“Табибимнинг ўзи ҳам бемор”: МИБ Фарғона вилояти бошқармаси устидан ижро иши қўзғатилди
МИБ Фарғона шаҳар бўлими давлат ижрочиси бюронинг Фарғона вилояти бошқармасига нисбатан ижро иши қўзғатди. Суд қарори билан бошқармадан фуқаро фойдасига 642 млн сўм мажбурий прогул учун иш ҳақи ва компенсация ундирилиши лозим.

“Табибимнинг ўзи ҳам бемор”: МИБ Фарғона вилояти бошқармасига нисбатан ижро иши очилди
Фарғонада МИБ фаолияти билан боғлиқ ноодатий ҳолат юз берди: бюронинг Фарғона шаҳар бўлими давлат ижрочиси вилоят бошқармасига қарши ижро иши қўзғатди.
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарорига кўра, мазкур иш МИБ Фарғона вилояти бошқармаси тафтищисининг ноқонуний ишдан бўшатилиши билан боғлиқ.
Даъвогар Асқар Юсупов 2020-йил 4-декабрдан МИБ Фарғона вилояти бошқармаси тафтищиси лавозимида ишлаган. У Бюро директорининг 2024-йил 8-июлдаги буйруғи билан лавозимидан озод қилинган. Кейин бошқарманинг 2024-йил 17-июлдаги буйруғига биноан хизматдан бўшатилган.
Асқар Юсупов Фарғона вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстансиясининг 2025-йил 3-декабрдаги ажрими билан хизматга тикланган. Бошқармадан унинг фойдасига 217 млн сўм иш ҳақи ва 15 млн сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланган. Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстансиясининг 2026-йил 24-февралдаги ажрими билан иш ҳақи 215 млн сўмга ўзгартирилган.
Даъвогар ҳозир хизматга тикланганини, бироқ унга лавозим ҳам, иш ҳақи ҳам берилмаганини билдирган. Шу сабаб у даъвони қаноатлантиришни, шунингдек, мажбурий прогул учун иш ҳақи ва иш ҳақи тўловлари кечиктирилгани учун компенсация ундиришни сўраган.
ФИБ Фарғона туманлараро судининг 2026-йил 20-июлдаги қарори билан қарздор МИБ Фарғона вилояти бошқармасидан даъвогар Асқар Юсупов фойдасига 78 млн сўм мажбурий прогул учун иш ҳақи ва 564,4 млн сўм компенсация ундириш белгиланган.
2026-йил 10-сентабрда МИБ Фарғона шаҳар бўлими давлат ижрочиси ушбу қарздорликни ундириш юзасидан МИБ Фарғона вилояти бошқармасига нисбатан ижро иши қўзғаган. Тартибга кўра, бошқармага ижро талабларини ихтиёрий бажариш учун 15 кунлик муддат берилган.
Бироқ ҳозирча бошқарма ижро талабларини бажармаган. Агар қарздорлик белгиланган муддатда ёпилмаса, давлат ижрочиси ўз раҳбариятига нисбатан таъсир чораларини қўллаши керак бўлади.

