Маҳаллий

“Вагонга минган одам Тошкентга боргунча касал бўлиб қоляпти” — Сурхондарё вилояти ҳокими

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳудудларда инвестиция лойиҳалари ва қурилиш ишларини кўздан кечириш чоғида транспорт тизимидаги жиддий муаммолар, хусусан, поезд ва вагонлардаги ёмон шароитлар ҳамда авиачипталар нархининг асоссиз оширилганини кескин танқид қилди.

Ҳоким Сурхондарёни Тошкент билан боғловчи асосий магистрал йўлнинг ҳолатига тўхталиб, ҳайдовчилар дуч келаётган қийинчиликларни таъкидлади. “Сурхондарё аҳолисини Тошкент билан боғловчи М39 йўлини ҳамма яхши билади. Бойсундан ўтгандан кейин юриб бўлмайди. Таксиларимиз додлаб юборяпти. Автобусчилар додлаб юборяпти. Юзига қарашга кўзимиз қолмади”, — деди Улуғбек Қосимов.

Темир йўл транспортида йўловчилар учун яратилган шароитлар танқид остига олиниб, вагонлардаги ҳолат ва Сариосиё йўналишидаги поездларнинг аҳволи қаттиқ қораланди. “Темир йўлда умуман шароит йўқ. Вагонга минган одам Тошкентга боргунча касал бўлиб қоляпти. На совитиш тизими ишлайди, на шароит бор. На билет бор, на вокзалда шароит бор. Сариосиёга қатнайдиган Термиздан шаҳар атрофи поездларига одам ташиб бўлмайди унинг ичида”, — деди вилоят раҳбари.

Ҳоким бу жараёнда транспорт прокуратураси ва масъул идораларнинг эътиборсизлигини кескин танқид қилиб, транспорт прокурорини ҳолатга томошабин бўлиб турмасликка чақирди.

Шунингдек, авиация соҳасида монополияга йўл қўйилаётгани ва чипта топишдаги сунъий тўсиқлар ҳам танқидлар марказида бўлди. “Авиачипталар савдоси умуман шарманда аҳволда. Нархи икки баравар бўлиб кетган. Монополия (Антимонополия идораси назарда тутилмоқда — таҳр.) деган ташкилот томошабин. Қандай борсин камбағал одам? Бу билет нархига қараб бўлмайди. Умуман таниш-билишсиз билет топиб бўлмайди”, — дея таъкидлади Улуғбек Қосимов.

Шунингдек, чипта сотиш жараёнларини рақамлаштириш ва шаффоф қилиш бўйича топшириқ берилди.

Вилоят раҳбари масъулларга соҳадаги камчиликларни бартараф этиш бўйича қатъий муддат белгилаб берди ва келгуси ҳафта бошида шахсан ўзи вокзалларни бирма-бир кўздан кечиришини маълум қилди.

Унга кўра, монополия ва масъул ташкилотлар чипта савдосини тўлиқ ўрганиб чиқиб, уни адолатли ва шаффоф тизимга ўтказиши, шунингдек, сунъий тўсиқлар ҳамда ошириб юборилган нархларга чек қўйиши шарт. Кассирларнинг ўзбошимчалигига ва таниш-билищилик орқали чипта сотилишига йўл қўйилмаслиги таъкидланди.

Ҳоким келаси ҳафта душанба куни тонгда вокзалга бориб, Тошкент йўналишидаги поезд составларини, Сариосиёга қатнайдиган шаҳар атрофи поездлари ҳамда аеропортларнинг аҳволини, жумладан, уларнинг ҳожатхоналаригача бўлган барча шароитларини шахсан текширишини билдирди. Вилоят раҳбари бир ҳафта ичида барча вагонлар зарур жиҳозлар билан таъминланиб, халқ учун муносиб шароит яратилиши лозимлигини қатъий талаб қилди.

xabarchi’да cookie файллари

Тил ва мавзу танловингизни эслаб қолиш учун cookie файлларидан фойдаланамиз. Рухсатингиз билан сайт қандай ўқилишини ҳам ўлчаймиз: Microsoft Clarity саҳифа кўришлари ва улардаги ҳаракатларни ёзиб боради, ўз ҳисобимиз эса қайтган ўқувчиларни санайди. Сиз қабул қилмагунингизча ҳеч нарса ўлчанмайди.