Иқтисодиёт

Сув тарифлари: нархлар нима учун ҳудудларга қараб фарқ қилади?

Тарифлар ўртасидаги фарқ, аввало, ҳудудларнинг табиий-географик шароити, сув манбаларининг жойлашуви, аҳоли зичлиги ва сувни етказиб

Сув тарифлари: нега нархлар ҳудудларга қараб фарқланади?

Таъкидланишича, ичимлик суви таъминоти ҳамда оқова сув хизматларининг барқарорлиги бевосита тарифларга боғлиқ. Чунки тариф хизмат таннархини қопламаса, корхоналар тармоқларни таъмирлаш, янгилаш ва модернизация қилиш учун етарли маблағга эга бўлмайди.

Тарифлар нега ҳудудларда турлича?

Тарифлар ўртасидаги тафовут, аввало, ҳудудларнинг табиий-географик шароити, сув манбаларининг жойлашуви, аҳоли зичлиги ва сувни етказиб бериш учун сарфланадиган харажатлар билан изоҳланади.

Масалан, тоғолди ҳудудларида сув манбалари яқин бўлгани сабабли уни олиш ва тозалаш харажатлари нисбатан паст бўлади. Чўл ҳудудларида эса маҳаллий сув манбалари кам ва кўпинча шўрланган бўлади. Аҳоли зичлиги ҳам сув таннархига таъсир кўрсатади. Шаҳарларда бир километр қувур юзлаб хонадонга хизмат қилса, қишлоқларда бу кўрсаткич анча кам. Шу боис узун қувурларга хизмат кўрсатиш, таъмирлаш ва сувни насослар орқали етказиш харажатлари ошади.

Маълум қилинишича, бир куб метр ичимлик суви таннархида электр энергияси харажатлари 27 фоизни, иш ҳақи 29 фоизни, мукаммал ва жорий таъмирлаш 10 фоизни, хорижий молия ташкилотларидан олинган кредитларни қайтариш 15 фоизни, амортизация ва бошқа харажатлар эса 19 фоизни ташкил этади.

Амалдаги тарифлар ва уларнинг ошиш сабаблари

Республика бўйича аҳоли учун ичимлик сувининг ўртача тарифи бир куб метр учун 3 765 сўмни (ҚҚС билан 4 217 сўм), оқова сув чиқариш хизмати тарифи эса 2 008 сўмни ташкил этади.

Энг паст ичимлик суви тарифи Тошкент шаҳрида — 1 400 сўм. Ушбу тариф 2023-йил декабрдан бери ўзгармаган. Энг юқори тариф эса Сурхондарё вилоятида бўлиб, 6 800 сўмга тенг.

Матбуот анжуманида тарифларни қайта кўриб чиқиш зарурати ҳам қайд этилди. Сўнгги йилларда сув таннархи билан амалдаги тарифлар ўртасидаги фарқ кенгайган. Бунга, асосан, электр энергияси нархининг ошиши, эскирган тармоқларни таъмирлаш харажатларининг кўпайиши ҳамда халқаро молия институтларидан олинган кредитлар бўйича мажбуриятлар сабаб бўлмоқда.

Қарздорлик 542,6 миллиард сўмга етган

Анжуманда истеъмолчиларнинг тўлов интизоми масаласи ҳам кўтарилди. 2026-йил октябр ҳолатига «Ўзсувтаъминот» АЖ тизимидаги жами қарздорлик 542,6 миллиард сўмни ташкил этган.

Шунингдек, 2027-йил 1-январдан қарздорликни ундириш тартибига ўзгартиш киритилиши маълум қилинди. Унга кўра, қарздорлик базавий ҳисоблаш миқдорининг минг бараваригача бўлса, нотариус орқали, ундан ортиқ бўлса, суд тартибида ундирилади. Қарздорлик белгиланган тартибда бартараф этилмаган тақдирдагина истеъмолчининг электр энергияси учун тўловларни амалга ошириш имконияти чекланиши мумкин. Мазкур тартиб Ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган оилаларга нисбатан қўлланилмайди.

2027 йилдан тарифларни тасдиқлаш тартиби ўзгаради

Матбуот анжуманида соҳадаги истиқболли режалар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–140-сон Фармонига мувофиқ, 2027-йил 1 январдан ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари тарифларини тасдиқлаш ваколати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига ўтказилади.

Янги тартибга кўра, тарифлар ҳар бир ҳудудда алоҳида эмас, балки ягона ва иқтисодий асосланган мезонлар асосида кўриб чиқилади. 2027-йил 1 апрелдан эса буджет ташкилотлари учун ягона тариф жорий этиш режалаштирилган.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш ҳамда ҳозир сайтни нечта одам ўқиётганини санаш учун cookie файлларидан фойдаланамиз — бу ҳисоб аноним, фақат браузерингиз очиқ турганда сақланади ва на сиз билан, на бошқа ташриф билан боғланмайди. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сизни ташрифлар орасида танийдиган ҳеч нарса сиз қабул қилмагунингизча ўлчанмайди.