«Тюленнинг даҳшати» экологик фототанловнинг бош совринини олди
Норвегиялик ёввойи табиат фотографи Аудун Рикардсеннинг «Тюленнинг даҳшати» сурати Оур Натуре Энвиронментал Пҳото & Видео Авардс 2026 танловида бош совринга сазовор бўлди. Сув остидан олинган кадрда оқ айиқ Арктика музларидаги очиқ жойдан камерага тўғри қараб тургани акс этган.

«Тюленнинг даҳшати» экологик фототанловнинг бош совринини қўлга киритди
Танлов табиат ҳамда инсоннинг атроф-муҳит билан муносабатларини ёритувчи фото ва видео ҳикояларга бағишланган. Бу йил совринга сазовор бўлган ишлар орасида ҳайвонларни қутқариш, тунги ўрмон ҳаёти ва қайта тикланувчи энергия мавзуларидаги суратлар ҳам бор.
Белгиялик ҳужжатли фотограф Ален Шредер «Орангутанларни қутқариш» туркуми учун энг яхши фотоҳикоя мукофотига сазовор бўлди. Индонезиянинг Суматра оролида олинган суратларда табиий яшаш муҳитининг йўқолиши, одамлар билан тўқнашувлар ва ёввойи ҳайвонларнинг ноқонуний савдосидан жабрланган орангутанларга ёрдам бериш жараёни акс этган.
Туркумда шошилинч ёрдам, ветеринария муолажалари, реабилитация ва ҳайвонларни ёввойи табиатга қайтаришга тайёрлаш босқичлари тасвирланган. Суратлар бу жараённинг мураккаблигини ва табиатни муҳофаза қилувчи мутахассислар меҳнатини кўрсатади.
«Соф табиат - ҳаво» йўналишида Ян Поклуданинг қизилиштон ва унинг полапони тасвирланган сурати ғолиб бўлди. Қуш кекса эман ковагидаги боласига озуқа олиб қайтган лаҳза суратга олинган. Уянинг одатдагидан паст жойлашгани фотографга бу манзарани камёб ракурсдан тасвирлаш имконини берган.
«Карпат ҳавзаси» йўналишида Имре Потонинг тунги ўрмон сурати эътироф этилди. Фотограф 108 сониялик узоқ экспозиция ёрдамида ой ёритган ўрмон фонида капалаклар парвозининг ёруғ изларини акс эттирган.

