Ўзбекистонда тергов судяларига янги ваколатлар берилади

Ўзбекистонда тергов судяларига 2027-йил 1-июлдан бошлаб янги ваколатлар берилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Одил судлов – 2030” стратегиясини амалга оширишга қаратилган президент фармонида белгиланган.
Ушбу ўзгаришларга кўра, тергов судялари шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини, шунингдек, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарлилигини текшириш ҳуқуқига эга бўлади.
Фармонда жиноят процессининг судга қадар иш юритиш босқичида “асосли гумон” — Прима Фасие халқаро стандартини жорий этиш кўзда тутилган. Тергов судяси процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ёки бунга санксия бериш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқишда шахсни ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилигини текширади.
Шунингдек, гумон қилиш ёки айблов эълон қилиш учун асослар етарли эмаслиги юзасидан шубҳа туғилган тақдирда, тергов сири таъминланган ҳолда қўшимча ҳужжатларни талаб қилиш ваколати ҳам берилади.
Фармонда мазкур ваколатларни тергов судяларига беришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини тайёрлаш ва киритиш вазифаси ҳам белгиланган. Шу билан бирга, шахснинг конституциявий ҳуқуқларини бевосита чеклаш билан боғлиқ тезкор-қидирув тадбирларига санксияни судлар томонидан бериш масаласини қонунчиликда мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Мазкур ўзгаришлар тергов ва суриштирув босқичида шахсларнинг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмларини кучайтиришга қаратилган. Фармонда бу йўналиш “инсон ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилувчи халқчил ва адолатли суд тизими”ни барпо этиш стратегиясининг бир қисми сифатида белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг натижалари ва соҳадаги устувор вазифаларни муҳокама қилиш юзасидан суд тизими раҳбарлари билан учрашганди. Унда судлар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган “Одил судлов – 2030” стратегияси лойиҳаси тақдим этилган.

