Маҳаллий

Ўзбекистонда мактаб таълими: 35 йилда нималар ўзгарди?

**Ўзбекистонда мактаб таълими: 35 йилда нималар ўзгарди?**

Ўзбекистон собиқ Совет иттифоқидан мустақил бўлганига 35 йил бўлди. Шу давр мобайнида бошқа соҳалар қатори таълим тизимида ҳам бир қатор янгиликлар амалга оширилди. Мактаблар барпо этилди, таълим мазмуни ва сифатини яхшилашга қаратилган янги дастурлар жорий қилинди. Шунга қарамай, бир савол ҳануз очиқ қолмоқда: ўқувчилар олаётган таълим сифати реал ҳаёт талабларига қай даражада мос? Мустақиллик арафасидаги ва бугунги мактаблар ўртасидаги фарқ нимада?

### Мактаблар ва ўқувчилар сонидаги фарқлар

Республикада 35 йил ичида аҳоли сони ошгани сайин мактаблар ва ўқувчилар сони ҳам кўпайди. Масалан, 1990-1991-йилларда Ўзбекистонда 8,5 мингта мактаб фаолият юритган. Уларда жами 4,7 миллион ўқувчи таҳсил олган.

2026-йил бошига келиб мамлакатдаги жами мактаблар сони 10 193 тага етди. Бу ўтган 35 йиллик даврнинг ҳар бир йилида ўртача 48 та мактаб қурилганини билдиради. Ҳозирда мактаб ўқувчилари сони 6,4 миллион нафарни ташкил этмоқда. Мустақиллик даврида ўқувчилар сони 1,7 миллион нафарга ошган бўлса, йилига ўртача 48,5 минг нафардан кўпайиб борган.

Аҳолининг тез суръатларда ўсиши фонида янги мактаблар қурилиши ўқувчилар сони ортишидан ортда қолаётганини тахмин қилиш мумкин. Чунки 1990-1991-йилларда жами ўқувчиларнинг 1,2 миллион нафари ёки 26,1 фоизи икки ва уч сменада ўқиган. Бугун эса 60 фоиздан ортиқ болалар икки сменада таълим олмоқда. Мамлакатдаги мактабларда беш миллиондан зиёд ўқувчи ўрни мавжуд. Яъни бир миллиондан ортиқ ўқувчи учун жой етишмайди.

### Сиёсатнинг таълимга таъсири

Совет давридаги Ўзбекистон таълим тизимининг ҳозиргидан туб фарқ қиладиган жиҳати шундаки, аввал тизим коммунистик мафкура асосида ишлаган. Ўқув дастурларига сиёсий ғоялар сингдирилган, хусусан тарих, сиёсацҳунослик, адабиёт фанларида совет идеологияси етакчи ўрин эгаллаган.

Мустақилликдан кейин давлат бошқарувида муайян ўзгаришлар юз берди. Табиийки, бу жараён таълимга ҳам таъсир кўрсатди. Тизимни ривожлантириш бўйича янги дастурлар ишлаб чиқилди, дарсликлар янгиланиб борди.

### Таълим босқичларидаги ўзгаришлар

Мустақилликдан аввалги бир неча ўн йилликларда мактаб таълими 7, 8 ва 10 йилни ташкил этган. 1992-йил 2-июлда “Таълим тўғрисидаги” қонун қабул қилинди. Ҳужжатга кўра, умумий ўрта таълим уч босқичдан иборат этиб белгиланди: бошланғич таълим 1-4 синфлар, таянч таълим 5-9-синфлар, ўрта таълим 10-11 синфлар.

1997-йилда қабул қилинган “Кадрлар тайёрлаш миллий дастури” асосида тўққиз йиллик умумий ўрта ҳамда уч йиллик ўрта махсус касб-ҳунар таълими жорий этилди. Дастурга биноан таълим қуйидаги турларга ажратилди: мактабгача таълим; умумий ўрта таълим; ўрта махсус, касб-ҳунар таълими; олий таълим; олий ўқув юртидан кейинги таълим; кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш; мактабдан ташқари таълим.

Дастурда қайд этилишича, 1997-йилгача мамлакатдаги ўқув жараёни билим даражаси ўртача бўлган ўқувчиларга мўлжалланган эди. Шунингдек, 1997-йилда ҳам ўқув дастурлари совет мафкуравий сарқитларидан тўлиқ холи эмаслиги таъкидланган.

2017/18-ўқув йилидан бошлаб 11 йиллик мажбурий умумий ўрта таълим тизими қайта тикланди. Бу ташаббус жамоатчилик, ота-оналар ва 9-синфлар битирувчилари томонидан кенг қўллаб-қувватлангани айтилган.

2019-йилдан республикада янги турдаги президент ва ихтисослаштирилган мактаблар очила бошлади. 3 120 та ихтисослаштирилган мактаблар очилди. Шу тариқа оддий умумтаълим мактаблари билан бирга билими ва қобилияти нисбатан кучли ёшларни алоҳида тарбиялашга асосланган таълим муассасалари ҳам пайдо бўлди. Ўз навбатида хусусий мактаблар фаолияти ҳам кенгайди.

