Супермаркет музлаткичлари нега интернетга уланади?
Европада юз берган сўнгги киберҳужумлар озиқ-овқат тармоқларига юз минглаб евро зарар келтирди. Масофадан бошқариш имконияти усталар ишини енгиллаштиради, аммо тизимни ҳакерлар учун очиқ қолдирмоқда.

**Супермаркет музлаткичлари нега интернетга уланади?**
Европанинг олтита мамлакатидаги супермаркет музлаткичлари 2-ноябр куни киберҳужумга учради. Хусусан, Белгияда бу ҳужум дўконларни тахминан 100 минг евролик озиқ-овқат маҳсулотларини ташлаб юборишга мажбур қилди. Хўш, нега музлаткичлар интернетга уланади? Қуйида шу саволга жавоб берилади.
Белгияда киберҳужумдан 40 га яқин Делҳаизе супермаркетлари, камида 15 та Саррефоур дўкони, бешта Спар дўкони ва Де Лает эн Ван Ҳавер қассоблик гуруҳи зарар кўрди. Маҳаллий ОАВ хабарига кўра, совиткичлардаги ҳарорат ҳатто 70°С гача кўтарилиб кетган. Бундан ташқари, Эстония, Швеция, Люксембург, Ирландия ва Нидерландияда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар қайд этилди.
Савол туғилади: нима учун биров дўкон ичида бўлмасдан туриб, супермаркет совиткичи ёки музлаткичини бошқара олади? Совитгичлар нега интернетга уланади?
Йирик супермаркетларнинг совитиш тизимлари марказий бошқарув блоклари орқали ишлайди. Бу блоклар дўкондаги ҳар бир совиткич ва музлаткичнинг ҳароратини, муз эритиш сиклларини ҳамда огоҳлантириш сигналларини назорат қилади.
Форессоут киберхавфсизлик фирмасининг октябр ойида эълон қилинган тадқиқотига кўра, бу блокларни интернетга улаш узоқ вақтдан бери қўллаб-қувватланадиган имконият ҳисобланади. Бу усул совитиш техникларига ҳар бир дўконга бориб ўтирмасдан, носозликларни масофадан аниқлаш ва созламаларни ўзгартириш имконини беради.
Европадаги асосий етказиб берувчилардан бири бўлган Данфосс компаниясининг айтишича, совитиш назоратини интернетга улаш муҳандисларнинг ортиқча ташрифларини 15 фоиздан 30 фоизгача камайтиради. Чунки айрим носозликларни масофадан туриб тузатиш мумкин. Натижада ходимлар ҳар бир совитгични кунига тўрт мартагача шахсан текширишига ҳожат қолмайди.
Музлаткич ишлаб чиқарувчиларнинг йўриқномаларида тизимни интернетга қандай улаш ва масофадан киришни созлаш аниқ кўрсатилган. Масалан, у ерда дўкон роутерини совитиш мосламасига интернет орқали уланадиган қилиб созлаш тартиби тушунтирилган.
Форессоут компаниясига кўра, асосий муаммо масъулиятнинг бўлинганидадир. Дастурий таъминотни пудратчи бошқариши, ускуналар дўконга тегишли бўлиши ва интернет уланишини унинг ИТ бўлими юритиши мумкин. Вазифалар аниқ тақсимланмагунча, ҳеч бир томон интернетга уланган, ҳимоясиз ва очиқ бу тизимни тўлиқ назорат қила олмайди ёки кўриб тура олмайди.
Баъзи ускуналар эса эски. Киберҳужумга учраган Данфосс контроллерларидан бирига 2021-йил май ойидан бери хизмат кўрсатиш тўхтатилган. Шу сабабли у хавфсизлик янгиланишларини ололмайди ва бунинг оқибатида ташқи қурилмалардан бузиб кириш имконияти пайдо бўлган.
**Хавф кўлами қанчалик катта?**
Форессоут экспертлари интернетга уланган қурилмаларни аниқловчи махсус қидирув тизими (Шодан) орқали текширув ўтказди. Натижада 99 та мамлакатдаги 6017 та интернет манзилида 13 мингга яқин совитиш тизими интернетга мутлақо ҳимоясиз уланиб тургани аниқланди.
Данфосс музлаткич тизимларининг 80 фоизида эски дастур ишламоқда. Улардаги хавфсизлик камчиликлари ҳали тузатилмаган. Бу рақамлар бузиб кирилган тизимларни эмас, балки киберҳужум учун очиқ ва ҳимоясиз турган тизимларни кўрсатади.
Хавф фақат супермаркетлар билан чекланмайди. Худди шундай тизимлар озиқ-овқатни қайта ишлаш саноатида, виночилик корхоналарида, мева омборларида, фермаларда ва касалхоналарнинг совитиш ускуналарида ҳам қўлланилади.
Ҳужумчиларга мураккаб зарарли дастурлар керак бўлмайди. Тизим ичига киргач, улар одатий функсиялардан фойдаланиб ҳароратни ўзгартириши, муз эритишни ишга тушириши ёки огоҳлантириш сигналларини ўчириб қўйиши мумкин. Форессоут бундай ўзгаришлар одатий иш жараёнига ўхшаб кўринишини қайд этади.
Форессоутънинг асосий тавсияси совитиш тизимларини очиқ интернетдан узиб қўйиш ва усталарга фақат махсус хавфсиз йўллар орқали рухсат беришдир. Шунингдек, экспертлар янгиланмайдиган эски қурилмаларни алмаштиришни сўрамоқда. Улар умумий пароллардан воз кечиб, ҳар бир ходимга шахсий логин-парол беришни ва тизимга ким кирганини ёзиб боришни тавсия қилмоқда.

