Сув остидаги кураш ва балиқларнинг «рақси»: йилнинг совринли суратлари эълон қилинди
Сиена Интернатионал Пҳото Авардс - СИПА 2026 танловининг «Сувости ҳаёти» йўналишидаги энг яхши суратлар эълон қилинди. Биринчи ўрин Нур Такернинг балиқ учун талашаётган денгиз қушлари акс этган «Океандаги талатўп» суратига насиб этди.

Сув остидаги кураш ва балиқларнинг «рақси»: йилнинг совринли суратлари эълон қилинди
Ғолиб суратда шимолий олушалар балиқчилар ташлаб юборган балиқларни тутиш учун сув остида олишаётган кураш акс этган. Ҳаводан шиддат билан шўнғиган қушлар тўлқинлар остида озуқа учун талашади. Бу кадр инсоннинг балиқчилик фаолияти ёввойи ҳайвонлар хатти-ҳаракатларига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлигига эътиборни қаратади.
Иккинчи ўрин Линда Несснинг «Акулалар дарвозаси» суратига насиб этди. Кадр Жанубий Африканинг Транскей соҳиллари яқинида сардиналарнинг ҳар йили бўладиган оммавий кўчиши пайтида олинган. Унда акула зич балиқ тўдаси орасида озиқланаётгани тасвирланган.
Учинчи ўрин Люк Румуаннинг «Мандаринка балиқларининг жуфтлашиш рақси» суратига берилди. Фотограф 2025-йил декабрида Лембех бўғозида икки ҳафта давомида сувости оламини кузатган.
Ёрқин рангли мандаринка балиқларининг жуфтлашиш маросими шом пайтида юз беради. Улар маржонлар орасидан жуфт бўлиб чиқиб, қисқа муддат сув қатламига кўтарилади ва яна яширинади. Кўплаб уринишлар ва узоқ кутишдан кейин фотограф ана шу ўткинчи лаҳзани суратга олишга муваффақ бўлган.
Ҳакамлар юқори баҳолаган ишлар орасида Ромен Баратнинг «Яна балиқ овига» сурати ҳам бор. Унда Антарктиканинг Порт-Шарко буруни яқинида муздек сувни ёриб сузаётган пингвинлар гуруҳи акс этган.
Ноам Кортлернинг «Оғир юк» сурати Филиппиндаги Моалбоал яқинида олинган. Кадрда бисса денгиз тошбақаси миллионлаб сардиналар тўдаси ёнида сузмоқда. Суратдаги ракурс сабаб тошбақа гўё бутун балиқ тўдасини косаси устида кўтариб кетаётгандек кўринади.