Ҳозирда 40 фоиздан ортиқ мактаблар аввалгидек бўрда ёзиладиган доскалар билан эмас, балки электрон доскалар билан таъминланган. Кўплаб синфхоналар компютерлар билан жиҳозланган, рақамли таълим ҳам ривожланиш босқичида.

### Дарсликлар сони ортди

Мустақилликнинг илк йиллари — 1991–1995-йилларда Ўзбекистонда 164 номдаги мактаб дарсликлари нашр қилинган. Жумладан, 44 номдаги мутлақо янги дарслик, 21 номдаги муқобил дарсликлар яратилган.

2023-йилга келиб, мамлакатда илғор хорижий тажрибалар асосида бошланғич синфлар учун 775 номда яратилган янги авлод дарслик мажмуалари 72 миллион нусхада чоп этила бошланган. Дарсликларга қўшимча равишда ўқитувчилар учун методик қўлланмалар ва мултимедиа иловалари ҳам яратилган. Ўзбекистон мактаб таълимида илк бор хориждан энг яхши ўқув адабиётларини мактаблар учун мослаштириш амалиёти ҳам йўлга қўйилган. Масалан, 2023/24-йилдан бошлаб ўқувчилар 1-11-синфларда инглиз тили дарсликлари ва методикаси бўйича ўқитила бошланган. УСАИД халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда амалга оширилган лойиҳа доирасида жами 46 номдаги ўқув адабиётлари Ўзбекистонга мослаштирилган, таржима қилинган ва тажриба-синовдан ўтказилган.

### Аввалги ва ҳозирги мактаб вазирлари

Ўтган 35 йил давомида халқ таълими тизимини ўндан ортиқ вазир бошқарган. Улар орасида лавозимида энг узоқ қолган шахс Жўра Йўлдошев бўлган. Жўра Йўлдошев тизимга 1991-йилдан 2000-йилгача, яъни тўққиз йил раҳбарлик қилган. Бошқа вазирлар асосан уч йилдан беш йилгача, айримлари эса бир йил мазкур лавозимда ишлаган.

Жўра Йўлдошевдан кейинги халқ таълими вазири Рисобой Жўраев бўлган (2000-йил 11-август — 2004-йил 7-май).

Учинчи вазир Туропжон Жўраев ҳисобланиб, тизимни 2004-йил 7-майдан 2008-йил 26-мартгача бошқарган. Қолган вазирлар ва уларнинг бошқарув йиллари қуйидагича:

Ғайрат Шоумаров, 2008-йил 28-апрел — 2010-йил 26-феврал;

Авазжон Мараҳимов, 2010-йил 2-март — 2011-йил 30-июн;

Темур Ширинов, 2011-йил 4-июл — 2013-йил 7-феврал;

Улуғбек Иноятов, 2013-йил 7-феврал — 2018-йил 20-июн;

Шерзод Шерматов, 2018-йил 20-июн — 2021-йил 17-ноябр;

Бахтиёр Саидов, 2021-йил 17-ноябр — 2022-йил 30-декабр;

Ҳилола Умарова, 2022-йил 30-декабр — 2025-йил 14-июл.

Ҳозирда вазирлик номи Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бўлиб, тизимни Эъзоза Каримова 2025-йил 14-июлдан бери бошқариб келмоқда.

### Таълим сифати долзарблигича қолган

35 йил давомида тизимда қатор ўзгаришлар амалга оширилган бўлса-да, барча болаларга сифатли таълим берилмоқда, деб айтиш ҳали эрта. Буни олийгоҳга кириш учун ўзига ўқитилган дарсликларни қайта-қайта ёдлаш мақсадида репетиторга қатнаётган, ПИСА имтиҳонидан паст баҳо олган ёки университетга кириш учун минимал балл ҳам тўплай олмаган болалар улуши кўплигидан ҳам англаш мумкин. Яъни мактабдаги таълим етарли даражада ўзлаштирилмаётгани айтилади.

Шунингдек, сифатли таълим берадиган профессионал педагоглар ҳам етарли эмас. Масалан, 2022-йил январдаги йиғилишда президент 504 минг педагогдан 12 фоизи ўрта махсус маълумотли, 38 фоизида эса умуман малака тоифаси йўқлигини айтганди.

2026-йил И ярмида Ўзбекистонда ўртача номинал ойлик иш ҳақи 7,1 миллион сўмга етди. Бироқ таълим соҳаси вакилларининг ўртача маоши 5 миллион сўмга ҳам етмаган. Яъни аксарият ўқитувчиларнинг ойлиги ҳануз республикадаги ўртача иш ҳақидан паст. Табиийки, соҳа ривожи ва ёшларни таълим бўйича етук кадр сифатида шакллантиришда моддий манфаатнинг ҳам ўз ўрни бор.

Ўзбекистонда 2030-йилгача таълим сифатини тубдан ошириш мақсад қилинган. Хусусан, мамлакатни ПИСА халқаро баҳолаш дастурида дунёнинг энг яхши 30 та давлати қаторига киритиш вазифаси белгиланган. Таълим тизимида инфратузилмани яхшилаш бўйича ҳам катта режалар мавжуд. Мисол учун, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида 2030-йилгача умумий ўрта таълим мактабларининг электрон доскалар билан таъминланишини 100 фоизга етказиш, олий маълумотли педагоглар улушини 99 фоизга чиқариш мақсад қилинган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.