Сурхондарёда Қизил китобга киритилган айиқ ва тўнғизларни ноқонуний овлаганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди
Ёввойи ҳайвонлар ноқонуний овланганлиги натижасида ҳайвонот дунёсига 679 млн 800 минг сўм моддий зарар етказилган.

Сурхондарёда Қизил китобга киритилган айиқ ва тўнғизларни ноқонуний овлаган шахсларга нисбатан жиноят иши очилди
Самарқанд ва Сурхондарё вилоятлари Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган рейд чоғида “Нива Легенд” русумли автомашина тўхтатилиб, текширилганда унинг юкхонасидаги 8 та қопда бир бош айиқ ва 3 бош ёввойи чўчқанинг тана бўлаклари аниқланган.
Шунингдек, машинада беш дона турли русумдаги стволли ов қуроллари, ўқ-дорилар, дурбинлар, овоз пасайтирувчи мосламалар (глушител), пичоқлар, фонарлар, болта ва бошқа буюмлар борлиги маълум бўлган.
Ҳуқуқбузарлар Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани ҳудудида Қизил китобга киритилган Тян-Шан қўнғир айиғи ва 3 бош тўнғизни ноқонуний овлагани оқибатида ҳайвонот дунёсига 679 млн 800 минг сўм миқдорида моддий зарар етказган.
Хабарга кўра, ов қуроллари, ўқ-дорилар, рухсатномалар ва овчилик гувоҳномалари вақтинча сақлаш учун Самарқанд вилояти ИИБга топширилган, транспорт воситаси эса жарима майдончасига жойлаштирилган.
Ҳуқуқбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 202-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

