Талабалар норозилиги тўқнашувларга айланди - Эди Рама лавозимидан кетмоқчи эмас
Албания бош вазири Эди Рама олти кундан бери давом этаётган намойишлар фонида истеъфога чиқиш талабини рад этди. АФП маълумотига кўра, бир ҳафталик норозилик аксияларида 272 киши, жумладан, 169 нафар полиция ходими жабрланган.

Талабалар норозилиги тўқнашувларга айланиб кетди — Эди Рама истеъфога чиқмоқчи эмас
Полиция қатнащиларга қарши сув пуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатди.
Норозилик марказларидан бири Таълим вазирлиги биноси олди эди. У ердаги оломон тарқатилгач, намойищилар шаҳар марказининг бошқа ҳудудларига кўчган ва тўқнашувлар бир неча соат давом этган.
АФП маълумотига кўра, айрим қатнащилар тошлар, ёнувчи аралашма солинган шишалар ва пиротехника улоқтирган, чиқинди қутиларини ёқиб юборган. Ҳукмрон партия қароргоҳи деразалари синдирилган, полиция бўлими ҳамда Ички ишлар вазирлиги биносининг кириш қисмига ўт қўйилган.
18-октабрнинг ўзида 28 киши жароҳатланган. Уларнинг 19 нафари полиция ходимлари бўлган.
Ўша куни Эди Рама намойишлар ҳақида халққа батафсил видеомурожаат қилди. Бир соат 14 дақиқа давом этган чиқишида у лавозимидан кетмаслигини айтиб, аксиялар ортида «ташқи кучлар» турганини даъво қилди. Бош вазир Россия ва Эронни тилга олди.
Раманинг сўзларига кўра, намойишлар орасидаги талабалар уларга алоқаси бўлмаган, ниқоб таққан 200–300 кишилик кичик гуруҳ таъсирига тушиб қолган. У бу шахсларни тартибсизлик чиқаришга уринишда айблади.
Вазият сабаб Раманинг 19-октабрга белгиланган Венага сафари ва Австрия канслери Кристиан Штокер билан музокаралари бекор қилинди.
Намойишлар 13-октабр куни Тиранада бошланган. Дастлаб иштирокчилар университетлардаги муаммоларни, жумладан, таълим тўловларининг юқорилиги ва коррупсияни бартараф этишни талаб қилган.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги аралашув ҳақидаги айбловларни рад этди. Вазирлик расмий вакили Мария Захарова кўчаларга Албания фуқаролари чиққанини айтиб, Рамани ички муаммолар учун масъулиятни бошқаларга юкламасликка чақирди.
Россиянинг Тиранадаги элчихонаси эса намойишларга бевосита муносабат билдирмади, бироқ ўз фуқароларини эҳтиёткор бўлишга ва одамлар кўп тўпланадиган жойлардан узоқроқ юришга чақирди.

