Университетда эркин академик муҳит бўлиши керак. Яъни ҳамма қарор ҳам марказдан тушиши шарт эмас ва маъмурий буйруқбозлик вертикалига айланмаслиги керак.
— Айнан боғча ва мактаб ҳолатида қайси қарорлар марказ томонидан қабул қилиниши керак деб ҳисоблайсиз? Қайси қарорларни автономия асосида таълим муассасасига бериш лозим?
— Комил Жалилов:
Бу ҳақда олдинги сонларимизда ҳам айтганмиз, яъни ягона мақсад ва фалсафа керак. 11 йилдан кейин мактабни битирадиган инсон қандай бўлиши керак? Бунга эришиш учун қайси йўлдан борилади? Шуларни аниқлаб олиш яхши.
Бу — вазирлик даражасида белгиланадиган масала. Керак бўлса, илмий тадқиқот институтлари ва жамоатчилик билан бирга якуний қарорга келиш зарур.
Педагог якуний мақсадни билса, қайси синфда қандай методикалар асосида болага қандай дарс ўтишни ҳам билади. Бу қарорларни ҳудуддаги ўқитувчилар бевосита жойида қабул қилиши керак. Яъни умумий стратегияни белгилаш вазирликнинг иши, стратегияни эса жойларда амалга ошириш мумкин.
Яъни ўқув дастурлари, методология, дарсликлар, қўшимча ресурслар бўладими — уларнинг ҳаммаси белгиланган умумий мақсад доирасида мактаблар томонидан ҳал қилиниши керак. Ваколатлар тақсимотида мактабга кўпроқ ишонч берилса ва умумий стратегиядан келиб чиқиб бу стратегия бевосита жойида ҳал қилинса, сифатлироқ натижа бўлади. Бу илмий исботланган. Бутун марказ республикадаги минглаб мактабнинг шароитини ичига кириб чиқа олмайди. Бу имконсиз.
— Тушунарли. Азамат ака, олийгоҳлар мисолида манзарани қандай кўрасиз?
— Азамат Акбаров:
Мактаблар бўйича қўшимча қилмоқчи эдим. Ҳақиқатан ҳам халқаро тажрибада дарсликлар ёки дарс методикаси, материалларни муассасанинг ўзи белгилайди. Биз ҳар бир муассасага автономия, эркинлик берилсин деймиз. Лекин бунга эришиш ҳам осон эмас.
Чет мамлакатларида эркинликнинг 2 та асосий шарти бор: сифат ва шаффофлик. Масалан, агар мактаблар ўз салоҳиятини ошириб бораверса, буни натижалари билан кўрсата олса, вазирлик томонидан унга эркинлик, автономия фоизлари ошириб борилар экан. Ҳар қандай янги мактабга автономия тўлиқ бериб қўйилмайди.
Финландияда 1991-йилдан бери мактаб инспексияси йўқ.
Чунки тизим тўлалигича ишончга қурилган. Нидерландияни оладиган бўлсак, мактабларга давлат тенг буджет ажратади, яъни “элитний” мактаблар йўқ. Роттердамнинг энг чекка қишлоғида ҳам Амстердамнинг энг марказидаги мактабга тенг буджет ажратилади ва буни мустақил инспексия кузатиб боради. Мана шу — шаффофлик. Бу жуда муҳим нарсалар.
Сингапурда эса қизиқ: уларда децентрализация кластерлар орқали кетади. Мактаблар аслида мустақил эмас, лекин бир ҳудуддаги 7–8 та мактаб бирлашиб, биргаликда кучга айланади ва вазирлик айнан уларга дастур ишлаб чиқиб бериши мумкин.
Энди университетларга келсак, университетлар автоном.
Чунки университетлар мактабдан фарқли равишда, жойлашган ҳудуди ва давлатнинг келажак салоҳиятини белгилаб берувчи ҳамда давлатни 4.0–5.0 саноатга олиб чиқадиган драйвер ҳисобланади. Жанубий Корея 1980-йил охирларигача Мисрдан ловияни гуманитар ёрдам сифатида олган, лекин қисқа даврда Осиё йўлбарсига айланди. Бунга айнан университетлардаги ноу-ҳау сабаб бўлди.

