Бельгия ва Швециядаги супермаркет музлатгичлари киберҳужум гумонига учради
Швециядаги дўконлардан бирининг маълум қилишича, ундаги музлатгичлар ҳарорати 50 C (122F) га созланган бўлган.

Бельгия ва Швециядаги супермаркет музлатгичлари эҳтимолий киберҳужумга учради
Бельгия ва Швециядаги ўнлаб супермаркетлар музлатгич ва совутгичларини нишонга олган эҳтимолий киберҳужумдан азият чекди.
Бельгияда 40 га яқин Delhaize супермаркети ва 15 та Carrefour дўкони зарар кўрган бўлса, Швециядаги бир нечта ICA ва Coop дўконларига ҳам таъсир етди. Ирландиядаги 13 та SuperValu дўкони ҳам шу каби муаммога дуч келди.
Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, минглаб евролик озиқ-овқат маҳсулотларини ташлаб юборишга мажбур бўлинган. Швециядаги ICA дўконларидан бири унинг музлатгичларидаги ҳарорат 50 C (122F) га созлаб қўйилганини маълум қилди.
Ҳужум учун ким жавобгар экани ҳозирча номаълум. Ушбу ҳодиса ўтган ойда Франциядаги юзлаб супермаркетларга таъсир кўрсатган шу каби воқеадан сўнг содир бўлди.
Бельгиянинг энг йирик супермаркетлар тармоқларидан бири бўлмиш Delhaize маҳаллий ОАВга 40 та дўконда тунда "компьютер ҳодисаси" юз берганини айтди.
Францияга тегишли Carrefour супермаркетлар гуруҳи Бельгиядаги 15 та дўконида юз берган ҳодисани "ҳозирда таҳлил қилаётганини" маълум қилди.
Швециядаги ICA вакилининг айтишича, ушбу ҳодиса "ICA марказий тармоғидан ташқарида фаолият юритадиган кам сонли ICA дўконларига" таъсир қилган.
"ICA ҳозирда жабрланган дўконларга вазиятни бартараф этишда ёрдам бермоқда", деди улар.
Швеция жанубидаги Шёбу шаҳрида жойлашган IVA филиалларидан бири ижтимоий тармоқларда шундай деб ёзди: "Совутгич ва музлатгичларимиз тунда бузиб кирилган ва улар ҳароратни 50 даражага созлаб қўйишган."
Дўкон аввалроқ ёпилган эди, аммо кейинчалик харидорлар учун қайта очилди.
Швециядаги 800 та Coop дўконидан еттитаси ҳам зарар кўрган, аммо "вазият ҳозирда жиловланган ва назорат остида", деб маълум қилди компания BBC га.

