Талаба қизлар контрактини тўлаб бериш тартиби маълум қилинди
Ўзбекистонда ҳар йили ҳар бир вилоятдан 150 нафар талаба хотин-қизнинг ўқиш контракти маҳаллий ҳокимликлар томонидан тўлаб берилади. Имтиёз кам таъминланган оилалар қизлари, етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар ҳамда айрим бошқа тоифадаги хотин-қизларга берилади.

Талаба қизларнинг контракт тўловларини қоплаш тартиби эълон қилинди.
Президентнинг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига биноан, талаба хотин-қизларнинг контракт пуллари маҳаллий ҳокимликлар томонидан қоплаб берилиши белгиланган.
Ушбу тартибга кўра, ҳар йили ҳар бир вилоятдан жами 150 нафар талаба хотин-қизнинг контракт тўлови қопланади.
Бу 150 нафар талабанинг 40 нафари биринчи курсда, қолган 100 нафари эса иккинчи ва ундан юқори курсларда ўқиётган талаба хотин-қизлар бўлиши шарт.
Мазкур имтиёздан "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри"га киритилган кам таъминланган оилаларнинг қизлари фойдаланишлари мумкин.
Бундан ташқари, етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талаба қизлар, шунингдек, вояга етмаган фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган ёки боқувчисини йўқотган аёлларнинг қизлари ҳам контракт тўловини қоплаш учун ариза беришлари мумкин.
Аммо бу имконият иккинчи мутахассислик бўйича таълим олаётганларга тааллуқли эмас.
Шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий ёки хусусий олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба хотин-қизларнинг контракт тўловлари ушбу тартиб асосида қопланмайди.

