Таълим ва фан вазирлиги ташкил этилди
Президентнинг 2026 йил 3 октябрдаги ПФ-213-сонли Фармони билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бирлаштирилиши назарда тутилган. Янги идора таълим ва фаннинг барча асосий йўналишларида ягона давлат сиёсати учун масъул бўлади.

Таълим ва фан вазирлиги ташкил этилди
Президент 03.10.2026 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Таълим ва фан вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги ПФ-213-сон Фармонни имзолади.
Янги вазирлик таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш учун масъул бўлган республика ижро этувчи ҳокимият органи этиб белгиланди. Унинг тасарруфига мактабгача таълим ва тарбия, умумий ўрта ва ўрта махсус, профессионал ва олий таълим, шунингдек, олий таълимдан кейинги тайёргарлик ўтказилади.
Таълим ва фан вазирлиги, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, қўшимча ва норасмий таълим масалаларини ҳам тартибга солади.
Янги идора ташкил этилишининг вазифаларидан бири узлуксиз таълимнинг ягона тизимини шакллантириш ва унинг босқичлари ўртасида янада жипсроқ ўзаро боғлиқликни таъминлашдан иборат. Хусусан, мактаб таълимининг профессионал ва олий таълим билан, олий таълимнинг эса илмий фаолият билан интеграциясини кучайтириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, вазирлик қайта ташкил этилган иккита идоранинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва шартномалари, шу жумладан халқаро битимлари бўйича ҳуқуқий вориси бўлади.
Вазирлар Маҳкамасига бир ҳафта муддатда Таълим ва фан вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги Президент қарори лойиҳасини тақдим этиш топширилди. Ҳужжатда янги идоранинг асосий вазифалари, унинг ташкилий тузилмаси ҳамда натижадорлик ва самарадорликка йўналтирилган бошқарув тамойиллари белгиланиши лозим.
Икки ой муддатда Таълим ва фан вазирлиги манфаатдор давлат органлари билан биргаликда қонунчиликка тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни тайёрлаши керак.
Ягона идоранинг ташкил этилиши таълим ва фан тизимини янада мувофиқлаштирилган ҳолда бошқаришни таъминлаш, инсон капиталини ривожлантириш ҳамда таълим тизимининг жамият олдидаги очиқлиги ва ҳисобдорлигини оширишга хизмат қилади.
Ҳужжат Қонунчилик маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 05.10.2026 йилдан кучга кирди.

