Албанияда талабалар намойиши кенгайди - бош вазир истеъфоси талаб қилинмоқда
Албанияда таълим шароитларини яхшилаш ва ҳукуматга қарши талаблар билан бошланган талабалар намойишлари Тиранадан бошқа шаҳарларга ҳам ёйилди. Намойищилар бош вазир Эди Раманинг истеъфосини талаб қилмоқда. Полиция билан тўқнашувларда ўнлаб одамлар жароҳатланган ва қўлга олинган.

Албанияда талабалар намойиши кенгайиб, бош вазирнинг истеъфоси талаб қилинмоқда
ДВ хабар беришича, 15-октабр куни Тиранада намойищилар ва полиция ўртасида учинчи кун кетма-кет кескин тўқнашувлар юз берган. Норозилик аксиялари Шкодер, Корча ва мамлакат жанубидаги соҳил шаҳарларида ҳам ўтказилган.
Тиранада айрим намойищилар тош отган, дўконлар ойналарини синдирган, тўсиқлар қуриб, чиқинди қутиларини ёққан. Полиция уларга қарши сувпуркагичлар ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган.
Шкодерда шаҳар ҳокимияти биносининг ойналари синдирилган, ҳукмрон Социалистик партия ҳамда мухолифатдаги Демократик партия офислари тошбўрон қилинган. Корчада эса мактаб биноларининг ойналари синдирилиб, кўчалар тўсиб қўйилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 14-октабр куни шифохоналарда 89 кишига, жумладан, 61 нафар полиция ходимига тиббий ёрдам кўрсатилган. Полиция шу куни ходимлар, давлат идоралари ва мулкка ҳужумлар билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан 65 киши қўлга олинганини билдирган. Бир кун аввал яна ўн киши ушлангани хабар қилинган.
Намойиш қатнащилари юқори ўқиш тўловлари, университетлардаги ёмон шароитлар ва яшаш харажатларининг ошишидан норози. Улар 15-октабр куни бош вазирдан соат 13:00 гача истеъфога чиқишни талаб қилган. Ҳукумат бу талабга муносабат билдирмаган.
Эди Рама эса Тиранадаги университет кампусида ёниб кетган офисни кўздан кечиргани акс этган видеони эълон қилган. У вайронагарчиликларни талабалар қилганига шубҳа билдириб, зўравонлик учун мухолифатни айблаган.
Албанияда май охиридан буён ҳукуматга қарши норозилик аксиялари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Уларга туртки бўлган масалалардан бири — соҳилидаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудда ҳашаматли меҳмонхона қуриш режаси.
ДВ маълумотига кўра, лойиҳа Доналд Трампнинг қизи Иванка Трамп ва унинг турмуш ўртоғи Жаред Кушнер билан боғлиқ. Намойищилар лойиҳа юзасидан қарорлар қабул қилишда шаффофлик етишмаслиги ва эҳтимолий коррупсияга қарши ҳам чиқмоқда.

