Судяликка номзодлар учун ёш сензи 35 ёшдан 30 ёшга туширилиши мумкин
Судялик лавозимига номзодлар учун ёш сензини 35 ёшдан 30 ёшга тушириш таклиф этилмоқда. Шунингдек, судяларни дастлаб 5 йилга, кейин муддациз тайинлаш ва истеъфодаги судяларга профессионал медиаторлик билан шуғулланиш ҳуқуқини бериш кўзда тутилмоқда.

Судяликка номзодлар учун ёш сензини 35 ёшдан 30 ёшга тушириш мумкин
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 8-сентабр куни ўтказилган мажлисида “Судяларнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Қонун лойиҳасида судялик лавозимига номзодлар учун айрим талабларни қайта кўриб чиқиш таклиф этилмоқда. Жумладан, судялар ва халқ маслаҳатчилари учун ёш сензини 35 ёшдан 30 ёшга тушириш назарда тутилган.
Шунингдек, судяни аввал 5 йилга, кейин эса муддациз муддатга тайинлаш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Судя, суд раиси ва раис ўринбосари лавозимларига қўйиладиган талаблар ҳам кучайтирилади.
Лойиҳада судялар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга доир нормалар ҳам белгиланган.
“Истеъфодаги судя” институтини жорий этиш ҳам кўзда тутилган бўлиб, бундай судяларга профессионал медиаторлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқи берилиши мумкин.
Бундан ташқари, Олий суд ва қуйи судлар аппарати фаолиятини самарали ташкил этишга қаратилган бир қатор нормалар ҳам киритилмоқда.
Мажлис якунида қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Уни иккинчи ўқишга тайёрлашда депутатлар билдирган таклиф ва тавсиялар инобатга олиниши таъкидланди.

