Сурхондарёда пиёз нархи 4–4,5 минг сўмга етди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги сабабларини тушунтирди
Пиёз нархининг ошишига транспорт харажатлари, мавсумий омиллар ва айрим савдогарларнинг 50 фоизгача етаётган устамаси таъсир қилмоқда. Мамлакатда пиёз етиштириш ҳажми ички эҳтиёждан 35 фоизга юқори бўлиши кутилмоқда.

Сурхондарёда пиёзнинг нархи 4–4,5 минг сўмга чиқди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бунга изоҳ берди
Сурхондарё вилояти бозорларида бир килограмм пиёз 4–4,5 минг сўмдан сотилмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ижтимоий тармоқларда пиёз қимматлашгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб, нарх ошишининг сабабларини тушунтирди.
Вазирлик берган маълумотга кўра, 2026-йилда Ўзбекистонда 1,5 миллион тонна пиёз етиштирилиши ҳисоб-китоб қилинган. Бу аҳолининг тиббий меъёрлар асосидаги истеъмол эҳтиёжидан 400 минг тонна ёки 35 фоизга кўп.
Жорий йилнинг илк тўққиз ойида Сурхондарё вилоятида 387,1 минг тонна пиёз етиштирилган. Шундан 120 минг тоннаси аҳолининг истеъмоли учун йўналтирилган, 46 минг тоннаси экспорт қилинган, қолган қисми эса бошқа ҳудудларга юборилган.
Вазирликка кўра, Сурхондарёнинг тупроқ-иқлим шароити пиёзни асосан апрел–май ойларида етиштиришга мос. Ёздаги юқори ҳарорат сабаб октабр–ноябр ойларида пишадиган кечки пиёз катта майдонларда кам экилади.
Ҳозир вилоятда 2026-йил ҳосили учун етиштирилган пиёз далаларда қолмаган. Шу боис маҳаллий бозорлар Жиззах ва Самарқанд вилоятларидан олиб келинаётган маҳсулотлар ҳисобидан таъминланмоқда.
### Пиёз нархи қандай шаклланмоқда?
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, Жиззах вилоятида деҳқонлардан пиёзнинг бир килограмми 2 600–3 300 сўмдан, Самарқандда эса 2 800–3 000 сўмдан харид қилинмоқда.
Ушбу ҳудудлардан Сурхондарёга бир килограмм юкни ташиш харажати 350–370 сўмни ташкил этмоқда. Жумладан, 20 тонна маҳсулотни етказиб бериш 7 миллион сўмгача, 10 тоннани ташиш эса 3,8–4 миллион сўмгача тушмоқда.
Транспорт харажатлари қўшилгач, пиёзнинг етказиб бериш таннархи Жиззахдан олиб келинганда 2 950–3 650 сўмни, Самарқанддан олиб келинганда 3 150–3 350 сўмни ташкил этмоқда. Денов туманига етказилган маҳсулот таннархи эса 3 400–3 500 сўмга етмоқда.
Вазирлик айрим ҳолатларда маҳсулот таннархи билан чакана сотув нархи ўртасида сезиларли фарқ борлигини қайд этди.
Масалан, 2 600 сўмдан харид қилинган пиёзга 350 сўм транспорт харажати қўшилганда таннарх 2 950 сўм бўлади. Маҳсулот бозорда 4 500 сўмдан сотилса, ўртадаги фарқ 1 550 сўм ёки таннархга нисбатан 52,5 фоизга тенг бўлади.
Яна бир ҳолатда 3 650 сўм таннархга эга пиёз 4 минг сўмдан сотилганда фарқ 350 сўм ёки 9,6 фоизни ташкил қилади.
Вазирлик нарх ошишига мавсумий омиллар, ёқилғи-мойлаш материаллари ҳамда транспорт-логистика хизматларининг қимматлиги билан бирга, олиб-сотар тадбиркорларнинг 25–50 фоизгача етаётган савдо устамаси ҳам таъсир қилаётганини маълум қилди.
Бундан ташқари, аҳолининг пиёзни арзон пайтида кўпроқ харид қилиб, захира қилишга интилиши ҳам талаб ва нархларнинг ошишига таъсир кўрсатмоқда.
### Қиш мавсуми учун 102,8 минг тонна пиёз захираланади
Маълум қилинишича, 2026–2027-йиллар қиш-баҳор мавсуми учун республика бўйича жами 102,8 минг тонна пиёзни захирага жамғариш ишлари ташкил этилмоқда. Шундан 2 750 тоннаси Сурхондарё вилоятига тўғри келади.
Ҳозирда Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва водий вилоятларида пиёз ҳосилини йиғиб олиш ишлари давом этмоқда. Вазирлик захирадаги маҳсулотларни ички бозорга чиқариш ҳамда махсус савдо расталарида арзонлаштирилган нархларда сотиш имконияти мавжудлигини билдирди.
Шунингдек, пиёз нархини сунъий оширишга уринаётган айрим шахслар ва тадбиркорлар огоҳлантирилди. Маҳсулотни қимматроқ сотиш мақсадида омборларда ушлаб туриш унинг вазни камайиши ва сифати бузилиши оқибатида зарар келтириши мумкинлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026-йил сентабр ойида Ўзбекистонда пиёз нархи ўртача 2,6 фоизга ошган. Шу ойда умумий инфляция 0,7 фоизни, йиллик инфляция эса 6,4 фоизни ташкил этган.

